Ижтимоий тармоқларнинг салбий
томонлари ҳақида кўп гапирилади. Бир ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек, ёшларнинг
навбатдаги акцияси қизиқарли кечди. Ноанъанавий #дўппи киямиз, #дўппи, #doppikiyamiz, #dõppi, #doppi
ҳештегларида дўппи кийишга чорлов кўпчилик фойдаланувчиларнинг қизиқишларига сабаб
бўлди. Тез орада бу чақирув елдек учиб, барча вилоятларимизни, ҳатто хориждаги
юртдошларимизни ҳам бефарқ қолдирмади. Фойдаланувчилар дўппи кийган расмларини
жойлар экан, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрларни ёзиб
қолдиришган:
Қайга бормай бошда дўппим,
Ғоз юрарман, гердайиб.
Олам узра номи кетган,
Фарғоналик Зарнигор Омонуллаева ҳам ўзининг расмини жойлаш асносида шундай
деб изоҳ ёзган: “Авваллари Фарғонада оналар
қизлари учун дўппи тиккан эканлар. Ҳозирда бу одат бироз такомиллашган. Бугунги
кунда оналар қизлари учун яхши кунларга атаб, махсус дўппи буюртирадилар.
Бошимда айнан ойимнинг совғалари. Гарчи ўз қўллари билан тиккан бўлмасалар ҳам,
меҳр-муҳаббат билан андозаларининг шаклланишида иштирок этиб, тиктирганлар.
Расм никоҳ тўйимиздан кейинги урф-одатлар вақтида олинган. Бутун Самарқанднинг ҳаваси келиб, "нежная",
"фарғоналик келин" деб таъриф беришган”.
Фойдаланувчиларнинг фикрича,
турли маъносиз тортишувлардан кўра, мана шундай қизиқарли, миллийлик уфуриб
турувчи флешпоблар кўпаяверсин. Йигит-қизлар эса шу баҳона қайси ҳудудларимизда
қандай бош кийим кийилишини билиб олишди.
Суратлар орасида энг машҳури Сурхон
дўпписи бўлди. Сурхонлик ёшлар турли хилдаги дўппиларини кўз-кўз қилишди.
Айниқса, ўз қўллари билан тикишган дўппиларнинг обрўйи баландроқ бўлди.
Ҳаммадан ҳам кичик болажонлар
бошида дўппиларни кўриш ўзгача қувонч, кўтаринкилик бағишлади. Жамалак уланган
дўппиларни кийган жажжи қизалоқларни кўриб ким ҳам завқланмайди дейсиз?
Ёшларнинг миллийлигимизни
оммалаштириш учун қилган саъй-ҳаракатини кўриб шодланамиз, албатта. Саноқли
кунлардан сўнг орзиқиб кутилган баҳор фасли келади. Дўппи кийган
йигит-қизларимиз сони яна ҳам кўпаяди, деган умиддамиз. Ўзбеклигимиздан
фахрланиб, азиз бошимизга дўппи киямиз!
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий