пятница, 5 июля 2019 г.

ЭЪТИБОР ВА ҒАМХЎРЛИК УЧУН МИННАТДОРМИЗ

Сирдарёлик ёшлар Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригига муносабат билдиришди

Давлатимизда биз — ёшларга яратилаётган имкониятларни санасак, адоғини кўринмайди. Ўтган икки йиллик давр мобайнида ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида 3 та қонун, Президентимиз ва ҳукуматимизнинг ўнлаб фармонлари ҳамда фармойишлари қабул қилинганлиги мамлакатимизда бизга қаратилган эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигига ёрқин далилдир. Бизнинг манфаатларимизни кўзлаб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва “Ёшлар клуби” иш бошлагани беҳад қувонтиради.

Президентимизнинг ташаббуси билан 2017 йили 30 июнь — Ёшлар куни деб эълон қилиниб, бизни яна бир бор рағбатлантирди. Ҳар йили сана муносабати билан бизга Давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратиб, байрам табриги йўлламоқда.
Бу йилги табрикни ўқир эканмиз, Президентимизнинг: “Қадрли фарзандим!”, “Азиз фарзандларим!”, “Қадрли ёш дўстларим!”, “Азиз ўғил-қизларим” дея қилган мурожаатлари ҳар бир ёшнинг юрагининг туб-тубигача етиб борди, чамамда. Қутловдан руҳланган тенгдошларимнинг фикрлари билан сиз ҳам танишинг:     
Гулноз Мамарасулова, мустақил тадқиқотчи:
— Юртимизда кенг миқёсда ва кўтаринки руҳда нишонланган Ёшлар куни муносабати билан Президентимизнинг йўлланган табриги ҳар бир ёш каби менинг қалбимга ҳам ўзгача кайфият, ғурур ва шижоат нурларини бахш этди. Юртбошимизнинг ёшларга бўлган ишончи нақадар юксак эканлиги нутқнинг ҳар бир сатрида намоён бўлади: “... мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун ­хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда” – дейди Президентимиз ўз мурожаатида. Ҳақиқатан ҳам, она диёримизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларнинг тақдири ва келажаги устида бош қотирадиган қатор масъул ташкилотлар, институтлар ва фондлар мавжуд. Уларнинг сони йилдан-йилга ошаётгани эса ёшларга нисбатан ғамхўрликнинг яққол ифодасини англатади. Ўз соҳамдан келиб чиқадиган бўлсам, сўнгги пайтларда ёшлар орасидан олий малакали ва илмий педагог кадрларни тайёрлаш, уларни илмий тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш ва интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этишлари учун кўплаб имкониятлар, шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жумладан, 2019 йил 4 январда Президент қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти янада такомиллаштирилди. Натижада, иқтидорли ва илм қилишга иштиёқманд ёшлар учун чет элнинг нуфузли олийгоҳларида ўз малакаларини ошириш, турли фан соҳаларини малакали кадрлар билан таъминлаш ва хорижда ўқиш имконини яратиб бермоқда. Мана шу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда мен ҳам ўз илмий тадқиқот фаолиятимни олиб бормоқдаман. Ҳозирда филология фанлари номзоди, профессор, қолаверса, моҳир таржимон Муҳаммаджон Холбеков раҳбарлигида “Илк инглиз романтизм шеъриятида шарқона мавзулар талқини” (“Аn Interpretation of Oriental Themes in the Early English Romantic Poetry”) номли докторлик диссертацияси устида ишлаяпман. Инглиз романтик адабиётининг етук намоёндаларини бетакрор олами билан ўзига жалб қилган Шарқ дунёси ва адабиёти таъсирида кўплаб асарлар яратилади. Ишнинг долзарблиги ҳам Англияда романтизм даврига асос солинишида Шарқ адабиётининг аҳамияти ва ўрнини очиб бериш билан баҳоланади. Шу кунга қадар мавзу юзасидан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам мақолалар чоп этишга муваффақ бўлдим. Хусусан, Туркия, Озарбойжон, Россия, Белоруссия, Ҳиндистон, Германия каби давлатларнинг илмий нашрларда мақолаларим ўрин олди. Юртимиздаги ОАК ҳузуридаги қатор журналларда ўнга яқин, республика миқёсидаги илмий-амалий анжуман тўпламларида ўн бешдан ортиқ мақолаларим чоп этилди.

Жавлонбек Ҳамдамов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти талабаси:
— Давлатимиз раҳбарининг бизга йўллаган табригини вилоятимиз ҳокими ўқиб берар экан, қалбимда алланималар туғён урди. Ҳақиқатан ҳам ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун яратилган шароитлар ўзининг самарасини бермоқда. Табрикда спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда эришган муваффақиятлари келтирилган бўлиб, улар орасида менинг ҳам ҳиссам борлигидан ғурурландим. Ўзим тиббиёт соҳасида таҳсил олсамда, спортнинг таэквондо (ITF) тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқдаман. Илм-фанда, спорт соҳасида эришган ютуқларим учун ўтган йили биринчилардан бўлиб янги таъсис этилган “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирландим. Хўш, ўтган бир йил мобайнида билдирилган ишончни қай даражада уддаладим, деган саволни ўзимга-ўзим бердим. 2017-2018 ўқув йили якунида институтимиз миқёсида “Йил талабаси” деган шарафли номга сазовор бўлдим. Ўзбекистон кубогида олтин, Мустақилллик кубогида эса кумуш медалларини қўлга киритдим. Бу йилни омадли бошладим. Ўзбекистон биринчилигида олтин медалга сазовор бўлдим. Март ойида Қозоғистон ва Малайзия давлатида ўтказилган халқаро турнерларда ҳакам сифатида иштирок этдим. Демак, ўзбек ўғлонлари нафақат иштирокчи, балки ҳакам сифатида ҳам дунёга танилишмоқда. Олиб бораётган илмий ишим юзасидан Москва ва Венгрия давлатларида мақолаларим чоп этилди. Қайси соҳада бўлмайлик, Ватанимиз равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан бахтиёрман. Бахтлиман, деган сўзни баралла айта олиш ҳуқуқи ва бизга берилган имкониятлар учун ташаккур!
Мадинабону Абдусаломова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Ширин шаҳар бўлинмаси раҳбари:
— Юртбошимизнинг биз — ёшларга йўллаган байрам табригини тинглар эканман, қалбимда сирли пўртана уйғониб, бутун вужудимни майин титроқ эгаллаб олди. Ахир шунчалар азиз бўлиш, озод юртнинг болалари бўлиш биздан бир аср аввал яшаган юртдошларимизга насиб этмаганди-ку. Қачонлардир бизни саводсиз, деб атаб, бизларга паст назар билан қарашарди. Бугун эса юртимизнинг устуни, муҳтарам Президентимиз биз — ёшларни ўзлари билан тенг кўриб, “Қадрли ёш дўстларим!” жумласини айтганларида аслида қанчалар улуғ миллатда туғилганимни яна бир бор юракдан ҳис қилдим. Бизга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун, байрам арафасида бизга берилган энг юксак туҳфа: “Ўзимизга бўлган ишонч” учун юртбошимизга самимий миннатдорчилик билдираман. Зеро, ҳеч бир қимматли совға — ишонч аталмиш буюк туҳфанинг ўрнини боса олмайди.  Бахтимизга соғ бўлинг, бизга ишонганингиз, қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдормиз, азиз Юртбошим!

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий