ЮНЕСКО томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган турли санъат фестиваллари,
кўрик-танловлари кўпчиликнинг эътиборини қозонган. Қадимий ва навқирон Хива шаҳрида бўлиб ўтган "Рақс сеҳри" анъанавий рақс фестивалида республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган
бадиий жамоалар қаторида "Сирдарё наволари" академик
ансамбли ҳам бор.
Шуни алоҳида
таъкидлаш жоизки, фестиваль доирасидаги "Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро туризмнинг барқарор ривожланишида
маданий мероснинг тутган ўрни" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бетакрор юртимиз гўзалликлари билан бир қаторда ўлмас санъатини ифода этди.
Хорижлик сайёҳларни ўзига мафтун этган 26 гектарлик
майдонни эгаллаган улкан очиқ осмон остидаги
музей- Ичан қалъада бўлиб ўтган фестивал тадбирлари иштирокчиларда
унутилмас таассуротлар қолдиргани шак-шубҳасиз. Санъат уйғунлиги билан ҳамоҳанг тарихий обидалар кўриниш кишида завқу шавқ уйғотади.
Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўз санъатини
намоён этиб, мухлислар эътиборини қозонган
сирдарёлик раққосалар маҳорат билан
ижро этган "Сават" рақси танлов иштирокчиларини мафтун этди.
– Биз бу "Сават"рақсини Корея давлатидаги халқаро фольклор
рақс фестивалига тайёрлаб борган эдик, - дейди ансамблнинг
бош балетмейстери, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими аълочиси Барнохон Холиқова. – Ўшанда бу рақс илк
марта ижро этилди ва шу-шу қаерга бормайлик у жамоамизнинг чин маънодаги "Ташриф қоғози"га айланиб
қолди. Энг муҳими, бу рақс чин маънода сирдарёча рақс саналади.
Танлов якунига кўра
ушбу рақс учун "Сирдарё наволари" ансамбли
"Энг яхши рақс ижроси учун" номинацияси ғолиби бўлди ва диплом
ҳамда эсдалик туҳфалари билан тақдирланди.
Эътирофга молик томони шундаки, раққосаларнинг устози Барно Холиқова "Энг
яхши балетмейстр" номинациясига сазовар бўлди.
Рақс танлови ҳакамлар ҳайъати
раиси, таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Мадраҳимова
сирдарёда ўзига хос рақс мактаби яратилгани ва у ерда бетакрор рақс гулдастаси тайёрлангани тўғрисида алоҳида тўхталиб
ўтгани, вилоятимиз санъаткорларини янада руҳлантирди.
Санъат – қалб
гўзаллиги ифодасидир. Барнохон Холиқова
яратаётган ҳар бир рақсда сирдарё муҳити, урф-одатлари ва ўзига хослиги, янгича ёрқин ифодасини топишига ишонамиз. Ўз навбатида истеъдодли раққосаларимизга сирдарёча рақслар гулдастаси тайёрлашларида
фақат омад тилаб қоламиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий