пятница, 22 декабря 2017 г.

“ШУНДАЙ ЮРТДА ЯШАШ БАХТ”

Султонов Сарвар Тўлқинбек ўғли – 1989 йил 19 июлда Сирдарё вилояти, Оқолтин туманида туғилган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

ЙИЛ САРҲИСОБИ ЁШЛАР НИГОҲИДА

Гулноз Мамарасулова – Боёвут тумани 9-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси:
– Умрнинг ҳар бир онини қандай сарфлаш, хайрли ишларнинг бошидан тутиш, вақтни мазмунли ўтказиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Ортда қолаётган 2017 йил менга ҳам қатор ажойиб лаҳзаларни тақдим этди. Албатта, бу тинимсиз изланишларим ва меҳнатларимнинг самараси, деб ўйлайман. Ушбу йилда магистратура босқичини аъло баҳоларга тамомлаб, магистр даражасига эришдим. Филология фанлари доктори, профессор М.Н.Холбеков раҳбарлигида "Илк инглиз романтизм шеъриятида шарқона мавзулар талқини" ("Interpratation of Orientalism in the Early English Romantic Poetry") мавзусида илмий изланишлар олиб бориб, мавзу юзасидан инглиз ва ўзбек тилларидаги мақолаларим Россия, Туркия, Озарбайжон каби давлатларда ҳамда республика илмий-амалий конференция тўпламлари ва журналларида нашр қилинди. Жиззах давлат педагогика институтида мустақил тадқиқотчи сифатида илмий фаолиятимни давом эттириш учун ўқишга қабул қилинганим, қувонарлидир. Шунингдек, жорий йилда республика ёш ижодкорлар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган "I Республика ёш ижодкорлар форуми"да қатнашиб, сертификат билан тақдирландим.  
Янги – 2018 йил ҳам остонамизда эшик қоқмоқда. У ўзи билан барчамизга янгидан-янги зафарлар, муваффақиятлар ва келгусидаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз учун куч-ғайрат бағишлашига ишончим комил. Ҳар бир фасли ўзига хос фазилатларга эга юртимиздан файз-у барака аримасин! Янги йил барча оилаларга қувонч, бахт-у саодат, тинчлик ва мустаҳкам соғлик ато этсин! Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!

вторник, 19 декабря 2017 г.

СИРДАРЁНИ ТАНИТГАН РАҚС

ЮНЕСКО томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган турли санъат фестиваллари, кўрик-танловлари кўпчиликнинг эътиборини қозонган. Қадимий ва навқирон Хива шаҳрида бўлиб ўтган "Рақс сеҳри" анъанавий рақс фестивалида республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган бадиий жамоалар қаторида "Сирдарё наволари" академик ансамбли ҳам бор.

ИСТЕЪДОДГА ЭЪТИБОР

Мамлакатимизда истеъдодли ва иқтидорли йигит-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши  кўнгилларни осмон қадар юксалтирмоқда. Шу ўринда умид билан қўлига қалам тутган адабиёт ихлосмандлари, ёш қаламкашлар ҳам  ўзларига илҳом бераётган мавзуларда қалам тебратиб, эл назарига тушмоқда.

четверг, 26 октября 2017 г.

СИРДАРЁ САЪАТИ ХОРИЖДА

"Сирдарё наволари" академик ансамбли дунёнинг кўпгина мамлакатларида жумладан, Малайзия, Корея, Хитой, Индонезия, Ҳиндистон ва  Европанинг бир неча шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб, турли миллат вакилларига манзур ансамбл сифатида эътироф этилгани бизни  беҳад қувонтиради.

ДИЛШОДДАН ДИЛИМИЗ ШОД

Гулистонлик ёш мусиқачи - Тошкент давлат Санъат ва  маданият институти талабаси Дилшод Каримовнинг бу йилги мустақиллик байрами арафасида мусиқа ижрочилиги бўйича "Ниҳол" мукофоти совриндори бўлгани  сирдарёликларга бир олам шодлик улашди.

ПАХТАЗОРДА ЁШЛИК ҚЎШИҒИ

Деҳқоннинг қалб қўри ва машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган миллатимиз фахри, миллий бойлигимиз ҳисобланган "оқ олтин"ни нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиб-териб олиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.  Мана шу шарафли ишда катталар қатори елкама елка туриб пахтакорларга яқиндан кўмак беришга азму шижоат қилган ёшлар бугун пахта далаларида жавлон уришмоқда. "Фаол ёшлар отряди" лойиҳаси остида деҳқонларга мадад бераётган вилоят ёшларининг далалардаги янгроқ қўшиғи бугун чекка-чекка ҳудудларга ҳам етиб бораяпти.

СИРДАРЁНИНГ СИНЧАЛАГИ

Кўзлари ғайрат-шижоатидан ҳамиша порлаб турадиган, қадамлари илдам ва ўктам  бу қизни кўрган ҳар қандай нотаниш киши  ҳаваси келиши  турган гап. Негаки, унинг самимий  қарашлари, одамлар билан муносабати, меҳнатга муносабати  ҳеч кимни  беэътибор қолдирмайди.

ҚЎШҚАНОТ ИСТЕЪДОД ЭГАЛАРИ

Вилоят маънавият ва маърифат марказининг расмлар галереясида икки нафар  ёш мусаввирлар, Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси Одилжон Аҳмедов ва Камола Аҳмедоваларнинг "Янги нафас" деб номланган илк ижодий кўргазмаси очилди.

БАХТИГУЛНИНГ БАХТ МАНЗИЛЛАРИ

Қаҳрамонимиз ҳақида қисқача маълумот: Бахтигул Убайдуллаева 2002 йил 29 мартда Гулистон шаҳрида таваллуд топган. Гулистон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчиси. 20 га яқин асарлар муаллифи. 

воскресенье, 30 апреля 2017 г.

АДАШГАНЛАР
Тикиш-бичишга қўли келишиб қолган опа-сингилларнинг овозаси маҳаллага тезда тарқалди. Ҳаво исиган сари енгил кийимлар тикдирувчи қўни-қўшни, таниш-билишлар сони ортиб борарди. Бежирим тикилган либосларни енгига кийган мижоҳлар қизларнинг “қўли гул” дея таърифлашарди.

Касб-ҳунар коллежининг тикув-бичувчилик йўналишнини бирин-кетин тамомлаган бу опа-сингиллар иш билан банд эканлигидан кўнгиллари тўқ.

понедельник, 24 апреля 2017 г.

Қатралар
ЯШАШ

Қатқаноқ бўлиб кетган тепаликда тошлар орасидан бўртиб чиққан бир дона лолақизғалдоқ очилиб турибди. У ҳам яшаш учун, завқ олиш учун дунёга келди. Ўзининг фусункор жозибаси билан тепаликка гўзаллик бахш этиб турганини билганиданидами... Уфурган ҳаёт нафасидан тўйиб-тўйиб баҳра олишни, яшаш бардошини, саботни сендан андоза олгим келди!
Қатралар
ТУШ

Тушларимга ишонаман! Улар бахтли кунларимдан нишона берадилар. Яшил кенгликларнинг эрка қизи эканлигим рост.
Мен тушлар бағрида зангори осмонда учаман, орзуларимнинг гул тўла қучоғида сезаман ўзимни. Бахтлиман-ку, ўнгим тушдан гўзал. Тушларим яхши кунларимнинг элчиси, даракчиси.
ҚЎРҚҚАНГА ҚЎШ КЎРИНАР
Отамнинг ҳикоялари
Апрель ойи, ҳаво совуқ. Уйимизда ўтин қолмаган. Ҳар куни амакимнинг ўғли билан далага, боққа бориб оз-моз тараша, ўтин топиб келишга ҳаракат қилардик. Ўшандай кунларнинг бири. Тушликдан сўнг қопимиз, болталаримизни олиб боғ томон йўлга тушдик. Боғ кенглигиданми, дарахтларнинг кўплигиданми қўрқинчли туюларди. Бир маҳал боққа кираверишдаги дарахт тагида баҳайбат “қорадев” ўтирарди. Иккаловимиз нима қилишни ўйлаб қолдик. Боққа қандай бўлмасин киришимиз керак-ку! Қўлимизга болтамизни олиб, шеригим у ёндан, мен эса бу ёндан кириб, икки тарафлама зарба беришга келишиб олдик. Яқинлашсак, катта қанор қоп тўла буғдой бўлиб чиқди. Қоп девор соясида бизга қўрқинчли кўринибди. Буғдойни иккига бўлиб, қопимизни тўлдириб уйга қайтдик. Отам раҳматли роса сўроқ қилди. Онам ёнимдан кириб, “Қаёқдан ўғрилик қилади?” деб отамни тинчлантирди. Эртаси куни кеч тушганида колхоз қоровули Абдулла ака бизникига келди.

четверг, 30 марта 2017 г.

БИЗ БИЛГАН НОЗИМАБОНУ

Хушхабарнинг қаноти бор деганларидек, Боёвут қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Нозимабону Шербекованинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлганини эшитиб, уни таниган-билганлар қутлашга ошиқишди. Дарвоқе, бу мукофотга сазовар бўлиш ёшгина қиз учун осон кечмаган, албатта.

АЙЛАНАЙ ЙИЛБОШИ, НАВРЎЗ

Баҳорнинг ташрифи нафақат табиатга балки инсон кўнглига ҳам ўзгача таъсир этади. Айниқса, қалбларга эгзулик уруғини сочадиган Наврўз байрамининг ўрни ўзгача. Байрам баҳонасида болалик хотира дафтаримни хаёлан варақладим.
... Зомин томонларда баҳорнинг ташрифи тез кўзга ташланади. Қир-адирларда, далаларда бойчечак, чучмомо, қоқигуллар очилиши, майсаларнинг ям-яшил бўлиб сабза уриши, ўрик дарахтларнинг қийғос гуллаши, қушларнинг чуғур-чуғури дилларда ажиб ҳисларни уйғотади.

КЕЛАЖАКНИ БОЙ БЕРМАНГ

Ярим тунда касалхонага оғир аҳволдаги беморни келтиришди. Шифокорларнинг сайъ-ҳаракатлари билан жонлантириш бўлимида унинг ҳаёти сақланиб қолинди. Палатага олиб ўтилгач эса бошқа  беморлар 18 ёшлар атрофидаги бу йигитнинг қўлидаги ёзувни кўриб даҳшатга тушдилар. Лезвия билан ўйиб “Мен китман” деб катта қилиб ёзилганди.  Йигит ҳам ўлим билан якунланувчи ўйиннинг қурбонига айланиши муқаррар эди...
Бугунги кунда  интернет орқали “оммалашаётган” “Кўк кит” деб аталувчи ўйин туфайли Россия, Украина, Қозоғистон давлатларида ўз жонимга қасд қилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Инсон ихтироси – планшет ва уяли алоқа воситаларининг ҳам фойдали, ҳам зарарли томонлари талайгина. Макон ва замон чегарасини билмайдиган интернет тармоғининг хавфли томонидан огоҳ бўлиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

КИТОБ – БОЛАЛИКДЕК АЗИЗ

Китоб жавонидаги китобларни қўлимга олиб варақлар эканман, ёзилган дасхатга кўзим тушади: “Болаликнинг ёрқин хотираларидан дугонам Н.га”. Нақадар ажойиб совға! Дунёдан китобдан азизроқ дўст йўқ. Агар сизга уни дўстинг совға қилган бўлса унинг қадри янада баландроқ бўлади. Чунки у сизни ўзи каби маънавий дунёқараши кенг бўлишини хоҳлайди. Йиллар ўтиб мана шундай ёзувлар ҳақиқатдан ҳам ёрқин хотираларни эсга олишга кўмаклашади. Бу китобларнинг ёши менинг ёшимдан ҳам катта. Демак, уларни ёши онамнинг  ўқувчилик йилларига тўғри келади. Бежизга уларни онам кўз-қорачиғидек асрамайди-да. Уларни бир-бир варақлаганда онамнинг юзида ўзгача қувонч, янги шижоат пайдо бўлганини сезаман.

вторник, 28 марта 2017 г.

КИТОБ – НУР

Қаноат опа исмли бир аёлни биламан. Ҳамиша китобдан миннатдор эканлигини айтиб юради. Айтишича, ўзининг онаси ҳам, қайнонаси ҳам барвақт вафот этиб кетишган экан. Фарзандли бўлганида дастлаб тажрибасизлигидан роса қийналибди. Сўнг китоб дўконига бориб бола парваришига оид китоблардан сотиб олибди. “Ишонасизми?” дейди у “Беш боламдан бирортаси ҳам касал бўлиб шифохонада ётмаганман. Китобда ёзилган ҳамма нарсага амал қилганман. Шу-шу китоб менинг маслаҳатгўйим. Кейинчалик бошқа адабиётларни ҳам оладиган бўлдим. Уйимда салмоқлигина кутубхонам бор. Ўзим китоб ўқиганим учун болаларим ҳам қизиқадиган бўлди. Мен фойдаланган китоблар энди уларга, келинларимга асқотаяпти”.

пятница, 24 марта 2017 г.

УКРАИНАЛИК КЕЛИН

Бундан ўттиз йиллар бурун қишлоққа тарқалган “миш-миш” катта-кичикнинг оғзидан тушмай қолди. Нима  эмишки Аллашукур буванинг кенжатойи Собиржон  ҳарбий хизматда уйланганмиш ва  ўрис хотинини ўзи билан олиб келганмиш. Бунинг нечоғли рост ёки ёлғонлигини билиш ниятида аскар йигитни кўргани ёшу қари уруш иштирокчиси Аллашукур буваникига кела бошлади.

ОЛДИНГДАН ОҚҚАН СУВ

Фариданинг Истамбулдек шаҳри азимга келганига йил бўлгани йўқ. Назарида эса бутун умри шу ерда ўтганга ўхшайди. Кунларнинг ўтиши бирам қийин, кечалари бирам узун, тонг отиши ундан-да оғир. Баъзан тонг саҳарлаб уйқуси ўчади, қанийди ҳозир ўз уйида ётган бўлсайди. Ўз уйида барвақт қичқирадиган хўроздан норози бўларди, ҳозир ўшанинг қичқириғигаям зор. Бегона юртнинг ҳамма нарсаси бегоналигини энди тушуниб етаяпти...

МЕҲР МИЛЛАТ ТАНЛАМАЙДИ

Инсон табиати жуда қизиқ. Гоҳида ёнма-ён яшаб юрган кишиларимизнинг кечмиши, ҳаётдаги мавқеи ҳақида билгимиз келмайди ёки истамаймизми. Мана масалан, ниҳоятда сертакаллуф, самимий ва дилкаш инсон Александр ота Михайловични рус миллатига мансублигини билгач роса ажабланганман. Тавба, кўпинча баъзи ўзбекларнинг ҳам кўзлари кўкиш, ранглари сариқ бўлади, шунгами, сира бошқа миллат вакили эканини билмаган эканман.

БОБОМНИНГ ЭРТАГИ

Бобожоним  агар ҳаёт бўлганларида  юз билан юзлашармидилар? Юзларидан ёғилиб турадиган нур у киши билан учрашган киши қалбига худди шундай илиқлик олиб кирарди. Ниҳоятда оддий ва камтарин, самимий  феълли  бобомни қишлоқдагилар “Эргаш муаллим” деб аташарди. Баъзан  нега шаҳарликларга ўхшаб “домла”, “устоз” деб аташмас  экан, деб оғриниб қўярдим. Негаки, бобожонимнинг ўқиганлари, билганлари шунчалар кўпки, мана ман деган профессор ҳам жимиб қоларди-да. Назаримда бобожонимга мана шу икки атама роса мос келарди. Айниқса, тарихий воқеалар, кишилар ҳақида роса қизиқ нарсаларни билардиларки, тинглаб тўймасдик.

среда, 15 марта 2017 г.

СЕҲРЛИ ҚЎЛ СОҲИБАСИ

Шаҳноза болалигидан спортга ошно тутинган муҳитда улғайди. Оиланинг кенжаси опалари ва акаси каби соғлом турмуш тарзига амал қилишни дадаси Ҳикматулло Абдураҳмоновдан ўрганган десак, адашмаймиз. Сабаби, оила бошлиғи спортнинг самбо ва турон кураши бўйича спорт устаси, мунтазам шуғулланишни канда қилган эмас. Бугун фарзандлар камолоти йўлида қилинган саъй-ҳаркатлар бесамар кетмаганини биргина 17 ёшли Шаҳнозанинг қўлга киритаётган ютуқларидан далолат бериб турибди.

ЗАР ҚИДИРИБ, АДАШГАНЛАР

… Бир ҳафтадан бери шифтга жонсиз турмулиб ётган Акбарнинг тобора сарғайиб бораётган ранг-рўйига ҳайрон. Шифохонага ётқизамиз дейишса, расмий ҳужжатлари йўқ. Шу сабабли ижарадаги уйга доктор олиб келишди. У бошини сарак-сарак қилиб йигитнинг аҳволи оғирлигини айтди. Иш берган жиккаккина рус йигити роса асабийлашди. Йигитлардан икки-учтаси тил билгани учун унинг сўкинишларини тушунди, холос.
- Бошга бало ортирдиларинг, ўлиб қолса, менга яна ташвиш, - деди у докторнинг гапидан кейин ўқрайиб. – Ота-онасига хабар беринглар, олиб кетсин.

ҲАР ЕРНИ ҚИЛМА ОРЗУ...

Шаҳримиздаги стомотология поликлиникаларидан бирига тишимни даволатиш учун боргандим. Икки ёш йигитдан кейин навбатга турдим. Бехослан уларнинг суҳбати қулоққа чалинди. Уларнинг бири Россияга ишлашга кетаётган экан. Ўша йигит ёнидаги шеригига даставвал савол билан мурожаат қилди:
- Ҳарбий хизматинг масаласи нима бўлаяпти? Нима қиласан бориб? – деди у қўлидаги уяли телефонини ўйнатиб. – Ундан кўра мана менга бир йил хизмат қилсанг, анчагина пул ишлаб келардинг. Шу бир ҳафта ичида ҳал қилсанг, менинг ортимдан жўнайдиган 3-4 танишим билан бирга кетардинг, таниш проводник бор. Қўлингга рубьда озроқ пул олиб олсанг, яхши бўларди. У ёғига ҳам чекма, ўзим кутиб олман. Ўтган йили ҳам борганман.

пятница, 24 февраля 2017 г.

ОДОБИМИЗ – ҲУСНИМИЗДИР


Тобора гўзаллашиб бораётган шаҳримиз жамолини кўриб баҳри дилинг яйрайди. Аммо шу гўзалликни ўзининг ғайри ихтиёрий ҳатти-ҳаракатлари билан бузаётган инсонлар борлиги киши ўйлантиради. Бошланғич синфда таҳсил олаётган кезларимда ўқитувчимиз кўчада юриш одоби ҳақида бир-биридан ажойиб ривоят ва ҳикояларни сўзлаб берганди. Дарс якунида “Сиз ҳам шунга амал қиласизми?” дея мурожаат қилиб ҳаммамизни фикрлашга чорлаганди. Ўшанда йўлда юрган пайтда таом ейиш ёки писта чақиш, сақич чайнаш, жамоат жойга туфлаш ва бурун қоқиш одобсизлик эканлигини билиб олгандим. Мана, орадан 20 йил ўтибдики, олган сабоқларимимга амал қилишни унутганим йўқ.
БОЛАЛИКНИНГ ЁРҚИН ИЗЛАРИ


Қўлига қалам тутган инсоннинг софдиллиги унинг сийратига ҳам кўчишини умидли ёш қаламкаш Ёрқинжон Ҳайитбоев мисолида яна бир бор амин бўлдик. Унинг “Мана, мен!” деб чақнаб турган кўзларидан ўзига бўлган ишончни англаш учун назар солиш кифоя. Орзулар фаслида аслида ишонч, интилиш, ҳаракат бўлса, маррани эгаллаши шубҳасиз.  Ёрқинжон Ҳайитбоев айни пайтда Мирзаобод туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 8-синфида аъло баҳоларга ўқиб келмоқда. У шу кунга қадар 70 дан ортиқ диплом, сертификат, фахрий ва мақтов ёрлиқлар, ташаккурномалар соҳиби.
КАРВОН ЙЎЛИГА НАЗАР

Ҳали уч ёшга тўлмаган жиянимнинг зийраклигидан ақлим шошади. Унинг ёшида бўлганимда аэропорт сўзини тўлиқ талаффуз қилиш у ёқда турсин, нималигини ҳам билмаганман. Нотаниш товушлардан ҳайиқиб, ҳайвонот боғини остонасида туриб қайтганимни эс-эс хотирлайман. Болаликдаги суратларим бармоқларим саноғига етмайди... Моддий техника ҳақида тўхталишимга ҳожат ҳам йўқ. Кўчаларда онда-сонда енгил машиналар ўтиб турар, йўловчиларнинг манзилига етиб олиши узоқ муддатга чўзиларди.... Энди-чи? Ҳаммаси бутунлай бошқача... Мана, халқимиз орзу қилган ёруғ кунлар остона ҳатлаб кирганига 25 йилдан ошаяпди.
ТАТУАЖ ЁХУД СОХТА ҲУСН



Таъзия бўлган хонадондан тўп-тўп бўлиб хотин-халаж тарқалди. Хонадондан узоқлашган аёллар марҳума дугоналари ҳақида илиқ хотираларни ёдга олишар экан, улардан бири ачинганча сўз қотди:
- Раҳматлининг қизлари ўзига ўхшамабди-да, эсиз. Умри давомида қоши ўсмадан, кўзи сурмадан бошқасини кўрмаган. Қизлари "дод" деб фарёд чекишаяпти-ю, аммо уларнинг юзларидаги пардоз-андозни кўриб, ажабланиб қолдим.

среда, 1 февраля 2017 г.

ЎЗЛИГИМИЗНИ УНУНТМАНГ


Баъзан тенгдош қизларни кўриб ҳайратланиб қоламан. Тор шимларда ярим яланғоч кийиниб юришади. Улар ўзбек бўлатуриб нега бошқа миллатга хос кийинишади, тушунолмайман. Сочларини калта қирқиб олишади. Кўчада ёки жамоатчилик орасида тортинмасдан қўл телефонида баланд овозда гапиришади, ажнабий мусиқаларни тинглашади. Аввал момоларимиз сочларини қирқ кокил қилиб ўриб, ироқи дўппиларда юришган. Уларни кўриб бўз йигитлар ортидан  ошиқ бўлиб эргашишган.

ОҚИБАТ

Дугонамнинг  соғлиги ёмонлашиб қолганини эшитиб ҳабар олгани  бордим. Унинг оддийгина оиладан эканлигини билсам-да уйига бормагандим. Ўйлаганимдан кўра ачинарли ҳолда яшашар экан. Мафтуна кутилмаган ташрифимдан шошилиб қолганини сездириб қўйди: дугонажон, келишингни айтиб қўймабсан,- хижолатомуз ерга тикилди у. Унинг гапларига парво қилмагандек тутдим ўзимни, лекин ичимда шу шароитда  аъло баҳоларга ўқиб юрганга тан бердим. Мафтунанинг дадаси ташлаб кетганини ҳам эшитганмизу, аммо у бирор марта бу ҳақида гап очмаганди. Негадир ҳозир гаплашиб ўтириб дадаси ҳақида сўз очиб қолди.
 ИБРАТ

Каромат холани ҳамма баджаҳл ва қўпол аёл деб ўйлайди. Нимагаки, кўп қаватли уйдаги таниш-нотаниш ёш жувонларни тергагани тергаган: шаҳарлик хотинчалар сочи  тўзғиб уйғонгунича ана сутчи аёллар ризқини териб бўлди. Бу қурмагур келинпошшалар қишлоқни меҳнатидан қочиб “этаж”га бекиниб олишган, шуларни хотин деб ўтирган эркакларниям уриб кетган-да. Лоақал у ёқ бу ёқни супириб сидиришмаса, писта чақиб ўтиришади-ю тозалашни хаёлга келтиришмайди, ноинсофлар. Ҳой фалончихон, “пакет эр”ингиз яхшими, кўринмай қолди-да. У иккинчи хотин бўлиб текканларнинг эрини шундай атайди. Холанинг айтишича, бунақа  тоифали эрлар фақат хотинни кўнглини олиш учун “пакет” кўтариб кун кўрармиш.
“САНЪАТИМНИ БУС-БУТУНЛИГИЧА СЕВАМАН” - дейди Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актирисаси Раъно Юнусова

Ўзбекистон Миллий театри саҳнасида роль ижро этишни Раъно Юнусова узоқ йиллардан бери орзуларди. Шу йилги  “Сени куйлаймиз, замондош” Ўзбекистон театрларининг II республика танловида унинг мана шу орзуси амалга ошди. Бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири-одам савдосига бағишланган “Аёл қадри” деб номланган спектаклни томошабинлар катта қизиқиш билан томоша қилишди. Ушбу асардаги етакчи қаҳрамонлардан бири Хуршида образини  маромига етказиб ижро этган  Р. Юнусова “Аёл ролининг энг яхши ижрочиси учун” номинациясига лойиқ деб топилди. Ҳайъат раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи , профессор Ҳамидулла Икромов қўлидан ушбу мукофони оларкан, актрисанинг қалби қувончга тўлди. Санъаткор учун ижрочиликнинг тан олиниши, томошабинлар ҳурматига сазовор бўлиш улуғ саодат эмаси?
ҚЎШИҒИДАН ИЗЛАНГ УНИ

Ўшанда Раъно коллеж ўқувчиси эди. Биринчи маротаба катта саҳнада  Жамила монологини  маромига етказиб  ижро этгани учун  домлалари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Абдуллаева ва Раҳим Ҳасанов ва залдагилар қизғин олқишлашди. Ўқитувчиси Тўхтаниёз Тожиев концертдан кейин секингина унинг олдига келди:
– Овозинг жуда яхши, образга кироласан, агар  ашулани юракдан ҳис этиб ижро этсанг марра сеники. Мухлислар қачон бирорта ашулани севиб қолишади, юрак қўри билан уйғунлашсагина тинглашади. Иккаламиз биргаликда Фарғона шаҳрида ўтказиладиган республика кўрик-танловига тайёргарлик кўрамиз.
ДИЛ ЯРАСИ

Йигитнинг уйидагилар оёқяланг югуриб келган қизни ҳайратланиб, минг хавотирда ичкарига олиб киришди. Энг ажабланарлиси, йиғидан кўзлари қизариб кетган Зиёда Холмат амакининг оёқларига йиқилиб ёлворди:
– Отажон, қандай тушунсангиз шундай тушунаверинг, мени ҳайдаманглар! Ота-онамникидан қочиб келдим! Бошқа йигитга турмушга чиқмайман! Ўлгунимча сизни ва онажонимни хизматларингизни қиламан, Мурод акамсиз яшашнинг кераги йўқ! Менга ёрдам беринглар!
Холмат ака  кўпни кўрган, қолаверса жуда сермулоҳазали, қўл учида   яшасаям орияти кучли, маърифатли инсон эди. Оёқлари остига йиқилган  қизни  ногиронлик аравачаси олдидан  нари сурди:
“АББОСДАН ҚОЛИШМАЙМАН”

Фаррух МАХСУДАЛИЕВ – 1993 йил 16 сентябрда  Гулистон туманида санъаткор оиласида таваллуд топган.  Келажакда халқ ардоғидаги машҳур ҳофизлар сафидан ўрин олишни орзу қилади. Ёшлар орасида ўзининг спорт соҳасидаги муваффақияти билан жаҳонга танилган Аббос Махсудалиевнинг амакиваччаси Фаррух ҳам санъат соҳасида худди унингдек ютуқларга эришишга ҳаракат қилади.
ОРЗУЛАРИ ОЙДИН БИБИХОНИМ

Тошкент шаҳрида ўтказилаётган бадиий гимнастикачиларнинг Халқаро очиқ турнирида ўз чиқишлари билан ҳакамлар эътиборини тортган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган ёшгина қиз фахрли ўринга лойиқ деб топилди. Бундан қувончи ичига сиғмаган Бибихоним янада  баландроқ чўққилар сари интила бошлади. Зеро, интилиш ва ўзингга ишонч муваффақият калитидир.
ОРЗУЛАРИ БОШЛАДИ ЙЎЛГА

Қизалоқ онасининг қўлларидан  тортқилаб ҳоли-жонига сира қўймайди, кўзига кўринган нарсани оҳангга мослаб ашуладай айтади. Муштдеккина қизчасининг атрофдаги кўринган нарсага қофияли сўзлар айтишидан эса соддагина онаизор қўрқади: бирон нарса даримадимикан? Кекса онасидан, қайнотаси Юсуф бободан маслаҳат сўрайди. Ўзи ҳам унча-мунча  шеърлар қоралаб юрган зиёли, юзларидан нур ёғилиб турадиган қайнотаси унинг гапларига мийиғида кулиб қўяди: нимасидан қўрқасан, бундан севинишинг керак. Худо  хоҳласа, шу қизалоғим Зулфияхонимга ўхшаган шоира бўлади!
ОНА ЮРТ СОҒИНЧИ
 Туш кўрибман. Қишлоқда бобомларникида эмишман. Хона анча қоронғу эди. Орқа тарафдан кўча эшиги томон дераза ёнидан бир мўйсафид ўтиб кетаётганди. «Бобомларнинг қўшниси» дея мен унга салом бердим. Дераза ёнидан ўтиб кетган бўлса-да, овозимни эшитиб, ортига қайтиб саломимга алик олди. Муйсафид: – Мени таниб қолишди-ку, - деб хурсанд ҳолда деразадан тўппа-тўғри баланд бўйини эгмасдан олдимга кириб келди. У устидаги ёпинчиғини ечганда, хона кўзим қамашадиган даражада бир зумда ёришди. У оппоқ соқолли, оппоқ кийим кийган чол эди. Унинг кўзлари ғайри оддий нур таратарди. Мен уни танидим, бу-Хизр бува эди. Севинганимдан «Сиз ростдан Хизр бувасиз-а?» дея бир неча маротаба такрорладим. У менга қўлини узатди. Юмшоқ, майин бармоқларини тутарканман, тилак сўрашимни буюрди. Шунда мен фақат бир нарсани «тўрт мучам соғ ҳолда она юртимга қайтиш»ни тилак қилдим…
ЎЗИМИЗ БИЛГАН НОДИРА

Бундан анча йиллар аввал таҳририятга тортинибгина келган қизнинг шеърий машқлари билан танишиб, кўнглимиз ёришиб кетгани рост. Айрим нуқсонлардан холи бўлмаган қораламаларида ўзига хос илиқ фикрлар борлиги қувонтириб юборганди. Шу-шу Оқолтин туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Нодира Ғозиева таҳририятга тез-тез ташриф буюрадиган, устози Норинисо Қосимовага янги  қораламаларини интиқлик билан   тутқазадиган бўлди.
МОМОЛАР ЧАНҚОВУЗИ


Жажжигина қизалоқнинг лабига чанқовузни қистириб  куй чалаётганини кўрган Саодат опанинг кўнгли яйраб кетди. Яқиндагина унга чанқовуз  чалишни ўргатган эди, мана  қизгина дарров ўрганиб олибди. Кўнглига момоларнинг қадимий мусиқа асбоби – чанқовуз меҳри тушган қизни опа ички бир муҳаббат ила кузатди.

ҲУНАРЛИ ХОР БЎЛМАС
 Ота-боболаримиздан  қолган мерос – ҳунармандчиликни давом эттираётган  ёшларнинг кўплиги  кишини  қувонтиради. Зеро, аводдан авлодга ўтиб келаётган миллий ҳунармандчилик сир-асрорларини кейинги авлодга етказиш ҳам қарз ҳам фарздир.
Бахт шаҳридаги Нарзуллаевлар оиласини билганлар  ҳунармандлар оиласи деб аташади. Оила аъзолари миллий буюмлар, уй-рўзғор анжомлари ясаш билан шуғулланади. Улар томонидан ясаладиган бешиклар, сандиқлар, тахта-ўқловлар, болалар учун арғимчоқлар,  ўймакорлик  ишлари ва бошқа нарсалар харидоргирлиги билан ажралиб туради.
ШИРИН СЎЗ – ЖОН ОЗИҒИ

Орамизда шундай касб эгалари борки уларнинг ҳузурида бўлганингда нафақат муаммонгни ҳал этиб, аксинча яшашга янгича иштиёқ ҳам  кўтаринки кайфиятда қайтасан. Гулистон шаҳрида жойлашган  мўъжазгина “Анора стомасервис” хусусий фирмасида бўлган киши бунга ишонч ҳосил қилади. Ўз ишининг устаси, жонкуяр ҳам ширинсўз шифокор Анора   Саидбекова беморларнинг ҳурмат-эътиборини қозонган.
– Ҳузуримга келган ҳар қандай инсон  ёшми, кексами қатъий назар нажот излаб келганини юракдан ҳис қиламан,-дейди у. Аввало беморга руҳий кайфият зарурлигини яхши  биламан. Шунинг учун оқ халатли шифокордан, айниқча тиш докторидан сал ҳайиқиброқ турган  беморга далда беришдан ишимни бошлайман.Керак бўлса ўзим севган куй-қўшиқларни хиргойи қиламан. Сабаби  қаршимдаги  жони оғриётган инсонга далда,  енгиллик бўлсин, чалғисин, дейман-да...
ҲАММАГА МЕҲР КЕРАК

Кечки пайт қишлоқда иш қизигандан қизийди. Кундузи  рўзғорнинг икир-чикирлари билан куйинган уйдагиларнинг  кун ботишига яқин қолганида унутилаёзган юмушлари эсга тушади. Одатдагидек Шарофат ая болаларига дакки берди:
– Олапарга овқат солганмисизлар? Бечора ит кун совуқлигидан  жағи такиллаб тургандир? Ўзинглар иссиқ чой ичамасанг қандай аҳволга тушасан изғирин пайти...Аёл жаврай-жаврай итқозондаги иссиқ аталани каттагина идишга қуйиб, Олапарнинг инига қараб кетди.
ТИЛ  ВА ЛИСОНИЙ ФАОЛИЯТ

Тил тафаккур шакли бўлиб, инсон ҳаётида беқиёс ўринга эга эканлиги барчага маълум. Тил инсонларга оламни англашда, у ҳақида тасаввурга эга бўлишда, уни ўрганишда ва албатта, кундалик ҳаётда ўз эҳтиёжларини қондириш мақсадида  фойдаланилади. Тил бор экан, инсонлар ўзларига керак бўлган ахборотни олади, тўплайди, хотирада сақлайди ҳамда узатади. Ҳар қандай ахборот тил ёрдамида ушбу босқичларни босиб ўтади, бу эса фанда когниция ҳодисаси номини олган. Когниция ахборотнинг берилган давридан бошлаб уни қайта репрезентация бўлгунига қадар бўлган барча босқичларни ўз ичига оларкан, шубҳасиз у бунда тилга мурожаат қилади. Инсон оламни англашда ўзининг лисоний имкониятлари чегарасидан чиқа олмайди. Чунки инсон ахборотни қабул қилишга қай даражада тайёрлигига кўра унинг салоҳияти ошади. Бу эса киши лисоний фаолияти даражасини белгилаб беради.  Шу ўринда, инсонлар  қачондан бошлаб лисоний фаолиятга қодир бўла олиши ҳақида фикр юритсак.
БОЛАДА НЕ АЙБ?
            Кўчада йиғлаб, хархаша билан қадам ташлаётган бир болакай йўловчиларнинг эътиборини ўзига тортмасдан қўймади.
            - Ойижон, руҳсат беринг, энамларникида қолай. Жон ойижон!, - у хўнграб-хўнграб.
Шу он ойисидан олган жавоби тескин ортимга қарашга мажбур қилди:
            - Эна, эна дейсан, энанг сени ҳолингдан хабар олаяптими? Эшигингдан бир бурда нон кўтариб кириб келаяптими? Ой кўрганмисан энангдан?! – аёл қадамларини шахтамлатиб, боласини силкилатиб юришда тўхтамасди.
ОЗОД ЮРТНИНГ ОЗОДБЕГИ

Қисқача шарҳ: Озодбек Ўрмоналиев 2006 йил 31 июлда Сайхунобод туманида таваллуд топган. Айни пайтда тумандаги 17-умумтаълим  мактабининг 4-синфида таҳсил олади. Эндигина ўн ёшни қаршилаган Озодбек спортнинг шашка тури бўйича Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори ва  бир неча  карра Республика чемпиони.
Устозлари – Алишер Ортиқов Халқаро гроссмейстр,” Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози”, “Шуҳрат” медали соҳиби ва Халқаро тоифадаги ҳакам, Дилафрўз Ортиқова эса шашка бўйича уч карра Ўзбекистон ва Осиё чемпиони.

ЎЗЛИГИМИЗНИ УНУМАНГ


Баъзан тенгдош қизларни кўриб ҳайратланиб қоламан. Тор шимларда ярим яланғоч кийиниб юришади. Улар ўзбек бўлатуриб нега бошқа миллатга хос кийинишади, тушнаолмайман. Сочларини калта қирқиб олишади. Кўчада ёки жамоатчилик орасида тортинмасдан қўл телефонида баланд овозда гапиришади, ажнабий мусиқаларни тинглашади. Аввал момоларимиз сочларини қирқ кокил қилиб юришган. 
ХОСИЯТСИЗ ХОНАДОН


Биз кўп қаватли уйда яшаймиз. Ҳар хил одамлар, қўни-қўшнилар ҳам турли туман. Аммо кирди-чиқди қиладиганларимиз саноқлигина. Ёнмиздаги подъездда аввал телбасифат кампир чоли билан яшарди. Шу кампирдан роса чўчирдик.
ТАФАККУР РИВОЖИ


Кичик мактаб ёшидиги болаларни мантиқий тафаккурини ўстириш бугунги кунда муҳим масала ҳисобланади. Чунки топқирликка ўч бўлган болалар келажакда янгиликлар яратишга интилади ва шу билан бирга ҳаётий қийничиликларни бартараф этишга қодир бўлиб улғаяди.
Кичик мактаб ёшидаги болалар топишмоқ топишга жуда ҳум қизиқашади. Улардаги бу қизиқишни пайқаган педагог ёки ота-она уларга кўплаб ёшларига хос топишмоқлар танлаб, айишлари лозим.
СЕҲРЛИ ҚУРОЛ


Мақол – тафаккур дурдонаси бўлиб, халқ тилидан олинган, асрлар оша ихчамлашган, мўъжазгина маънолар хазинаси бўлиб, болаларга тарбия беришда ўз қудратига эга. Болалар нутқлари давомида қанчалик кўп мақол ишлатса, ўша болага нисбатан тенгдошларининг эътибори, ҳурмати ошади. Халқ мақолларида доно халқимизнинг турмуш тарзи, ўй-хаёллари, орзу-умидлари мужассам.
ШАҲРАМНИНГ ШАХДАМ ОДИМЛАРИ


Шаҳрам Ғиёсов 1993 йил 7 июлда Бухоро шаҳрида туғилган. У бокс бўйича Осиё ва Жаҳон чемпиони, Жаҳон кубоги ғолибиХалқаро тоифадаги спорт устасидир. Шунингдек, шу йилнинг август ойида Бразиланинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари  совриндори ҳамдаЎзбекистон ифтихорифахрий унвони соҳиби бўлган.

Шаҳрам, сизни XXXI ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритганингиз билан чин дилдан муборакбод этамиз! Келинг, суҳбатимизни дастлаб 22 кун давомида Ватанимиздан олисда бўлиб қайтганингиздан сўнг аэропортдаги ҳиссиётларингиздан бошласак.