пятница, 22 декабря 2017 г.

“ШУНДАЙ ЮРТДА ЯШАШ БАХТ”

Султонов Сарвар Тўлқинбек ўғли – 1989 йил 19 июлда Сирдарё вилояти, Оқолтин туманида туғилган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

МЕНИ ШАКЛЛАНТИРГАН МУҲИТ...
Дастлаб, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатига сардорликдан кириб келганман. 2004 йилда мактаб сардори сифатида фаолият юрита бошлаганман. Кейинчалик Гулистон 1-академик лицейида сардорликни давом эттирдим. Гулистон давлат университетига ўқишга қабул қилинганимдан сўнг 2007-2011 йиллар давомида Физика-математика факультетининг еткачиси бўлдим. 2010 йилдан бошлаб "Камолот" ЁИҲ ҳомийлигидаги "Еткачи ёшлар ўқув маркази"нинг вилоят координатори сифатида ишга кирдим. 2011-2013 йилларда Тошкент ахборот технологиялари университетига магистратурага кирганимда ҳам факултьтет еткачиси ҳамда Марказий Кенгашда тадбиркорлик лойиҳалар бўлимида фаолият кўрсатдим. Кейинчалик бош мутахассис бўлдим.
Ватан олдидаги бурчимни оқлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтдим. Шундан сўнг "Камолот" ЁИҲ  (ҳозирги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) Оқолтин тумани кенгашига раис этиб сайландим. Орадан бир йил ўтиб "Камолот" ЁИҲ вилоят Кенгаши қошидаги "Камалак" болалар ташкилотига раис бўлдим. Кўплаб лойиҳаларни болажонлар билан бирга амалга оширдик. Иқтидорли ўқувичларимизни бир мақсад  йўлида имкон қатар бирлаштирдик. Мени ҳақиқий ижтимоий шахс сифатида жамиятга киритган "Камолот" ЁИҲ бўлади. Ёшлар орасида ўз ўрнимни топишимда ва шаклланишимда унинг ўрни беқиёс. Тенгдошларим қатори ёниқ қалб ва зўр иштиёқ билан ёнма-ён интилиб яшаш, келажак сари дадил олға қадам ташлаш ҳамиша руҳлантиради.
 ЮТУҚЛАРИМ ПОЙДЕВОРИ БОЛАЛИКДАН БОШЛАНГАН
"Ёшлар ҳамма соҳага кириши керак", деган шиорим бор. Ҳамма соҳани пухта эгаллашга қизиқиши лозим. Болалигимидан спортга қизиққанман. Спорт соҳасида қўлга киритган энг катта ютуғим Фарғона вилоятида ўтказилган "Умид ниҳоллари" спорт мусобақасининг республика босқичида катта теннис бўйича фахрли 3-ўринни эгаллаганимдир. Бу эса болаликдаги энг биринчи ва эсда қоларли ютуғларимдан биридир. Олийгоҳда ўқиш давримда информатика фани бўйича республика олимпиадасида 3-ўринни олганман. Бундан ташқари кўплаб ижтимоий-сиёсий танловларда ҳам қаташиб, салмоқли ютуқларни қўлга киритганман. Талаблик давримда мана шу ютуқларим инобатга олиниб, Мирзо Улуғбек номидаги Давлат стипендиясига лойиқ топилдим. Қолаверса, "Иқтидорли талабалар учун стипендиялар" дастури, "Камолот" стипендияси", "Касаба уюшмалари стипендияси"га эришдим. Магистратурада таҳсил олишим давомида ҳам ютуқларимни бойитиб бордим. Ишсизликни олдини олиш бўйича кўплаб лойиҳаларни қўлдан келганча амалга оширдик. Оқолтин тумани кенгаши раиси лавозимида ишлаганимда "Энг яхши туман кенгаши", "Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси" сифатида эътироф этилдим. Бу йил эса муҳтарам Президентимиз томонидан "Дўстлик" ордени билан тақдирландим. Ушбу мукофот келгуси фаолиятим учун берилган бўнак, деб ҳисоблайман. Демак, яна-да кўпроқ ҳаракат қилишим ва изланишим даркор.
 МУКОФОТ КЎКСИМДА, ДИЛДА  ҲАЯЖОН
Тошкент вилоятида хизмат сафарида эдим. Ҳамкасбим Дилноза Атабоева менга қўнғироқ қилиб: "Сарвар, табриклаймиз!", деб қолди. Мен унга саволга-савол билан жавоб бердим: "Нима билан?". "Сиз "Дўстлик" ордени билан тақдирландингиз!", деди. Рости, бу сўзларни эшитиб ишонмадим. Ўз кўзим билан кўриш учун кун санай бошладим. Сафардан қайтгач "Халқ сўзи" газетасини олиб қарасам, 2-ўринда фамилиям турибди! Шу зоҳатиёқ уйга қўнғироқ қилиб: "Онажон, сизни табриклайман! Ютуқ муборак бўлсин!", дедим. Онам бу хабарни эшитиб, кўнгли тоғдек кўтарилди. Табрик табрикларга уланиб, дўстларим, ҳамкасбларим самимий қутлашди. Конституциямизнинг 25 йиллиги тантанаси арафасида мукофотни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг қўлидан қабул қилиб олдим. Ҳар қандай инсон қандайдир ютуққа эришса, қувонади. Бу ютуққа эришишда вилоят ёшларининг, жамоамнинг, иқтидорли ука-сингилларимизнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта!
 ВАҚТ ТОПДИМ ДЕГУНЧА...
Бўш вақтимни қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Эътироф этилаётган сўзларга жавобан ҳаракат қилиш керак. Ижтимоий сайтларда дунёда бўлаётган ўзгаришлар ҳамда чет элларда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, эътиборларни ўзимиздаги имкониятлар билан бевосита солиштириб бораман. Бундан ташқари бадиий адабиётлар ўқиб тураман. Сабаби нутқ маданиятимиз ошади, тафаккур оламимиз кенгаяди. "Бобурнома" асари севимли асарларим қаторидан жой олган. ОАВ воситалари фаолиятини мунтазам кузатиб бораман. Негаки, матбуот кўплаб иқтидор эгаларини намоён қилиб, уларнинг сафи кенгайишига хизмат қилади, уларни бизга яқиндан танитади.
Ҳар якшанба куни синфдошларим билан бирга футбол ўйнаймиз. Спорт инсонни янада жўшқинлаштиради. Шу сабабдан спорт билан ҳамнафасман.
 БУГУННИНГ НАФАСИ
Бугунги кунда ғурур ва ифтихор билан айтиш мумкинки, ёшларга берилаётган ғамхўрликлардан, яратилаётган имкониятлардан хурсанд бўлмай иложимиз йўқ. Шунга жавобан, катта-катта ютуқларга эришаётган, дунё ареналарида байроғимизни баланд кўтарганча "Мен ўзбекман!" дея ҳайқирган спортчиларимизнинг қалбида Ватанга бўлган муҳаббат жўш ураётгани қувонтиради. Хусусан, қўриқ воҳамиз ёшларининг эришаётган ютуқларининг кўлами кенгаймоқда, шахдам одимлаб бормоқдамиз. Хоҳ у спорт, хоҳ у маданият, хоҳ у   санъат ёки бўлмаса бошқа соҳа бўлмасин, муҳими иқтидор, истеъдод юзага чиқмоқда. Юртимиз келажаги ёшлар қўлида эканлигини чин юракдан ҳис этиб турамиз. Бугунги кунда сирдарёлик халқаро гроссмейстр Сарвиноз Қурбонбоевани дунё танийди. Ёш фермер синглимиз Сарвиноз Шокирова ҳам ўзбек қизининг ғайратини, шижоатни намоён этиб турибди. Бу рўйхатни кўплаб давом эттириш мумкин. Энг муҳими, бугуннинг нафаси уфуриб турган ёшларимиз илдамламоқда, тенгқурларини ортидан эргаштирмоқда. Бу албатта, ҳавас қиларли ҳолатлар-да.
 МУАММО БОР...
Ҳудудимизда жиноят содир этаётганлар орасида ёшларнинг борлиги  энг оғриқли нуқтамиз. Давлатимизда йигит-қизлар учун шунча ғамхўрликлар қилинаётган бир пайтда муаммо пайдо қилиш, тўғри йўлдан тойиниш  менимча, ношкурлик. Ўнг-сўлингизга, олди-орқангизга қарасангиз чиройли яшаш учун ҳамма имконият бор. Фақат бунинг учун ҳаракат қилиш, билимли ва касб-ҳунарли бўлиш керак. Айрим ёшларимизда боқимандалик кайфияти борлиги бизни қийнайди. Вилоятимизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Сирдарёликман, деган ҳар бир ёшнинг қалбида шу эзгу ниятли мақсад бўлса, албатта, муродимизга етамиз.
 ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАКЛАРИ
Юрт корига яраш ва унга муносиб фарзанд бўлиш бахти  ҳар биримизга насиб қилсин. Бу йил кўпдан кўп янги иқтидорларни кашф этиш йили бўлсин. Барча хонадонларга қут-барака тилайман. Жаннатмакон диёримиздан саодат нурлари  аримасин! 
Шаҳло Абдусаидова


Комментариев нет:

Отправить комментарий