среда, 28 февраля 2018 г.

КИМНИНГ ТЎЙИ ЧИРОЙЛИ?

Халқимизда “топганинг тўйларга буюрсин”, деган ажойиб нақл бор. Дарвоқе, ўзбекнинг  ҳар куни, ҳар куни тантана. Яқинда бир танишимизнинг яхши ният билан қилган тўйига бордик. Никоҳ базмида хонандалар галма-гал шўх қўшиқ айтиб, даврани қиздиргандан-қиздиришарди. Кутилмаганда тўйхонада чироқ ўчиб қолди. Гурра-гурра рақсга тушаётганлар  жой-жойига тарқалишди. Аллақандай сокинлик ҳукм суриб қолганида доиранинг жаранги ҳамманинг эътиборини тортди. Ана энди томошани кўринг, ёши каттароқ онахонлар доира оҳангига мос ҳолда рақсга тушиб кетишди. Миллий қўшиқлар доира жўрлигидан янграб даврага бошқача руҳ бағишлагандек бўлди. Бояги алатаъсир ҳолатдан фарқли ўлароқ, даврага  файз киргандек бўлди, назаримда. Минг қилсаям ўзимизнинг доирага, жонли овоздаги қўшиқларимизга тенг келадигани йўқ-да, деган фикр кечди кўнглимдан.
Чироқ ёнгач, даврада яна ола-ғовур бошланди. Қулоқни қоматга келтирадиган кучайтиргичлардан фонограммалар янграй кетди. Ҳозиргина оққушлардек қанот ёйиб бир-бировига хиром қилаётган меҳмон – раққосаларнинг  ўрнида ажнабий мусиқага мос равишда сакрайдиганлар даврага тушди.
- Чироқ ўчиб тургани яхши эди, бир мазза қилиб ўйнаётгандик,- деди бир ёши улуғ аёл- Ҳозирги ёшлар шу, “битис-битис” бўлса бас, эчкидек сакрайверадилар.
 – Сакрагани майлику-я кийимларини қаранг, бу баланд пошнада  қоқилиб оёғи синмаса дейман,- суҳбатга қўшилди бошқаси. – Бизнинг давримизда сочини ота-онаси эрта ўлганлар, эри ўлганлар аза куни ёйиб олишарди, тавба булар тўй-ҳашамга соини ёйиб келади-я…
- Асти қўяверинг, опа,- деди яна бирови. Минг “модница” бўлгани билан ҳозиргина янграган доира рақсига ўйнолмадилар-ку? Чет элча қўиқнинг маъносини билмай дикир-дикир ўйнагани билан  “Муножот”ни тинглайолмайди  рақсига тушиши тугул. Эй, ҳозирги ёшларга гап уқтириб бўлармиди?
Улар билан ёнма-ён ўтирганим учун суҳбатларини тинглаб узоқ ўйга толдим. Ростдан тенгдош қизларимиз нега сочини ёйиб олишади? Кўркамлик учунми, узун сочларини ўриб олишса ёки турмаклашса янам жозибали кўринмайдими? Йигитларгаям ҳайронман, маъносига тушунмайдиган алламбало ашулаларга шунчалар берилиб ўйинга тушишадики, шу истеъдодини саҳнага бағишлмаганига лол қоламан.
 Тўй тугагач  курсдош дугонларим билан  ўз мулоҳазаларимни ўртоқлашдим.
- Университетда ўқиётганимизда халқ қўшиқлари бўйича очиқ дарс ўтганимиз эсларингдами?- деди курсдошим Дилшода. - Очиғи, роса мазза қилгандик. Ўзмизнинг лапарларимизни, “ёр-ёр”ларимизни, ўланларимзни жўр бўлиб айганимизни ҳатто видео тасмага ҳам тушириб олгандик. Танишларим шу видеони томоша қилишганида жуда ҳам ҳаваслари келишади. Нафақат дарсларда, балки бошқа йиғилганларимизда ҳам катталар бизга намуна бўлиб шунга амал қилишса, қадриятларимиз барҳаётлиги таъминланармиди.
- Ростдан тўйларда жонли қўшиқ ижро этишни йўлга  қўйиш керак,- деди Дилафрўз куйинчаклик билан. - Куёв жўралар билан келин дугоналари жонли ижрода лапарлар айтишсин. Ҳозирги тўйда бечора келин-куёв фақат суратга тушиш билан овора. На бировнинг табригини эшитади, на рақсини томоша қилаолади. Саҳнага тўхтовсиз оқиб чиқаётган сон-саноқсиз “Ювуқли-ювуқсиз” меҳмонларнинг чўлпиллатиб келинни ўпишлари-чи, сира ёқмайди.
Дарвоқе, бугунги замонавий, илмли ёшларимизнинг аксарияти ўз тўй-базмларини одоб билан, маданиятли, халқона ўтишини исташади. Ота-оналарнинг, ёши улуғларнинг уларга билдираётган дил истакларини, насиҳатларини кейинчалик ҳам  видео тасвирларда кўриб, тинглаб, ҳаётий хулоса чиқаришса қандай яхши. Балки аксинча,  улар ўз тўйларида боши айланган  бузоқдек ўзини ё ёнга, бу ёнга урган “кайфи тароқ”ларни,  ҳали бир-бирини ўрганиб улгурмаган куёвнинг олдида (майли қариндош эркаклари бўлсаям) келинни қучоқлаб ўпишларини томоша қилишадими? Шу ўринда йигит-қизларга қарата шундай дегим келади: азизлар, биз дунёга юксак маънавияти, маърифати ва илми билан танилган улуғ зотларнинг авлодимиз. Катталар олдида ердан кўзини узмай ибо билан турадиган чинакам ўзбек момоларнинг ворисимиз. Тўйларимизнинг қандай ўтиши, унда қандай қўшиқлар ижро этилиб, рақсларга тушиш, албатта, ўзимизгаям боғлиқ. Ўзлигимизни, миллийлигимизни ва шарқона одоб-ахлоқимизни унутмайлик. Назаримда йигит-қизлар никоҳ базмини шундай ташкиллаштиришлари лозимки, маърифатга йўғрилган, ихчам, камчиқим, ўзбекона руҳдаги бу тўй ҳамманинг хотирасида узоқ вақт сақланиб, ибратга айлансин. Ана шундагина катталар ҳам, ёшлар ҳам кимнинг тўйи чиройли ўтганини саралаб олишади.
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий