среда, 3 апреля 2019 г.

КИТОБ — КЎНГИЛ ОФТОБИ

Ҳаётимизни маърифат нури улашувчи китобларсиз тасаввур қилиш қийин. Токчаларда илгаригидек китоблар маҳтал бўлиб тургани йўқ. Чунки халқимиз китоб мутолаасига иштиёқ билан кираётир. Айниқса, ўсиб келаётган баркамол авлод қалбида китобга бўлган меҳрни уйғотиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, Президентимизнинг 19 февралда вилоятимизга ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифалардан бири айнан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилди. Ана шу мақсадда жойларда турли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Машҳур эртак-ёзувчи Ганс Христиан Андерсенни танимаган, билмаган бола бўлмаса керак. Чунки унинг эртакларни ўқиган ёки бўлмаса унинг асарлари асосида яратилган  мультфильмларни кўрганликларига шубҳа йўқ. 1967 йилдан буён мазкур ёзувчи таваллуд топган сана яъни 2 апрель — Халқаро болалар китоби куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда вилоят ахборот-ресурс маркази билан ҳамкорликда вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида “Фарзандимга китоб совға қиламан” номли тадбир айнан шу санага бағишланди.
Тадбир муносабати билан бино файесида китоблар кўргазмаси ташкил этилиб, Гулистон шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқувчилари ундан баҳраманд бўлишди.
— Синфдошларим билан бирга бугунги тадбирга келдик, - дейди Гулистон шаҳридаги 11-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Мадина Абдуқодирова. — Бу ерда китоблар кўргазмаси ташкил этилганини кўриб, хурсанд бўлдик. Бадиий китоблар кўп ва арзон нархларда экан. Китоб ўқиш барча учун фойдали. Ўзим ҳам ҳар ойда  ёшимга мос турли  бадиий китобларни мутолаа қиламан.  
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зулфия Неъматова сўзга чиқди.
— Ўтган ҳафтада “Ўзим ўқиган мактабимга менинг китоб туҳфам” лойиҳаси доирасида барча умумтаълим мактабларига раҳбарлар томонидан китоблар совға қилинди, - деди у. — Улар ҳам сиз каби ўқувчи бўлишган. Ўтаётган ҳар бир вақтдан унумли фойдаланиб, шу даражага эришган. Бу борада, албатта, китобнинг ўрни беқиёс. Китоб ўқиб, асардаги қаҳрамонларнинг яхши фазилатларини олишга, ёмонларидан қочишга ҳаракат қилинг. Зеро, келажагимиз сизларнинг ақл-идрокингизга, тафаккурингизга боғлиқ.
 — Китобни ёмон кўраман, деганлар бир қадам олдинга чиқсин, - деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Норинисо Қосимова, — ёки бўлмаса, қўлини кўтарсин. Қаранг, ҳеч ким бундай қилмади. Чунки китобни ҳаммамиз яхши кўрамиз. Китоб бизга одоб-ахлоқни, жамоат жойларида, кўча-кўйда ўзимизни қандай тутиш кераклигини ўргатади. Бизнинг болалигимизда кутубхоналарда китоб кам бўларди. Битта китобни титилиб кетгунича ҳаммамиз ўқиб чиқардик. Сизларда-чи? Имконият кенг, фақат улардан фойдалашиб қолиш керак, холос.
 Тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг кутубхона бўлимларида ўз ишини давом эттирди. Масалан, бир бўлимда дунёнинг энг нуфузли кутубхоналарига вертуал саёҳат уюштирилшган бўлса, бошқа бўлимда “Менинг севимли эртак қаҳрамоним” мавзусида расмлар танлови, “Дониёрнинг саргузаштлари” номли ўзбек фильми намойиш этилди. Ўтказилган мана шундай ноанъанавий тадбирлар таъсирида китобга ихлосманд йигит-қизларнинг сонининг ошиши, бежиз эмас.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий