четверг, 26 октября 2017 г.

БАХТИГУЛНИНГ БАХТ МАНЗИЛЛАРИ

Қаҳрамонимиз ҳақида қисқача маълумот: Бахтигул Убайдуллаева 2002 йил 29 мартда Гулистон шаҳрида таваллуд топган. Гулистон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчиси. 20 га яқин асарлар муаллифи. 


Табиатнинг бебаҳо таровати кишини ўзига мафтун этмай қўймайди. Айниқса, мўйқалам соҳиблари гўзалликка жавобан оқ қоғозга рангин бўёқларни моҳирона ишлатиб, сувратини тарихга муҳрлайди. Бундай табиатга мафтункорлик ҳисси қаҳрамонимиз Бахтигул Убайдуллаевада ҳам жўш урмоқда, десак адашмайдмиз.
Санъаткорлар хонадонида вояга етаётган икки фарзанд – Бахтигул ва Озодбекнинг истеъдод ва иқтидорлари ўз йўналишлари бўйича вақтида йўналтирилди. Даставвал, оила кенжаси Озобдек Гулистон шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъати мактабида фортопиано йўналиши бўйича таҳсилни бошлади. Бахтигул эса скрипка ёки пианино чалишни ўрганиш мақсадида дадаси Одил ака билан бирга Гулистон шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига йўл олишди. Болалар мусиқа ва санъат мактабидаги шарт-шароитлар ва йўналишлар билан танишар экан, Бахтигулнинг эътиборини кўпроқ дастгоҳда ишлаётган ўқувчилар тортди.  Рассом Набижон Жумабоев қизалоққа қиш манзарасини чиздириб кўриб, рассом чиқишига умид билдирди. Шу кундан бошлаб Бахтигул рассомчилик               сир-синоатини ўрганишга киришди. Айни пайтда мазкур даргоҳнинг 5-синф    ўқувчиси.
Бахтигул ёш бўлишига қарамай эришаётган муваффақиятлари талайгина. Хусусан, 2014-2015 йилларда республика "Тасвирий ва амалий санъат  фестивали"да фаол иштироки учун сертификат билан тақдирланган бўлса, 2016 йилда фетивалнинг олтин медалини қўлга киритди. 2017 йилда эса мазкур фестивалнинг дипломи билан мукофотланган. Бундан ташқари ёш мусаввир 2014 йилда "Ўзбекистон - болалар нигоҳида расмлар кўргазмаси"да иштирок этиб, диплом билан тақдирланган. 2017 йилда "Истеъдод - 2017" кўрик-танловида санъат йўналиши бўйича қатнашиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланган.
Қаҳрамонимиз 2014-2015 йилларда "Камалак юлдузлари" республика болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичида мувафаққиятли иштирок этиб, сертификат ва фахрий ёрлиқ билан мукофотланган. 2017 йилда Сирдарё вилояти Бадиий ижодкорлдар уюшмаси томонидан ташкил этилган "Баҳор ифори" номли кўргазмада ўз асарлари билан иштирок этиб, фахрли дипломни қўлга киритди.
Бахтигул маиший, манзара, портрет, натюрморт каби жанларида ижод қилади. Улар орасидан кўпроқ портрет жанрига меҳри бўлакча.
– Миллий аёллар образини гавдалантиришга қизиқаман, - дейди қаҳрамонимиз Бахтигул Убайдуллаева. – Келажакда шу жанрни мукаммал ўрганиб, соҳа ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Устоз-мусаввирлар – Ортиқали Қозоқов, Акмал Нуриддинов, Баҳодир Жалолов, Зокир Иноғомов, Малик Набиевларнинг ижодларини  кузатиб бораман.
– Онаси Марҳабо билан фарзандларимиз қизиқишларига эътибор қаратамиз, - дейди Одилжон ака. - Биргаликда уларнинг эришаётган ютуқ ва камчиликларини муҳокама қиламиз, лозим пайтида ўз маслаҳатларимизни аямаймиз. Уйда улар учун барча шарт-шароитлар яратиб берганмиз. Фарзандларимизнинг вақтдан самарали фойдаланишларига алоҳида аҳамият берамиз. Келажак учун бугундан ҳаракат қилинса, интилса, ўз олдиларига қўйилган мақсадга эришишади.
Бахтигул амалий санъатга ҳам қизиқади. Сомон ва чиғаноқлардан гуллар ясайди, мис симлардан миноралар, манзарали ва мевали дарахтларни ясайди. Унинг "Тоҳир ва Зуҳра", "Чол ва набира" каби композициялари мухлислар эътиборини қозонган.
– Укам Озодбек жаҳон мусиқаси дурдоналари - Бетховен, Моцарт куйларини чалиб берганида расм чизгим келади, - дейди Бахтигул. – Ҳаётдаги шиорим: "Ҳозир ўзингни қийнамасанг, ҳаёт сени қийнамайди". Шу сабабдан ўз устимда доим ишлашга, устозим Набижон Жумабоевнинг кўрсатмаларига амал қилишга ҳаракат қиламан.
Дарвоқе, интилганга толеъ ёр дейишади. Орзулари йўлида тинмай изланаётган рассом қиз Бахтигулнинг бахт манзиллари ҳамиша нурафшон  бўлишига тилакдошмиз.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий