вторник, 9 апреля 2019 г.

ТААССУРОТЛАР БИР ОЛАМ...

O‘zLiDeP вилоят Кенгаши томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда вилоятдаги бир гуруҳ фермерлар, тадбиркорлар ҳамда тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 20 нафарга яқин ёшларнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бир қатор кўргазмаларга саёҳати уюштирилди.

Дастлаб сирдарёлик ёшлар “Dimax” саноат савдо кўргазма бизнес марказида Туркиянинг қурилиш индустриясидаги 40 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этган “UzbekBuild” ўзбек-турк қурилиш кўргазмасига ташриф буюришди. Мазкур кўргазма Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Туркия давлатининг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган эди.
— Кўргазмада ёшлар қурилиш соҳасида ишлатиладиган барча материаллар ва ускуналар билан яқиндан танишишди, - дейди O`zLiDeP вилояти Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Элёр Жўраев. — Айниқса, замонавий меъморчилик ечимлари, ландшафт дизайни ҳамда кўкаламзорлаштириш воситалари кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Келажакда мана шу ёшлар орасидан вилоятимиз қурилиш соҳасига ўзининг янги ғояси билан чиқадиган тадбиркорлар етишиб чиқишига умид билдирамиз.
Ёшларнинг кейинги манзили “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар павильонида “Озиқ-овқат саноати – UzFood 2019” 19-Халқаро кўргазмаси бўлди. Мазкур кўргазмада ёшлар Германия, Франция, Италия, Испания, Хитой, Россия, Дания каби кўплаб давлатларнинг озиқ-овқат соҳасидаги илғор технологиялари ҳамда гўшт ва сут каби бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан танишди.
Ўтказилган мазмунли ва мақсадли саёҳат иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.
Ш.АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий