воскресенье, 28 января 2018 г.

АЖДОДЛАР ЖАСОРАТИ ИБРАТ

Куни кеча Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда бир гуруҳ сирдарёлик ёшлар пойтахтга ташриф буюришди. Илк марта ёшлар Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати музейига қадам ранжида этишди.

Буюк аждодларимизнинг қилган ишлари, кўрсатган жасоратлари бугунги кунда миллатимизнинг ҳақиқий тарбиясига айланмоқда. Ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларини сингдириш, уларда Ватанга бўлган муҳаббат, садоқат руҳини янада шакллантириш, миллат тарихини  пухта ўзлаштиришга даъват этиш, сиёсий маданияти, ҳуқуқий саводхонлиги ва онгини юксалтиришга кўмаклашиш мазкур учрашувнинг асосий мақсадидир.
Куннинг биринчи қисмида сирдарёлик ёшлар Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати музейига йўл олишди. Мозийга саёҳат бир олам таассуротларга бой   тарзда ўтди.  Музей 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, унда 1917 йилдан то ҳозирги кунга қадар бўлган хавфсизлик хизматига оид тарихий маълумотлар сақланиб келинади. Мавжуд  5 та зални ёшлар катта қизиқиш билан кўздан кечиришди.

Биринчи залда ўзбек давлатчилиги тарихида махсус хизматларнинг ўрни ва роли, Амир Темур ва ундан кейинги Хива, Бухоро, Қўқон хонликлари даврларида ҳарбий юришлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзлари жой олган.
Иккинчи залда эса Ўзбекистонда совет ҳокимиятини ўрнатишда курашган ВЧК, ГПУ, ОГПУ махсус хизматлари - жазо органлари, совет истибдодига қарши кураш, 20-30 йиллар сиёсий қатағонлари билан танишдилар. Шунингдек, бу фойеда қўпорувчилик ҳаракатларига қарши курашган, халқимизнинг хавфсизлигини, тинч турмушини таъминлашга ўзининг катта  ҳиссасини  қўшган "Жасорат" медали соҳиби, жиззахлик  афсонавий разведкачи Баҳром Ибрагимовнинг 100 йиллиги муносабати билан ясалган бюст ҳам жой олган.
Учинчи залда эса Ватанимиз мустақиллиги учун жон фидо қилган юртдошларимиз, МХХнинг фахрий ходимлари ҳақидаги маълумотлар билан танишилди. Ўзбекистон Республикаси МХХ раҳбарларига хорижлик ҳамкорлар томонидан тақдим этилган туҳфалар ҳаммада қизиқиш  уйғотди.
Тўртинчи залда Ғарб давлатлари билан "совуқ" уруш авж олган даврда мамлакатимизнинг хавфсизлик органлари фаолияти, сиёсий қатағонлар, Афғонистон халқига кўрсатилган байналминал ёрдамда ҳалок бўлган ватандошларимиз ҳаёти аксини топган.
Бешинчи залда МХХ ходимларининг спорт соҳасида эришган ютуқлари  жой олган. Шунингдек, жасур юртдошларимизниг халқаро террорчиликка қарши курашдаги фаолияти тасвирланган.
Ёшлар музейда кўпорувчилик, зўровонлик, қотиллик, бузғунчилик ва террорчиликни бартараф этишда юрт  тинчлиги учун жонини фидо қилган ватандошларимизнинг кўрсатган жасоратлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланганининг гувоҳи бўлишди. Бу довюрак юртдошларимиз эл тинчлигини сақлашда керак бўлса, ширин жонларини ҳам аяшмади. Йироққа кетганларида ҳам қалбларида Ватанга бўлган муҳаббат асло сўнмади, асирликда қолганларида ҳам хиёнатга юз тутмадилар. Ватан сарҳадларини мардонавор ҳимоя қилиб, ёвуз ниятли кимсаларнинг  ғараз мақсадларини рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилишди.
Тарих китобларида ўқиган, эшитган маълумотларни реал ҳаётда ҳужжатларда кўриш кишига бошқача таъсир қилади. Ватанга бўлган чин муҳаббат туфайли ўз жонларини халқи остойишталиги учун қурбон қилган юртдошларимизнинг номи тарих зарварақларида зарҳал ҳарфлар билан муҳрланиши муқаррар. Уларнинг ибратли ҳаёт йўллари ўсиб келаётган баркамол авлодга ҳам руҳан, ҳам маънан намунадир. Ҳар бир фуқаро Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларини қалбдан адо этсагина, юртимиз янада тараққий этади, кўзланган мақсадларга эришилади.

Куннинг иккинчи ярмида сирдарёлик ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тасарруфидаги "Китоб олами" дўконига боришди. У ердаги турфа хил китоблар барчани ҳайратлантирди. Ҳар бир ёш ўзига манзур бўлган китобларни ҳарид қилишди. Бундай замонавий, шинам ва кўркам китоб дўконидан исталган китобларини топа олган ёшларнинг қу-вончлари чексиз бўлди.
Уюштирилган бундай саёҳат ёшларни мамлакатимиз ҳаётида амалга оширилаётган ислохотларда фаол иштирок этиш, юрт тинчлиги ва    осойишталиги йулида садокат ва фидойилик билан хизмат килишга ундаб қолади.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий