Гулистонлик
ёш мусиқачи - Тошкент давлат Санъат ва
маданият институти талабаси Дилшод Каримовнинг бу йилги мустақиллик
байрами арафасида мусиқа ижрочилиги
бўйича "Ниҳол" мукофоти совриндори бўлгани сирдарёликларга бир олам шодлик улашди.
Хабарингиз
бор, Дилшод ўтган йили Францияда ўтказилган халқаро танловда
фахрли 2-ўринни эгаллаб, Кан шаҳрида ғолиблар
таклиф этилган гала концертда муваффақиятли иштирок этиб қайтган эди.
Ёш
мусиқачи ушбу ютуғи эвазига ўз йўналиши
бўйича Тошкент давлат Санъат ва маданият
институтига имтиёз асосида ўқишга қабул қилиниб, талабалар сафидан жой
олди. Олийгоҳда устози Муҳиддин
Отахўжаев қўлида чолғу ижрочилиги бўйича
пухта билим олиб, ўз устида тинмай
ишлади, изланди, ўзи суйган чолғу сози прима-рубобни чалиш сирларини қунт
билан ўрганишда давом этди. Танловлар истеъдод эгаларининг кашф этилишида ҳамда
элга танитишда катта ўрин тутади.
Дилшод
истиқлол байрами арафасида "Ниҳол" республика кўрик-танловининг
республика босқичида муваффақиятли иштирок этиб, юксак мукофотга сазовор бўлди.
–
Ўша лаҳзаларда гўё дунёда мендан бахтли ва омадли одам йўқдек эди,- дейди
Дилшод. – Чунки бу нуфузли танловнинг талаблари жуда катта бўлиб, босқичма босқич
турли йўналишда, яъни миллий ҳамда жаҳон классикаси асарларидан
олтита куйни ижро этиш зарур эди.
Танловда мақом туркумидан "Насри сегоҳ", Надим Норхўжаевнинг
"Наврўз ифори", шунингдек, бир неча жаҳон мусиқа дурдоналаридан
чалдим.
Иштирокчиларнинг чиқишларини нуфузли ҳакамлар ҳайъати
Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси
Рустам Абдуллаев, Ўзбекистон халқ артистлари Абдуҳошим Исмоилов, Озодбек Назарбеков, етук мутахассис, бастакор
Ойдин Абудллаева ва бошқалар кузатиб, муносиб баҳолаб бордилар.
Ғолиблар
қаторида менинг исми-шарифимни эълон қилишганида ҳамда устоз санъаткор, моҳир
созанда Абдуҳошим Исмоилов мукофотни топшириш чоғида "Табриклайман,
болажоним, омадингин берсин" деган сўзларни айтганида қалбим шодликдан, фахрдан ҳапқириб
кетди. Бу ютуқлар юртимизда ёшларга, шу жумладан, истеъдодлиларга алоҳида
эътибор қаратилиб, қуллаб-қувватланаётганининг ёрқин ифодаси деб биламан.
Дарвоқе,
ҳамюртимизнинг санъат борасидаги дастлабки муваффақиятлари барчани
бирдек қувонтиради. Шундай истеъдодли ва
иқтидорли интилувчан ёшларимиз билан фахрланамиз. Қолаверса, Дилшод
истеъдоди ва интилишлари билан дилларни шод этмоқда.Ёш санъаткорнинг
келгусидаги орзу - тилакларини амалга ошишига тилакдошмиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий