вторник, 16 января 2018 г.

"ҲЕЧ НАРСА ТОЗА ҲАВОГА ЕТМАЙДИ”

Болалигидан  спортнинг бокс тури билан шуғулланиб келаётган Умиджоннинг (мақолада исмлар ўзгартирилган) кучли мушакларидан Азамат қинғир ишда фойдаланишни ўзига эп кўрди. Ёш йигитнинг ишонувчан, соддадиллиги унга ўз муаммосини осонгина ҳал этишда қўл келди...


... Азамат билан таниши Хуршид орасидан "ола-мушук" ўтди. Ундан қай тарзда ўч олишни узоқ вақт ўйлаб юриб, тўғри йўлдан борса муродига етолмаслигини англади. Бувисининг қармоғидаги ёш спортчининг кучини ишга солиб, уни адабини бериб қўйиш режасини тузди. Ўз акасидек бўлиб қолган Азаматнинг «хўрланган»ини кўриб раҳмдил Умиджон кўмак беришга тезда розилик билдирди. Аслида йигитча  соддалиги боис танганинг бир томонини кўриб, унга розилик билдирганди. Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг ўқувчиси Умиджон жиноят ишига қўл ураётганини билганмикан?
Айёрона режага асосан, ёлланган такси машинасида Умиджон Янгиер шаҳридан пойтахтга йўл олди. Машинадан тушмаган ҳайдовчи узоқдан 40 ёшлар атрофидаги Хуршид акани кўрсатди. Машинадан тушган Умиджон кутилмаганда уни роса дўппослаб, воқеа жойидан ғойиб бўлди. Минг афсуски, ҳеч бир жиноят жавобсиз қолмайди, деганларидек, тез орада Умиджонни тегишли ташкилотлар қидириб қўлга олишди. Умиджоннинг ишонган Азамат акасини қидиришганида эса у  Россияга қочиб кетгани маълум бўлди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Янгиер шаҳри раиси Жаҳонгир Шербеков мазкур иш юзасидан ўтказилган судда бевосита иштирок этди. Унинг кафолот хати ҳамда Янгиер шаҳридаги "Шодлик" маҳалласи, Янгиер шаҳар ИИБ, Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи томонидан берилган ижобий тавсияномаларга асосан Умиджон  суд залидан шартли равишда озод этилди. Унга қўйилган Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 2-қисмининг "е,к" бандлари бекор қилинди.
– Президентимизга катта раҳмат! - дейди Умиджон суҳбатимиз давомида. – Шунчалик бизга кенг имкониятлар яратиб берилган. Энг фаол етакчилар сафида бўлишга ваъда бераман. Коллежни тамомлаб олийгоҳга ўқишга кириб, олий маълумотли бўлмоқчиман. Ўйлаб қарасам, эртага ким бўламан? Келажагимни ўзим ўз қўлим билан яратаман-ку. Юртимизга хизмат қилишга ҳаракат қиламан.  Ҳеч нарса тоза ҳавога етмайди. Буни 3 ойлик «қоронғу»ҳаётим давомида чуқур англаб етдим...
Ота-она фарзанд тарбиясига ҳамиша масъул. Уни оқни оқ, қорани қора деб ажратишга ўргатувчи мураббий. Фарзандларга гар юқтирмай вояга етишига жавобгарлик уларнинг ҳам зиммасида. Мўмай даромад топаман деб, жигарини боши берк кўчаларга кириб қолишига ким сабабчи? Меҳр пулда эмас, кўзда эканлигини унутмайлик.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий