Шохобиддин куни кеча 19 ёшни
қаршилади. Ўтган йили Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари касб-ҳунар
коллежини тамомлагач, ёш бўлишига қарамай сентябрь ойида ўзининг “Ахмадий Шохобиддин”
фермер хўжалигига асос солди. Унинг ўзига бўлган ишончи дадиллик билан катта
режаларни амалга оширишига туртки бўлди. “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси
томонидан 800 миллон сўмлик имтиёзли кредит олиш учун ариза топширди. Икки ойга
етар-етмас “Миллий банк” вилоят бўлими томонидан унинг талаби қоноатлантирилди.
Кредит 5 йилга мўлжалланган бўлиб, йиллик ставкаси 7 фоизни ташкил этади. У
сўраган маблағлари эвазига Германия давлатидан швиц зотли 33 бош қорамолни
сотиб олди.
Шохобиддин фермер хўжалигини
очишни атрофдагилардан сир тутди. Ота-онаси эса унинг қарорини ҳурмат қилиб,
қўллаб-қувватлашди. Ҳозирда у 4 нафар ўзи каби меҳнатсевар ёшларни иш билан
таъминлаган. Баҳорда яна 18-20 та бўш иш
ўрни яратиш ниятида. Чунки март ойига келиб, зотдор сигирлар болалайди. Шундан
кейин сигирларнинг ҳар бири кунига тахминан 25 литргача сут бера бошлайди.
Демак, фермер хўжалигига сут соғувчи хотин-қизларга эҳтиёж ортади. Бундан
ташқари, қаҳрамонимиз 17
гектар ер майдонини олиб, қорамолларга ем-хашак
етиштириш тараддудини кўраяпти. Бу борада дадаси Абдуқодир ака унга яқиндан
кўмак беришаяпти. У ўзининг “Беларус”
русумли трактори билан ерни ҳайдаб, ҳосил экишга тайёрлаб беради.
— Худо хоҳласа зотли қорамолларни кўпайтириб,
банкдан олган кредитимни ёпаман, - дейди қаҳрамонимиз. — Берилган муддатгача
қорамоллар сони анчагина кўпаяди. Новосларни гўшт йўналишида алоҳида боқамиз.
Агар битта новос яхшилаб боқилса, бир тоннагача гўшт қилиши мумкин. Ҳар бири
камида 600-700
килограмм гўшт беради. Келажакда эса сутни қайта ишлаш
цехи очишни режамга киритдим. Ҳозирча сут маҳсулотларни амакимнинг фермер
хўжалиги орқали сотишга келишиб олдик.
O`zLiDeP вилоят Кенгаши “Ёшлар
қаноти” фаоли бўлган Шохобиддин ўзи каби фермерлик соҳасига қизиққан ёшлар учун
фермер хўжалиги эшиклари ҳамиша очиқлигини ғурур билан таъкидлади. Фаолиятининг
қисқа вақти мобайнида коллеж ўқувчилари билан бир неча бор учрашувлар ўтказиб,
уларни зотдор қорамол, ферма ҳаёти билан таништиришга улгурди. Ўзи босиб ўтган
қисқа йўл билан ўртоқлашди. “Орзу бўлса, албатта, уни мақсадга айлантириш учун
ҳаракат қилишса, бўлгани”, дейди у
суҳбатимиз асносида.
Шохобиддин ҳозирда яхши ниятлар
билан олий ўқув юртига киришга тайёргарлик кўраётганини айтиб ўтди. Мазкур ўқув
йилида у Гулистон давлат университети Иқтисодиёт факультетига ўқишга кириш
ҳаракатида. Иқтисодиёт сирларини ўзлаштириш фаолияти давомида ҳисоб-китобларни
юритишда асқотишини таъкидлади.
— Ҳозирдан туғиладиган бузоқларга
харидорлар бор. Лекин мен уларни ҳозир сотмайман. Ўзим истиқомат қиладиган
Боёвут туманида наслдор молларни кўпайтириш ниятидаман. Бу ёғига Яратганнинг
ўзи баракасини берин!
Ёш фермеримиз каби ўнлаб ёшларнинг
орзуларини амалга оширишда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури қанот бўлмоқда.
Вилоятимизда ташаббускор, ёшлик шижоатига ишонган йигит-қизларнинг сафи
кўпаяверсин.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий