Жиянимнинг туғилган кунига катта
қўғирчоқ ҳадя қилишни ният қилиб, шаҳримиздаги ўйинчоқ дўконлари томон йўл
олдим. Дўконларда бир-биридан фарқ қилувчи турли хил катта кичикликдаги
қўғирчоқларни кўздан кечирар эканман, ишбилармон тадбиркорларнинг уддабуронлигига
қойил қолдим. Бироқ, миллий қўғирчоқлар ўрнига ғарбона кўринишдагилари кўплиги
дилимни сиёҳ қилди. Ҳатто “Камолахон” номли қўғирчоқнинг ҳам сочлари сап-сариқ.
Шунақаси ҳам бўлар экан: номи ўзбекча, қиёфаси европача. Сотувчилардан сочи ва
қош-кўзи қора қўғирчоқ сўрасам, елка қизишдан нарига ўтишмади. Миллий қўғирчоқ
тополмасдан уйга қайтдим...
Дилафрўз Абдалимова, педагог:
– Энам болалигимда ўз қўллари
билан қўғирчоқ ясаб берарди. Уларга
биргалашиб чиройли кўйлакчалар тикардик. Сочлари йигирилган жундан бўлиб, қора
бўёққа бўялганди. Қўғирчоғимнинг майдалаб
ўрилган сочлари белидан тушиб турар, учига жамалак ҳам тақиларди. Бир гал энамдан “Барбе” қўғирчоғини сотиб олиб беришни сўраганимда, "Ўзимизнинг “Кумушбиби”ни
қаери кам?", дея жавоб
берганлар. Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романини ўқиганимда энам нима сабабдан қўғирчоғимга “Кумушбиби” деб ном қўйганини
англадим...
Катталар қизларининг ўспирин ёшига келиб юриш-туришини, кийинишини,
пардоз-андозга ружу қўйганини танқид остига олишади, панд-насиҳат беришни
бошлашади. Аслида бу қизлар болалигидаги ўйнаган қўғирчоқларига таҳлид
қилишаётганини, улар каби кўркам бўлишни истамайди, деб ким айта олади? Масалан, қизалоқлар машҳур "Барбе"
қўғирчоқларини ўйнашган ёхуд кўрганларига шубҳа йўқ. Дарвоқе, чет элнинг
урф-одатини тарғиб этувчи бундай қўғирчоқлар қадди-қомати келишган, озғин,
"замонавий қиз" қиёфаси акс этилгани билан бир кўришдаёқ эътиборни
тортади. Шу тобда ўзимизнинг шарқона услубдаги қўғирчоқларни кўз олдимга
келтириб, уларни солиштириб кўргим келди. Эгнида очиқ-сочиқ кийим эмас,
ўзимизнинг атлас кўйлак, унинг устидан беқасам нимча, оёқларида тақур-туқур,
баланд пошнали туфличалар ўрнига ковушча,
сочлари сариқ, турмаклардан холи тим қора рангли, қирқ кокил қилиб ўрилган,
бошида ироқи тўппи. Юзлари-чи? Ҳозирда аёллар
ўртасида урф бўлган татуажлар ҳам шунинг таъсири эмасми?
Психологлар болалик даврида ўйин қобилияти тўлақонли қондирилмаса, ёши
улғайган сари қўмсаш ҳисси кучайишини таъкидлашади. Бу бевосита келгусидаги фаолият
турлари - ўқиш ва меҳнат фаолиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Демак,
ўйинқароқ даврда ўйинчоқлар шунчаки харид
қилинмаслига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қизларимизнинг қўлларига
тажовузкор, ғарбона қўғирочоқлар ўрнига миллийлик нафаси уфуриб турадиган,
ибо-хаёли, шарқона қўғирчоқларни тутқазсак, қадриятларимиз асосида улғайишади.
Шарқона митти бешикчаларимизда Европанинг қўғирчоқлари беланиб,
"алла" айтилмасин. Ўзимизнинг бешигимизга Тўмарису Барчинойлар
беланса, қизалоқлар уларнинг чеҳрасидаги садоқат, вафо туйғуларини туйса, улар
каби бўлишга интилса яхши эмасми?
Шоҳиста
Абдуллаева тикувчи:
– Миллий қўғирчоқларни Самарқанд, Бухоро, Хива каби туристлар кўп
ташриф буюрувчи шаҳарларда учратганман. Қўл меҳнати билан ясалгани учун
уларнинг нархи оддий қўғирчоқларга қараганда қимматроқ туради. Лекин улар
нафақат ёш болалар балки, катталарнинг ҳам эътиборини тортади. Агар ҳунарманд
ва тадбиркорлар ҳамкорликда ишласа, дўконларда миллий қўғирчоқларимиз
кўпаярмиди...
Дарҳақиқат,
юртимизда бугунги кунда миллий ҳунармандчиликка кенг имкониятлар яратилиб
берилмоқда. Чет элликларнинг ҳаваси
келадиган миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз бор. Кўр-кўрона ўзгаларнинг
ортидан эргашиш мустақил фикрнинг йўқлигидан нишона. Азиз муштарий, ўзимизнинг
шарқона урф-одатларимизга, миллий қадриятларимизга нима етсин?
Шаҳло
АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий