пятница, 22 декабря 2017 г.

ЙИЛ САРҲИСОБИ ЁШЛАР НИГОҲИДА

Гулноз Мамарасулова – Боёвут тумани 9-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси:
– Умрнинг ҳар бир онини қандай сарфлаш, хайрли ишларнинг бошидан тутиш, вақтни мазмунли ўтказиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Ортда қолаётган 2017 йил менга ҳам қатор ажойиб лаҳзаларни тақдим этди. Албатта, бу тинимсиз изланишларим ва меҳнатларимнинг самараси, деб ўйлайман. Ушбу йилда магистратура босқичини аъло баҳоларга тамомлаб, магистр даражасига эришдим. Филология фанлари доктори, профессор М.Н.Холбеков раҳбарлигида "Илк инглиз романтизм шеъриятида шарқона мавзулар талқини" ("Interpratation of Orientalism in the Early English Romantic Poetry") мавзусида илмий изланишлар олиб бориб, мавзу юзасидан инглиз ва ўзбек тилларидаги мақолаларим Россия, Туркия, Озарбайжон каби давлатларда ҳамда республика илмий-амалий конференция тўпламлари ва журналларида нашр қилинди. Жиззах давлат педагогика институтида мустақил тадқиқотчи сифатида илмий фаолиятимни давом эттириш учун ўқишга қабул қилинганим, қувонарлидир. Шунингдек, жорий йилда республика ёш ижодкорлар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган "I Республика ёш ижодкорлар форуми"да қатнашиб, сертификат билан тақдирландим.  
Янги – 2018 йил ҳам остонамизда эшик қоқмоқда. У ўзи билан барчамизга янгидан-янги зафарлар, муваффақиятлар ва келгусидаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз учун куч-ғайрат бағишлашига ишончим комил. Ҳар бир фасли ўзига хос фазилатларга эга юртимиздан файз-у барака аримасин! Янги йил барча оилаларга қувонч, бахт-у саодат, тинчлик ва мустаҳкам соғлик ато этсин! Янги йилингиз муборак бўлсин, азизлар!

Дилбархон Холжигитова - Ўзбекистон жаҳон тиллари университети 4-босқич талабаси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси:
– Бугун мамлакатимиз ҳаётида бўлаётган ўзгариш ва янгиланишлар ёшлар ҳаётига бевосита таъсир этмай қўймаябди. Барча яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган кўплаб тенгдошларимнинг ютуқларидан қувонаман, уларга ҳавас ҳисси билан боқаман. Ана шу ёшлар сафида ўзим ҳам борлигимдан кўнглимда фахр ва ифтихор туйғусини туяман. 2017 йил мен учун жуда ҳам сермазмун ва омадли келди, десам муболаға бўлмайди. Йил бошиданоқ хушхабарларга бой бўлди. Москвада халқаро илмий тўпламда мақолам чоп этилди ва сертификат билан тақдирландим. 2016-2017 ўқув йилда А.Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлган бўлсам, мазкур янги ўқув йилида эса Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясининг илк қалдирғочи бўлиш насиб қилди. Шу ойнинг 4-санасида "Ўзбекистон Белгиси" кўкрак нишони билан тақдирландим.
Кириб келаётган Янги йил ҳаммамизга мана шундай омад олиб келсин. Кўзларимиз, қалбларимиз бахтдан порлайверсин!
Ёрқинжон Ҳайитбоев – Мизаобод туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси:
– Тугаётган йил мен учун жуда ҳам омадли келди. "Йил сардори" кўрик-танловнинг республика босқичида фахрли 3-ўринни эгалладим. Вилоят ҳокими менга планшет совға қилди. Бундан руҳланиб, янги-янги шеърлар ёздим. "Ифтихор" деб номланган шеърий тўпламим нашрдан чиқди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан биринчи марта ташкил этилган республика "Ёш тарғиботчилар" ўқув-семинарида иштирок этиб, сертификат билан тақдирландим. "Ёш китобхон" кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлдим. Ютуқларим ўз-ўзидан келган эмас, албатта. Бўш вақт топдим дегунча бадиий китобларни мутолаа қиламан.
Кириб келаётган Янги йилда ҳам юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Содда ва самимий ўзбек халқининг нурли юзидан табассум, чақноқ кўзидан қувонч аримасин!
Азиза Абиерқулова – Пахтаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси:
– "Бугун қандай ишларни амалга оширдим, нималар қилишга улгурмадим, эртага нималар қилишим керак?" ҳар куним якунида мана шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламан. Янги йил яқинлашар экан, бундай саволлар яна-да кўпроқ ўйга солади. Белгилаган режаларимни нечоғлик бажара олдим? Мен ўтаётган йилнинг ҳар бир сониясидан миннатдорман. Шукрки, ота-онам бағрида соғ-саломат улғаймоқдаман. Бундан ортиқ бахт борми дунёда? Яқинларимнинг қўллаб-қувватлаши туфайли ўз устимда тинмай ишладим. "Навруз ва қадриятлар", "Халқаро ёшлар саммити – 2017",  "Биринчи аёллар ва ёш қизлар республика форуми", "Ёш тарғиботчи – 2017", "Ессай cонтест 2017" каби бир қатор семинар-тренинглар, республика ва халқаро конференцияларда иштирок этишга мушарраф бўлдим. Иштироким давомида республикамизнинг ҳар бир гўшасида қадрдон дўстлар ортирдим. Демак, бу йил мен учун дўстлик йили ҳам бўлди.  17 ёшимда илк бор катта ишонч ва шижоат билан келажагимга дадил қадам қўйдим. Вилоятимизда амалга оширилаётган "Сирдарё вилояти баркамол қизлар клуби" лойиҳасининг вилоят координатори, Сардоба туман сардори сифатида фаолият юрита бошладим. Шунингдек, "Ёш лидерларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси"(ЙЛДП)нинг вилоятдаги етакчиси сифатида инглиз тилида сўзлашишни ривожлантирувчи "WЕ ЧАТ" клубини  ҳам самарали йўлга қўйиб, унга тенгдошларимни, ҳатто олийгоҳ талабаларини ҳам жалб этаолдим. Шуни айтишим мумкинки, мазкур йилда ўзимда лидерлик қобилиятимни намоён қилдим. "Орзуларим харитаси"га кўра, 2018 йилда ҳам янада кўпроқ ишларни амалга ошираман.
Тобора яқинлашиб келаётган Янги йил билан барча юртдошларимни чин дилдан қутлар эканман,  ҳаммаси ўзгача бўлишини тилаб қоламан. Янги бахт, янги омад ва янги муваффақиятлар олиб келсин!
Гулчарос Розиқова – Гулистон давлат университетининг 4-босқич талабаси:
– Мазкур йил ўқув фаолиятим ва илмий изланишим учун ўзига хос йил бўлди, десам адашмаган бўламан. Хусусан, илк бора Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган республика "Ёш тарғиботчилар" ўқув-семинарида иштирок этиб, сертификат билан тақдирландим. Муаллифлигимдаги "Тўпла! Танла! Қўлла" ўйинининг саралаш босқичлари ўз ниҳоясига етди. Бу ўйинимнинг мақсади фаол ва иқтидорли ёшларни саралаш, муаммоли вазиятларга ечим топиш, тенгдош-тенгдошга методидан фойдаланишдир. Бундан ташқари Американинг Халқаро хотин-қизлар учун ташкил этиладиган конференцияда иштирок этувчилар орасидан сараландим. Университетимизда ўтказилган "Ўзбек тили билағони" кўрик-танловида фахрли 1-ўринни эгалладим.
Янги йил барчамизга унутилмас ва улкан зафарлар олиб келсин. Барча тенгдошларимга ўқиш ва ишларида салмоқли натижаларга эришишларига тилакдошман.
Нодира Худойназарова – Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёт универститетининг 1-босқич талабаси:
Эски йилга қўл силтаб шодон,
  Янги йилга чиқаман пешвоз
  Бунда чорлар мени ҳар бир он
  Бунда бахтдир ҳар битта овоз.
Янги йил... Улкан марраларни кўзлаган, ўзини шу Ватанга, албатта, дахлдор деб билган ҳар бир ёш учун янги имкониятлар бошланмаси, эришилган ютуқлар сарҳисобининг давомидир. Якунлана ётган йил ҳаётимга унутилмас воқелар олиб келди. "Лолақизғалдоқ" номли шеърий тўпламим нашрдан чиқди, олийгоҳ талабаси бўлдим. Бундан ташқари, Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тўйига бағишлаб нашр этилган "Соғинч соҳиллари" номли республика ижодкорлар баёзидан туркум шеърларим жой олди. Мазкур йилнинг яна бир улкан туҳфаси бу – талабалик бахти бўлди. Давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишимда устозларимнинг, ота-онам ва яқинларимнинг ишончи ва изланишларим сабаб бўлди. Тил соҳасига қизиққанлигим учун шу соҳада илмий изланишлар олиб бормоқдаман.
Янги йил остонасида турар эканмиз, бу йил мен каби тенглошларимнинг тақдирида ёруғ кунлар қолдирганидан беҳад қувонаман. Ниятим, 2018 йил ҳам нурафшон лаҳзаларга бой бўлсин!
Севара Мусурмонова – Гулистон 1-академик лицейи 3-босқич ўқувчиси:
– 2017 йил мен учун чинакам маънода омадли йил бўлди десам, янглишмаган бўламан.  Хусусан, "Камолот" ЁИҲ томонидан ўтказилган "Йил сардори" кўрик-танловининг республика босқичида фаол иштирок этдим. Мазкур кўрик-танлов доирасида ташкил этилган "Камолот телестудияси намоиш этади" танловида 140 нафарга яқин тенгдошларим орасида фахрли 1-ўринни эгалладим. Сирдарё телевиденияси ҳамда "Камолот" ЁИҲ ҳамкорлигида ўтказилган "Жозиба" ва "Тақдимот" теле-танловида 1-ўринга лойиқ топилдим.  Сентябр ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши қошидаги "Пресс клуб" етакчиси этиб сайландим. Менга берилган ишончни муносиб оқлаш мақсадида вилоятимда бўлаётган воқеа ва тадбирларни босма ва интернет нашрларида, телевидение ва радионинг 98,6 частотаси орқали эфирга узатилаётган эшитирилишларда ёритишга ҳаракат қилмоқдаман. Бундан ташқари адабиётга ҳам қизиқишим бўлгани боис, "Умр довони" деб номланган илк китобим шу йилда нашр этилди. Унда туркум шеърларим ва ҳикояларим киритилган. Олдимга қўйган орзу, умидларим ҳали бисёр. Албатта, бунинг барчасига эришиш учун ўқиб, изланишим даркор.
Тобора яқинлашиб келаётган Янги йил барчамиз учун қутлуғ келсин. Янги умид ва мақсадларимизга эришиш учун омад биз томонда бўлсин!
Давлатжон Нурмаматов – ёш санъаткор:
– Ёшликни умр баҳорига қиёс қилишади. Қалбда ғунчалаб ётган не-не орзулар, умид ва режалар мақсад сари етаклаганда шижоатинг ўзгача бўлади. Ана шундай жўшқинлик билан 2017 йилни якунланиб қолганини сезмай ҳам қолаяпмиз.
Ўзим мусиқа соҳасида таҳсил олганлигим боис мазкур йилда салмоқли ютуқларга эришаолдим. Жумладан, апрел ойида Франциянинг пойтахти Париж шаҳрида Америка-Европа Холдинг маданий тадбирлар, фестеваль ва кўрик-танловлар ташкиллаштирувчи ташкилот томонидан ўтказилган Халқаро танловда фахрли 1-ўринни эгалладим. Шунингдек, 22-май куни "Созлар навоси" халқ чолғулари ижрочилари республика танловида ғолиб бўлдим. Бу эса менга кўтаринки руҳ, маънавий рағбат бўлди.
Ниятим, Янги йилда ҳам ютуқларимиз мана шундай бисёр бўлсин. Устозларимиз, ота-онамиз, дўстларимизнинг ишончини оқлаш насиб қилсин.
 Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий