Хушхабарнинг қаноти бор деганларидек, Боёвут қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг 2-босқич ўқувчиси Нозимабону Шербекованинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлганини эшитиб, уни таниган-билганлар қутлашга ошиқишди. Дарвоқе, бу мукофотга сазовар бўлиш ёшгина қиз учун осон кечмаган, албатта.
Аввало ёш ижодкор туғилиб ўсган оиладаги муҳит, унга маънавий кўмак бериб орзулари сари олға ундаган бувиси, ота-онасининг руҳий далдаси катта кўмак берди. Қолаверса, тиниб-тинчимас қиз нафақат аъло баҳоларга ўқиши, балки жамоат ишларида фаол иштироки билан кўпчиликнинг назарига тушди. 2013 йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан оилавий китобсеварликни тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган “Китобсеварлар” кўрик-танловининг республика босқичида Шербековлар оиласи иштирок этиб, диплом соҳиби бўлишган. 2014 йили ибн Сино номли 1-ихтисослаштирилган мактаб интернатида 8 март хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган “Мактабимиз санами” кўрик-танловида ғолиб бўлганлиги учун мақтов ёрлиғи билан тақдирланган. Нозимабону 2015 йили “Энг яхши китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган ва шу йили “Камолот” ЁИҲ туман Кенгашининг “Ёш қаламкашлар” танловида биринчи ўринни эгаллади.
У 2015-2016 йилларда ўтказилган “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар республика танловларининг вилоят босқичида “Адабиёт ва журналистика” йўналишининг “Назм” номинацияси бўйича ғолиба бўлган. Ёш қаламкашнинг илк шеърлари “Давр ёшлари” газетасида чиққанида у ҳали мактаб ўқувчиси эди. Ўшандан бери таҳририят қошидаги адабий муҳит ёш ижодкор учун маҳорат мактабига айланди. 2016 йил чоп этилган “Сирдарё ғунчалари”номли Ёшлар баёзида унинг туркум шеърлари чоп этилди. Ёш ижодкорнинг “Оймомонинг кўзгуси” номли китобчаси ҳам мухлислари томонидан қизиқиб ўқилади.
Нозимабону
келажакда билим доирасини кенгайтириб, устозлар ижодини чуқур ўрганиб эл ардоғидаги ижодкорлар сафидан жой олишни орзу қилади. Биз ҳам унинг ойдин орзулари амалга ошишини чин дилдан
тилаб қоламиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий