четверг, 30 марта 2017 г.

БИЗ БИЛГАН НОЗИМАБОНУ

Хушхабарнинг қаноти бор деганларидек, Боёвут қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Нозимабону Шербекованинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлганини эшитиб, уни таниган-билганлар қутлашга ошиқишди. Дарвоқе, бу мукофотга сазовар бўлиш ёшгина қиз учун осон кечмаган, албатта.

АЙЛАНАЙ ЙИЛБОШИ, НАВРЎЗ

Баҳорнинг ташрифи нафақат табиатга балки инсон кўнглига ҳам ўзгача таъсир этади. Айниқса, қалбларга эгзулик уруғини сочадиган Наврўз байрамининг ўрни ўзгача. Байрам баҳонасида болалик хотира дафтаримни хаёлан варақладим.
... Зомин томонларда баҳорнинг ташрифи тез кўзга ташланади. Қир-адирларда, далаларда бойчечак, чучмомо, қоқигуллар очилиши, майсаларнинг ям-яшил бўлиб сабза уриши, ўрик дарахтларнинг қийғос гуллаши, қушларнинг чуғур-чуғури дилларда ажиб ҳисларни уйғотади.

КЕЛАЖАКНИ БОЙ БЕРМАНГ

Ярим тунда касалхонага оғир аҳволдаги беморни келтиришди. Шифокорларнинг сайъ-ҳаракатлари билан жонлантириш бўлимида унинг ҳаёти сақланиб қолинди. Палатага олиб ўтилгач эса бошқа  беморлар 18 ёшлар атрофидаги бу йигитнинг қўлидаги ёзувни кўриб даҳшатга тушдилар. Лезвия билан ўйиб “Мен китман” деб катта қилиб ёзилганди.  Йигит ҳам ўлим билан якунланувчи ўйиннинг қурбонига айланиши муқаррар эди...
Бугунги кунда  интернет орқали “оммалашаётган” “Кўк кит” деб аталувчи ўйин туфайли Россия, Украина, Қозоғистон давлатларида ўз жонимга қасд қилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда. Инсон ихтироси – планшет ва уяли алоқа воситаларининг ҳам фойдали, ҳам зарарли томонлари талайгина. Макон ва замон чегарасини билмайдиган интернет тармоғининг хавфли томонидан огоҳ бўлиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

КИТОБ – БОЛАЛИКДЕК АЗИЗ

Китоб жавонидаги китобларни қўлимга олиб варақлар эканман, ёзилган дасхатга кўзим тушади: “Болаликнинг ёрқин хотираларидан дугонам Н.га”. Нақадар ажойиб совға! Дунёдан китобдан азизроқ дўст йўқ. Агар сизга уни дўстинг совға қилган бўлса унинг қадри янада баландроқ бўлади. Чунки у сизни ўзи каби маънавий дунёқараши кенг бўлишини хоҳлайди. Йиллар ўтиб мана шундай ёзувлар ҳақиқатдан ҳам ёрқин хотираларни эсга олишга кўмаклашади. Бу китобларнинг ёши менинг ёшимдан ҳам катта. Демак, уларни ёши онамнинг  ўқувчилик йилларига тўғри келади. Бежизга уларни онам кўз-қорачиғидек асрамайди-да. Уларни бир-бир варақлаганда онамнинг юзида ўзгача қувонч, янги шижоат пайдо бўлганини сезаман.

вторник, 28 марта 2017 г.

КИТОБ – НУР

Қаноат опа исмли бир аёлни биламан. Ҳамиша китобдан миннатдор эканлигини айтиб юради. Айтишича, ўзининг онаси ҳам, қайнонаси ҳам барвақт вафот этиб кетишган экан. Фарзандли бўлганида дастлаб тажрибасизлигидан роса қийналибди. Сўнг китоб дўконига бориб бола парваришига оид китоблардан сотиб олибди. “Ишонасизми?” дейди у “Беш боламдан бирортаси ҳам касал бўлиб шифохонада ётмаганман. Китобда ёзилган ҳамма нарсага амал қилганман. Шу-шу китоб менинг маслаҳатгўйим. Кейинчалик бошқа адабиётларни ҳам оладиган бўлдим. Уйимда салмоқлигина кутубхонам бор. Ўзим китоб ўқиганим учун болаларим ҳам қизиқадиган бўлди. Мен фойдаланган китоблар энди уларга, келинларимга асқотаяпти”.

пятница, 24 марта 2017 г.

УКРАИНАЛИК КЕЛИН

Бундан ўттиз йиллар бурун қишлоққа тарқалган “миш-миш” катта-кичикнинг оғзидан тушмай қолди. Нима  эмишки Аллашукур буванинг кенжатойи Собиржон  ҳарбий хизматда уйланганмиш ва  ўрис хотинини ўзи билан олиб келганмиш. Бунинг нечоғли рост ёки ёлғонлигини билиш ниятида аскар йигитни кўргани ёшу қари уруш иштирокчиси Аллашукур буваникига кела бошлади.

ОЛДИНГДАН ОҚҚАН СУВ

Фариданинг Истамбулдек шаҳри азимга келганига йил бўлгани йўқ. Назарида эса бутун умри шу ерда ўтганга ўхшайди. Кунларнинг ўтиши бирам қийин, кечалари бирам узун, тонг отиши ундан-да оғир. Баъзан тонг саҳарлаб уйқуси ўчади, қанийди ҳозир ўз уйида ётган бўлсайди. Ўз уйида барвақт қичқирадиган хўроздан норози бўларди, ҳозир ўшанинг қичқириғигаям зор. Бегона юртнинг ҳамма нарсаси бегоналигини энди тушуниб етаяпти...

МЕҲР МИЛЛАТ ТАНЛАМАЙДИ

Инсон табиати жуда қизиқ. Гоҳида ёнма-ён яшаб юрган кишиларимизнинг кечмиши, ҳаётдаги мавқеи ҳақида билгимиз келмайди ёки истамаймизми. Мана масалан, ниҳоятда сертакаллуф, самимий ва дилкаш инсон Александр ота Михайловични рус миллатига мансублигини билгач роса ажабланганман. Тавба, кўпинча баъзи ўзбекларнинг ҳам кўзлари кўкиш, ранглари сариқ бўлади, шунгами, сира бошқа миллат вакили эканини билмаган эканман.

БОБОМНИНГ ЭРТАГИ

Бобожоним  агар ҳаёт бўлганларида  юз билан юзлашармидилар? Юзларидан ёғилиб турадиган нур у киши билан учрашган киши қалбига худди шундай илиқлик олиб кирарди. Ниҳоятда оддий ва камтарин, самимий  феълли  бобомни қишлоқдагилар “Эргаш муаллим” деб аташарди. Баъзан  нега шаҳарликларга ўхшаб “домла”, “устоз” деб аташмас  экан, деб оғриниб қўярдим. Негаки, бобожонимнинг ўқиганлари, билганлари шунчалар кўпки, мана ман деган профессор ҳам жимиб қоларди-да. Назаримда бобожонимга мана шу икки атама роса мос келарди. Айниқса, тарихий воқеалар, кишилар ҳақида роса қизиқ нарсаларни билардиларки, тинглаб тўймасдик.

среда, 15 марта 2017 г.

СЕҲРЛИ ҚЎЛ СОҲИБАСИ

Шаҳноза болалигидан спортга ошно тутинган муҳитда улғайди. Оиланинг кенжаси опалари ва акаси каби соғлом турмуш тарзига амал қилишни дадаси Ҳикматулло Абдураҳмоновдан ўрганган десак, адашмаймиз. Сабаби, оила бошлиғи спортнинг самбо ва турон кураши бўйича спорт устаси, мунтазам шуғулланишни канда қилган эмас. Бугун фарзандлар камолоти йўлида қилинган саъй-ҳаркатлар бесамар кетмаганини биргина 17 ёшли Шаҳнозанинг қўлга киритаётган ютуқларидан далолат бериб турибди.

ЗАР ҚИДИРИБ, АДАШГАНЛАР

… Бир ҳафтадан бери шифтга жонсиз турмулиб ётган Акбарнинг тобора сарғайиб бораётган ранг-рўйига ҳайрон. Шифохонага ётқизамиз дейишса, расмий ҳужжатлари йўқ. Шу сабабли ижарадаги уйга доктор олиб келишди. У бошини сарак-сарак қилиб йигитнинг аҳволи оғирлигини айтди. Иш берган жиккаккина рус йигити роса асабийлашди. Йигитлардан икки-учтаси тил билгани учун унинг сўкинишларини тушунди, холос.
- Бошга бало ортирдиларинг, ўлиб қолса, менга яна ташвиш, - деди у докторнинг гапидан кейин ўқрайиб. – Ота-онасига хабар беринглар, олиб кетсин.

ҲАР ЕРНИ ҚИЛМА ОРЗУ...

Шаҳримиздаги стомотология поликлиникаларидан бирига тишимни даволатиш учун боргандим. Икки ёш йигитдан кейин навбатга турдим. Бехослан уларнинг суҳбати қулоққа чалинди. Уларнинг бири Россияга ишлашга кетаётган экан. Ўша йигит ёнидаги шеригига даставвал савол билан мурожаат қилди:
- Ҳарбий хизматинг масаласи нима бўлаяпти? Нима қиласан бориб? – деди у қўлидаги уяли телефонини ўйнатиб. – Ундан кўра мана менга бир йил хизмат қилсанг, анчагина пул ишлаб келардинг. Шу бир ҳафта ичида ҳал қилсанг, менинг ортимдан жўнайдиган 3-4 танишим билан бирга кетардинг, таниш проводник бор. Қўлингга рубьда озроқ пул олиб олсанг, яхши бўларди. У ёғига ҳам чекма, ўзим кутиб олман. Ўтган йили ҳам борганман.