Вилоят маънавият ва маърифат марказининг
расмлар галереясида икки нафар ёш
мусаввирлар, Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзоси Одилжон Аҳмедов ва Камола
Аҳмедоваларнинг "Янги нафас" деб номланган илк ижодий кўргазмаси
очилди.
Бир-бирига узукка кўз қўйгандек муносиб бу жуфтликнинг, икки қўшқанот
истеъдод соҳибларининг кўргазмасини томоша қилган кишида беихтиёр кучли ҳавас ҳисси
жўш уриши табиий. Негаки, ноёб иқтидор, санъат гўзаллигини қалбан ҳис этиш
ва шу
ҳайратга тўла оламда яшаш ҳаммагаям насиб этавермайди.
"ОК гуруҳи"ни
(Одилжон ва Камола исмларининг бош ҳарфларидан ташкил топган) ташкил топишида ҳам
мажозий маъно бор. Кўргазмада иккала мусаввирнинг ижодий ишлари намойиш этилди. Бу ердаги миниатюра, ҳайкалтарошлик, витраж,
графика, либослар дизайни ва батик санъатига оид ишларини кузатиб, Одилжон
билан Камоланинг руҳий яқинлигини,
фикрлаш доирасининг узвий боғлиқлигини, муҳими бир-бировига кучли муҳаббат зоҳиринлигини
англаш қийинмас.
"Халқ билан мулоқот
ва инсон манфаатлари йили" муносабати билан ташкил этилган ушбу кўргазма
барчага манзхур бўлди. Унинг очилиш маросимида сўз олганлар ҳар иккала мусаввирга омад, ижодий зафарлар тилашди.
Кўргазманинг очилиш маросимида сўзлаган Ўзбекистон Бадиий академияси
тасарруфидаги вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернат директори,
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзоси Баҳодир Бобоназаров, бу икки
мусаввирнинг эришган ютуқлари, диққатга
молик бадиий асарлари ҳақида гапирди. Жумладан, у бугун ўзлари ҳам устоз
даражасига етиб, ёш мусаввирларга санъат сирларини ўргатишаётганини алоҳида
таъкидлаб ўтди.
Кўргазмадан жой олган
Одилжон Аҳмедовнинг қутича ва турли матеиалларга нақшланган "Мусиқа сеҳри",
"Севишганлар", "Ов", "Лайли ва Мажунун",
"Чавандоз" миниатюралари мухлислар эътиборини тортиб, тортишувларга,
баҳсларга сабаб бўлди. Камола Аҳмедованинг "Лапар",
"Кутиш", "Дилнура", "Чанқовуз", "Нилу"
каби ҳайкалларидаги ифода, мақсад ва орзу ниятлар рамзи мухлисларда катта таассурот қолдирди. Камолада оддий лойга,
тошга "жон" бағишлаганига
кўпчилик ҳайратда қолгани шубҳасиз.
Албатта, бу Аллоҳ берган туғма истеъдод ва қобилиятнинг маҳсули, қолаверса,
тинимсиз меҳнат, изланишлар самарасидир. Оилавий бу икки истеъдод соҳибларининг
илк ижоди кўргазмалари барчага маъқул ва манзур бўлиб, бир олам завқу шавқ
улашди.
Турли ранглар орқали
инсонга фикрий теранлик, мушоҳада қилишга
йўналиш бериб, ўзига оҳанг рабодек
тортадиган ажойиб расмлар жамланмаси, ҳайкаллар
томошабин эътиборидан четда қолмайди. Бу каби кўргазмаларнинг ташкил этилиши ёш
мусаввирларда, ҳайкалтарошларда ўзига нисбатан ишончни, соҳага қизиқишни янада
ошириши турган гап.
Ушбу кўргазмани ташкил
этишда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги вилоят ихтисослаштирилган санъат
мактаб-интернати, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси вилоят бўлими,
Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, "Ҳунарманд"
уюшмаси вилоят бўлими яқиндан кўмаклашди. Бу кўргазма ҳар томонлама ибратга молик ва мақтовга лойиқдир.
Шаҳло
АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий