понедельник, 24 апреля 2017 г.

Қатралар
ЯШАШ

Қатқаноқ бўлиб кетган тепаликда тошлар орасидан бўртиб чиққан бир дона лолақизғалдоқ очилиб турибди. У ҳам яшаш учун, завқ олиш учун дунёга келди. Ўзининг фусункор жозибаси билан тепаликка гўзаллик бахш этиб турганини билганиданидами... Уфурган ҳаёт нафасидан тўйиб-тўйиб баҳра олишни, яшаш бардошини, саботни сендан андоза олгим келди!


КЎЗЁШИ

Дув-дув тўкилаётган кўзёшларини тўхтатолмайди у. Унсиз йиғлаш нақадар мушкул. Болиши кўзёшлари билан тўйинди бу кеча. Йўқ, у яқнларига безовта кўнглини, дард тўла ҳасратини тўколмади. Унга қайғуришларини, ачиниш кўзи билан боқишларини истамади. Чунки у аёл! Сабот ва сабрдан либос кийган аёл!
Тун зулмати тугаб, кун ёриша бошлади. Қайноқ тафти билан йиғидан ишган қовоқларини силаб, жилмайди: “Мен учун аталган кунлар ҳали олдинда”...

ЁМҒИР

Токча олдида ёмғир сувидан ичаётган тувакдаги гуллар барги ажабтовур товланаябди. Унинг бағри дили янграётганини сезган икки тўти ҳамоҳанг чуғурлашиб, авж пардасига кўтариб куйлашаябди. Шитирлаб ёғаётган ёмғир уларга илҳом берганидан қувониб, ўйноқилаганча очиқ деразадан уй томон бош суқмоқда. Кўнгил, сен ҳам булар каби завқланақол!

АЙРИЛИҚ

Бир ҳафтадан бери унинг мажоли йўқ. Кун сайин оғирлашиб бормоқда. Якшанба тонгидан беозоргина жони узилди. Ёнидаги жуфти тепасида маъюсгина “қилт” этмай ўтирар, гўё у билан вижолашаётгандек эди. Шу куни у сув ҳам ичмади, тариқ ҳам емади, ҳатто сайрашни севсада сайрамади ҳам. Ҳа, у ҳудди инсонлардек рафиқасига аъза тутди! Садоқатда қушлар ҳам тенгсизлигини, ёлғизлик бошни эгишини исботлади...

ЭГРИ ҚЎЛ

Шошганча шкафни очилиб, чўнтакка қўл суқилди. Даста пуллар орасидан озроқ олиниб, қолгани жойига пайпаслаганча қўйилди. Бу иш бир қилинди, икки қилинди ва одат тусига кирди...
Орадан йиллар ўтиб, хонадондан бир ҳафта илгари узатилган қиз қайтиб келди. Қудалар “Қўли эгри  керак керак эмас!” дейишди шарта. Сочига бир-иккита оқ оралаган она жойида тошдек қотди. У ўтмиши билан тўқнашди!
Ҳа, бежизга бу дунё қайтар дунё, дейишмаган...

ЎЙ

Баҳор ёмғири билан атрофни фусункорлигини кўрсатади. Гуллаган дарахт баргини шу кунларга етгани учун ювиб, ардоқлайди. Сабза майсаларнинг бўйи чўзилишини истаб, ўйноқилаб ёғади. Тартовлардан шарқироқ сойларнинг садолари келади. Соябон остида ёшлик нафасидан тўйинганча атрофга боқамиб, энтикиб нафас оламан. Табиат – сен каби кўнглим кенг ва дилбар бўлишидан узоқлаштирма мени!

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий