Шаҳар бўйлаб
ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг бирига чиқдим. Манзилга етгунимга
қадар кетадиган ўн-ўн беш дақиқалик вақтимдан унумли фойдаланиш мақсадида янги
харид қилган газетани қўлимга олиб, ўқий бошладим. Одатим шунақа, янги газетани
чанқаган одамдек варақлайман. Ёнимда ўтирган аёл менга қарата гап қотди:
- Эй, буларнинг
бари сафсата! Вақтингни бу арзимаган нарсаларни ўқишга сарфлама! Кел, ундан
кўра мана бу янги чиққан каталогни кўр. Байрамга чегирмалар чиққан. Аёл киши
учун биринчи галда ташқи гўзаллик, ҳусн лозим. Турли хил атир-упалар, юзни
ёшартирувчи кремлар бор. Ўзингга ёки онангга олсанг бўлмайдими?
Аёл қўлимга
пардоз-андоз билан шуғулланадиган корхонанинг янги маҳсулотларини кўриш учун
тутқазмоқчи бўлди. Унга эътибор бермай, қўлимдаги газетани мутолаа қилишга
шўнғиб кетдим...
Манзилга етгач,
транспорт воситасидан тушиб, бояги воқеани эсладим. Қўлимда газетани тутганча
фикр-мулоҳаза юритдим. Газетада ижтимоий тармоқлар орқали билиб-билмай нотўғри
йўлларга кириб қолган ўспирин ака-уканинг ҳаёти акс эттирилган бўлиб, унда
оилада фарзандларга бўлган эътибор сустлигидан, бефарқлигидан содир бўлади.
Оталари ишдан кеч қайтади, оналари эса телевизордаги сериаллар кўришдан,
дугоналар билан зиёфатма-зиёфат юришдан бўшамайди. Икки орада ака-уканинг
ўқишига на ота, на ота қизиқишади. Назоратсиз қолган ўспиринлар бора-бора
интернетга муккасидан кетиб, ўзлари учун танишлар, “дўст”лар орттиришади. Янги
ижтимоий фикрдошлари уларнинг кўнгилларига осон йўл топишади. Уларга интернет
орқали бир-биридан қизиқарли топшириқларни жўнатишади. Ўйинлар орасида диний
тарғибот борлигини англашмайди. Топшириқлар реал ҳаётга кўча бошлаганида эса
маҳалла-кўй уларнинг хатти-ҳаракатини кузата бошлади. Бу воқеанинг олдини олиш мумкинмиди? Албатта, мумкин
эди. Қачонки болани назоратсиз қолдирмаганимизда, вақтини нимага сарфлашини
кузатганимизда, руҳиятига эътибор берганимизда...
Шу ўринда бояги
аёлнинг бирор маҳалладоши тўғри йўлдан адашса, қандай йўл тутиши ҳақида ўйланиб
қолдим. “Менга нима? Менинг фарзандиммидики, бошимни қотирсам. Ота-онаси эплаб
олсин-да?”, дея ўзини четга олса керак. Аммо қанчадан-қанча нохушликлар мана
шундай лоқайдликлар оқибатида келиб чиқади-ку! Қани энди кўлами кенг, турли хил
мавзудаги мақолалардан юртдошларим ҳам баҳраманд бўлишса, муаллиф ҳам,
таҳририят, қолаверса, жамият ҳам ўз олдига қўйган мақсадига эришган бўларди.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий