среда, 28 февраля 2018 г.

ҚИЗЛАРГА “SPARK” АВТОМОБИЛИ

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосанилк маротаба "Ёш китобхон" танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда маҳаллий ва ҳудудий босқичлардан муваффақиятли ўтган йигит-қизлар Президентимизнинг совғаси - "Spark" автомобилини қўлга киритиш учун билимларини синовдан ўтказдилар. Республика босқичи беллашувларида вилоятимиз вакили, Мирзаобод туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Ёрқинжон Ҳайитбоев ҳам иштирок этди.
14 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўқувчилар "Маънавий-маърифий китоблар билимдони", "Бадиий китоблар билимдони, "Мен севган адиб", "Шеърият" каби шартларга кўра      100 балли тизим асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, самарқандлик Моҳинисо Шомуродова 252.25 балл тўплаб, "Spark" автомобилига эга чиқди. Хоразмлик имконияти чекланган Умиджон Қутлимуродов эса 245 балл жамғариб, компьютер жамланмаси, моноблок ва принтерни қўлга киритди. Бухоролик Нодира Миродуллаева 221.75 балл йиғиб, 200 дона китоб тўпламига лойиқ топилди.
20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги баҳслар ҳам мунозараларга бой тарзда кечди. 
Танлов натижаларига кўра, фарғоналик Шарофатхон Исмоилова 270.05 балл билан 1-ўринни эгаллаб, иккинчи "Spark" автомобилини қўлга киритди. Қашқадарёлик Абдилазиз Қурбонов 217.75 балл билан 2-поғонани эгаллади ва унга компьютер жамланмаси, моноблок ва принтери совға қилинди. Тошкент шаҳридан Сарвиноз Саксонова эса 200 балл жамғариб, шахсий  кутубхонасини 200 дона китоб тўплами билан бойитди.
Билимдон ва китобхон тенгдошлардан ўрнак олсак арзийди. Қани, ўзингизни синаб кўринг, ким қанча китоб ўқиб, билимини бойитаолади.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

ЎЗИМИЗНИНГ “КУМУШБИБИ” ҚЎҒИРЧОҚ

Жиянимнинг туғилган кунига катта қўғирчоқ ҳадя қилишни ният қилиб, шаҳримиздаги ўйинчоқ дўконлари томон йўл олдим. Дўконларда бир-биридан фарқ қилувчи турли хил катта кичикликдаги қўғирчоқларни кўздан кечирар эканман, ишбилармон тадбиркорларнинг уддабуронлигига қойил қолдим. Бироқ, миллий қўғирчоқлар ўрнига ғарбона кўринишдагилари кўплиги дилимни сиёҳ қилди. Ҳатто “Камолахон” номли қўғирчоқнинг ҳам сочлари сап-сариқ. Шунақаси ҳам бўлар экан: номи ўзбекча, қиёфаси европача. Сотувчилардан сочи ва қош-кўзи қора қўғирчоқ сўрасам, елка қизишдан нарига ўтишмади. Миллий қўғирчоқ тополмасдан  уйга  қайтдим...

МАСЛАҲАТЧИЛАР БЕЛЛАШДИЛАР

Гулистон шаҳридаги 1-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Энг фаол кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда Фуқарорларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят Кенгаши ҳамкорликда ташкил этилган мазкур кўрик-танловда туман-шаҳар саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 11 нафар иштирокчи ўзаро белашди.

ЛОҚАЙД БЎЛМАЙЛИК

Шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг бирига чиқдим. Манзилга етгунимга қадар кетадиган ўн-ўн беш дақиқалик вақтимдан унумли фойдаланиш мақсадида янги харид қилган газетани қўлимга олиб, ўқий бошладим. Одатим шунақа, янги газетани чанқаган одамдек варақлайман. Ёнимда ўтирган аёл менга қарата гап қотди:

ДЎППИ КИЯМИЗ!

Ижтимоий тармоқларнинг салбий томонлари ҳақида кўп гапирилади. Бир ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек, ёшларнинг навбатдаги акцияси қизиқарли кечди. Ноанъанавий #дўппи киямиз, #дўппи, #doppikiyamiz, #dõppi, #doppi ҳештегларида дўппи кийишга чорлов кўпчилик фойдаланувчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлди. Тез орада бу чақирув елдек учиб, барча вилоятларимизни, ҳатто хориждаги юртдошларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Фойдаланувчилар дўппи кийган расмларини жойлар экан, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрларни ёзиб қолдиришган:
Қайга бормай бошда дўппим,
Ғоз юрарман, гердайиб.
Олам узра номи кетган,
Ўзбекистон, ўзбегим.

КИМНИНГ ТЎЙИ ЧИРОЙЛИ?

Халқимизда “топганинг тўйларга буюрсин”, деган ажойиб нақл бор. Дарвоқе, ўзбекнинг  ҳар куни, ҳар куни тантана. Яқинда бир танишимизнинг яхши ният билан қилган тўйига бордик. Никоҳ базмида хонандалар галма-гал шўх қўшиқ айтиб, даврани қиздиргандан-қиздиришарди. Кутилмаганда тўйхонада чироқ ўчиб қолди. Гурра-гурра рақсга тушаётганлар  жой-жойига тарқалишди. Аллақандай сокинлик ҳукм суриб қолганида доиранинг жаранги ҳамманинг эътиборини тортди. Ана энди томошани кўринг, ёши каттароқ онахонлар доира оҳангига мос ҳолда рақсга тушиб кетишди. Миллий қўшиқлар доира жўрлигидан янграб даврага бошқача руҳ бағишлагандек бўлди. Бояги алатаъсир ҳолатдан фарқли ўлароқ, даврага  файз киргандек бўлди, назаримда. Минг қилсаям ўзимизнинг доирага, жонли овоздаги қўшиқларимизга тенг келадигани йўқ-да, деган фикр кечди кўнглимдан.