понедельник, 24 апреля 2017 г.

ҚЎРҚҚАНГА ҚЎШ КЎРИНАР
Отамнинг ҳикоялари
Апрель ойи, ҳаво совуқ. Уйимизда ўтин қолмаган. Ҳар куни амакимнинг ўғли билан далага, боққа бориб оз-моз тараша, ўтин топиб келишга ҳаракат қилардик. Ўшандай кунларнинг бири. Тушликдан сўнг қопимиз, болталаримизни олиб боғ томон йўлга тушдик. Боғ кенглигиданми, дарахтларнинг кўплигиданми қўрқинчли туюларди. Бир маҳал боққа кираверишдаги дарахт тагида баҳайбат “қорадев” ўтирарди. Иккаловимиз нима қилишни ўйлаб қолдик. Боққа қандай бўлмасин киришимиз керак-ку! Қўлимизга болтамизни олиб, шеригим у ёндан, мен эса бу ёндан кириб, икки тарафлама зарба беришга келишиб олдик. Яқинлашсак, катта қанор қоп тўла буғдой бўлиб чиқди. Қоп девор соясида бизга қўрқинчли кўринибди. Буғдойни иккига бўлиб, қопимизни тўлдириб уйга қайтдик. Отам раҳматли роса сўроқ қилди. Онам ёнимдан кириб, “Қаёқдан ўғрилик қилади?” деб отамни тинчлантирди. Эртаси куни кеч тушганида колхоз қоровули Абдулла ака бизникига келди.

- Биласиз, ишчиларга пул берилмаябти. Ҳаммалари оч, бечорлалар. Кеча бир қоп буғдойни сепаётган уруғдан яшириб,  боққа қўйиб қўйгандим. Ҳеч бўлмаса кечқурун тегирмондан чиқариб, уларга нон қилиб бермоқчи эдим. Ўғлингиз шу буғдойни олиб кетибди-да...
Отам ҳалол, тўғри сўз инсон бўлганлар. Қопдаги буғдойни узр сўраб, қайтариб бердилар. Қоровул қопдаги 1-2 килограмм буғдойни бизга берди. Аслида ўшанда ўзимизнинг уйимизда ҳам нон қолмаганди...

“ҲАЛИМАХОН, БУ ЁҚҚА ЧИҚИНГ!”

Илгари қишлоқда битта патефон бўларди. Шу патефонни амаким аллақанча пулга Тошкентдан сотиб олганди. Ҳар куни кечқурун даладан қайтган деҳқонлар эринмасдан амакимникига келишарди. Патефондан чиқаётган куй ҳаммага яхши эшитилиши учун амаким уйининг томига қўйиб қўярдилар. Йиғилганлар томга қараб қўшиқ эшитишарди. Биз-ку, боламиз, ҳатто катталар ҳам: “Болам, қўшиқчининг ўзи қани?” дейишарди. Амаким: “Ҳозир, ҳозир чиқади” деб куларди. Содда қишлоқликлар: “Ҳалимахон, бу ёққа чиқинг!” дейишдан чарчамасди. Улар қўшиқ куйлаётган Ҳалимахонни кўришга астойдил ишонишарди.

“ВИНО КЕРАК”

Колхоз раисларига машина берила бошлади. Тоғам ҳайдовчилик курсида ўқиганликлари учун раиснинг ҳайдовчиси бўлиб ишга кирди. “Полуторка” деб аталувчи машинада кетишаётганда, йўлда тўхтаб қолибди:
- Нимага тўхтадик? – деб сўрабди раис.
- Мойи тугабди, мойи, - дея жавоб берибди тоғам.
- Бу қанақа мой ичади?
- Мой эмас, “қизил” вино керак бунга.
Раис шу яқин атрофдаги дўконга бориб учта вино кўтариб келибди. Тоғам винони четга олиб, бензинни қуйиб, машинани юрғизибди. Бундан бехабар раис анча вақтгача “Бу машина деганлари вино ичакан”, деб гапириб юрган экан.

ИЛОН БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

Мактаб директори бўлиб ишлаган кезларимда юз берган бир воқеа сира ҳам ёдимдан чиқмайди. Ўқувчиларни пахта чопиққа олиб чиққандим. Кун иссиқ. Тушлик вақти яқинлашгач, ўуқвчиларга уйга кетишга жавоб бердим. Ўқувчилар: “Сиз-чи?”, деган ишорасига: “Кетаверинглар, ҳозир”, деб ариқдан оқаётган сувни кўрсатдим. Мен тезлик билан оқаётган сувда ювинмоқчи бўлдим. Атрофда ҳеч ким қолмагач, бир қадам ташласам, ҳуштак чалинди. У ёқ-бу ёғимга қарадим, бирон бир шумтака яшириниб олдимикан деб. Йўқ, даланинг қоқ ўртасида ёлғиз ўзим. Сўнг яна бир қадам ташласам, бояги ҳуштак такрор чалинади. Ажина борми, деб ўйлаб қўрқиб кетдим. Ариқ мен турган жойдан 10 метрлар узоқроқда чамаси. 2 метр келадиган илон кимгадир ҳуштак чалаётганди. Шу пайт ёнимдан шиппиллаб бир илон ўтиб кетди-да, кенглиги 1,5 метрлик ариқдан сакраб ўтди. Ариққа яқин бориб қарасам, сув тушиб кетаётган жойда катта ғор бор экан. Мени ўшанда Худо асради. Акс ҳолда билмадим...
Туркман деган қишлоқда Эргаш деган илончи яшарди. У қаерда илон бўлса ушлаб, пойтахта олиб бориб сотарди. Унга ўзим кўрган илоннинг таърифини келтирсам, хурсанд бўлиб: “Худди шунақасини излаётгандим”, деди. Кейин у ўша илонни ушладими, йўқми билмадим.

Ё ҲАЁТ, Ё ЎЛИМ

1918 йиллар очарчилик бошланган. Қишлоқда кўп одамлар очликдан ўлиб қолишаябти. Амаким камбағалларни ҳимоя қилиб юргани учун кўпчилик уни “раис” деб аташарди. Ана шундай очарчилик кунида амакимнинг олдида тоғаси келиб:
- Жамол, уйдамисан? Энди нима қиламиз?! Очликдан ўлиб кетамизми? – дебди тоғаси.
- Эл тўғри бўлса, тўғри бўл. Элдан чиқма, деган гап бор. Ҳадемай арпа пишиб қолади, - дебди амаким.
Лекин тоғалари ўзига пишиқ одам бўлган. Ўша пайтлари кимлардир уйнинг ичида ўра қазишиб, буғдойини жойлаштириб устида ётишган. Айримлари эса буғдойни ҳовлига яшириб қўйишган. Жамол амаким тоғасиникида 2 та ўра борлигини биларди. Эртасига маҳалладан тўрт нафар дўстларини чақириб, тоғасининг уйига боради.
- Мен томнинг тепасида ўтираман. Сизлар ўрани излайсизлар. Мабодо тоғам билиб, ташқарига чиқса, тепадан зарба бераман, - дея амаким режа тузади.
            Улар иккала ўрани ҳам топишади. Биридан арпа, биридан буғдой чиқади. Тоғасига раҳми келиб, 30 кило буғдой қолдириб, қолганини олиб, 2 килограмдан муҳтож хонадонларга буғдой, арпа тарқатиб чиқишади. У пайтлар ҳамманинг уйида ёғирчоқ – қўлаки тегирмон бўларди. Тонг отиши билан тоғаси амакимникига ҳақиқий йиғиси билан келади. Жамол амаким буни олдиндан сезгандек, онасига: “Кечаси пичанга қоровулликка кетган, денг”, деб тайинлабди. Хуллас, ўша кезларда амаким кўпчиликни очликдан сақлаб қолган.


Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий