четверг, 26 октября 2017 г.

СИРДАРЁ САЪАТИ ХОРИЖДА

"Сирдарё наволари" академик ансамбли дунёнинг кўпгина мамлакатларида жумладан, Малайзия, Корея, Хитой, Индонезия, Ҳиндистон ва  Европанинг бир неча шаҳарларида бўлиб ўтган халқаро фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб, турли миллат вакилларига манзур ансамбл сифатида эътироф этилгани бизни  беҳад қувонтиради.


Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган мусиқа ва санъат фестивалида иштирок этиш бахти Республикамиздаги бадиий жамоалар орасида "Сирдарё наволари" академик ансамблигагина насиб этди. Ансамблнинг бадиий раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилло Холиқов ушбу хориж сафари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.
– Фестивалдан кўзланган асосий мақсад дунё халқлари санъати билан танишиш,  энг яхши бадиий жамоаларни тарғиб этишдир. Фестивалда 14 та давлатдан (Корея, Хитой, Малайзия, Ҳиндистон, Мўғилистон, Италия, Испания, Франция, Исроил ва бошқалар) 14 та ансамбль иштирок этди. Очилиш маросимида ҳар бир жамоа ўз  рақслари орқали миллий қадриятлари, анъанларини намойиш этди. Ҳакамлар энг яхши   жамоаларни саралаб олди. Ўзбекистон, Исроил, Ҳиндистон, Мўғулистондан борган бадиий жамоалар энг яхши тайёрланган мазмунли ва гўзал дастурлари билан  фахрли тўртликдан жой олди. Фестиваль Президенти жаноб Тодд Лавелли бизнинг ансамблимизнинг  чиқишлари ҳақида алоҳида тўхталди. Концертдан сўнг фестиваль доирасида мактабда ушбу жамоалар, шунингдек, Таиландлик санъаткорлар иштирокида маҳорат дарслари ўтилди. Бадиий жамоалар бир-бирларига ўзларининг миллий куй-қўшиқлари ва рақсларини ўргатишди.
Фестиваль талаби ва шартига кўра бу галги чиқишларда ҳам асосан миллийликка алоҳида эътибор қаратилди. "Муножот","Тановар", "Дилхирож" ва бошқа мумтоз ашулалар билан бирга, фольклор ва халқ куй-қўшиқлари, хоразмча ҳамда сурхонча йўналишдаги шўх оҳангларга қизларимиз хиром этишди. Кореяга иккинчи гал борганимизда "Сават" рақсини таёрланган эди ва бу рақс йиллар давомида жамоамизнинг "визит" яъни  ташриф карточкасига айланиб қолди. Ҳиндистон, Индонезия ва  ўтган йили Хитойга иккинчи бор  борганимизда ҳам бир неча янги миллий рақслар тайёрлаб борганмиз. Бу гал ўзига хос янги "Гилам тўқувчи қизлар" рақсини илк марта ушбу  фестиваль саҳнасида Муштарий Дўсматова, Анна Марченко, Машҳура Юсупова, Наргиза Назаровалар  маҳорат билан ижро этишди. Фестивалда жонли ижрога  алоҳида эътибор қаратилди, созанда йигитларимиз Собир Муллаев, Жамшид Жўраев, Азизбек Зиёев, Шамсиддин  Дадабоев ва Элмурод Шоҳакимовлар сато, қонун, танбур, най ва доира каби  миллий чолғуларда чалган куйлар барчага манзур бўлди ва томошабинларни           рақсга чорлади. Мезбон ва меҳмонларни ҳар бир  қўшиқ ва рақсга мос миллий либосларимиз, бетакрор гўзал безакларимиз, шу жумладан, момосларимиздан  қолган турли  дўппилар, зебигардону, тиллақошлар, айниқса, камалакдек товлангувчи адрасу атлас, беқасамдан тикилган ва зардўзи камзулу тўнлар ҳайратга солди.
Фестиваль кунларидаги мулоқотлар  чоғида Жаноб Тодд Лавелли ўзбек санъатига ўзгача меҳр билан қарашининг сабабини изоҳлади. У 2013  йили Самарқандда бўлиб ўтган "Шарқ тароналари" халқаро фестивалда иштирок этганида бизнинг  санъатимиз билан танишиб, унга  қизиқиб қолган, фестивалдан жуда катта таассуротлар олган экан. Шу боис у жамоамиз чиқишларини алоҳида эътибор билан кузатиб, юқори баҳолади.
Ёпилиш тантанасида "яшасин  тинчлик", "яшасин дўстлик ва  биродарлик" деган  сўзлар қайта-қайта такрорланиб турди. Ҳаяжонли  воқеалардан бири шуки,  ёпилиш тантанасида саҳнага фақат Ўзбекистон байроғини олиб чиқишга рухсат берилди. Ўзим ғурур ва  ифтихор билан байроғимизни кўтариб чиққанимда, жамоамизнинг ҳар бир  аъзоси кўзида севинч ва фахрдан  ёш  қалқди. Фестивалнинг барча  иштирокчилари узоқ вақт бизни олқишлашди. Жаноб Тодд Лавелли бизга диплом ва совғалар топшираркан, "Сизларни  келгусида яна фестивалларда кутиб қоламиз", деди.
Дарвоқе, санъат  миллатни, халқни дунёга танитади. "Сирдарё наволари" ўзининг ҳар галги сафарида  нафақат юртимиз довруғини, балки Сирдарё номини ҳам турли миллат ва элатларга танитиб келаяпти. Шу ўринда тинмай изланиб, санъат сирларини мукаммал ўрганиб келаётган  жамоага фақат омад тилаб қоламиз. Қаердаки санъатга муҳаббат кучли экан, демак тинчлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик ҳамиша устундир. Зотан  гўзал қалбда туғилган  хайрли орзу тилаклар қалбларга йўл олаверади.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий