понедельник, 24 апреля 2017 г.

Қатралар
ТУШ

Тушларимга ишонаман! Улар бахтли кунларимдан нишона берадилар. Яшил кенгликларнинг эрка қизи эканлигим рост.
Мен тушлар бағрида зангори осмонда учаман, орзуларимнинг гул тўла қучоғида сезаман ўзимни. Бахтлиман-ку, ўнгим тушдан гўзал. Тушларим яхши кунларимнинг элчиси, даракчиси.



ТАБИАТ СЕҲРИ

Баҳор баҳорлигини исботлади. Оқ ёмғир ёғди. Бирам ажойиб, бирам хушҳаво. Булутлар орасидан янги келинчак мисоли қуёш мўралаб-мўралаб қўяди. Ҳамманинг қалбида кўклам нашидаси, севинчи...
Мана шундай гўзаллигини ҳамиша сақласа-да бу кўҳна дунё...

ҲАЙРАТ

Ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмак сувда ола ҳакка чўмилаябди. Худди инсондай, ўзини сувда шўнғитиб-шўнғитиб олаябди. Қора тумшуқларини, кулранг қанотлари-ю, сариқ тирноқли оёқларини сувда тозалади. Қуруқроқ ерга ўтиб, сувни атрофга силкитиб, қоқиб юборди-да, учиб кетди.
Эҳ-а, ҳатто ола ҳакка ҳам ўзига оро бераркан, ювилиб-таранаркан...

КАПАЛАК

Қанотлари ранг-баранг капалак гулдан гулга қўнади. Ҳозир гўё ундан бахтлиси йўқдек: соғинганда кўришган дўсти висолидан маст. Кимдир капалакнинг енгилтабиатлигини, кўчиб-кўчиб юрганлигини қоралайди. Йўқ, менимча, у бу таърифга лойиқ иш қилмаябди. У барчани баровар севиб, ардоқлаб, гўзалликни қадрлай олган ижодкор...

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий