среда, 27 февраля 2019 г.

АКФА ШОХОБЧАЛАРИ НЕГА БЎШ ТУРИБДИ?

Гулистон шаҳридаги “Марказий банк” биноси ёнига ўртанилган иккита кўчма акфа буткалар бир неча ойдан буён бўш турганлиги кўпчиликни таажжублантирмоқда. Мазкур акфа буткалар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши тассарруфида бўлиб, ўтган йилнинг апрель ойида тантанали равишда “Ижтимоий кўмак” лойиҳаси доирасида имконияти чекланган икки нафар ёшга бепул фойдаланишлари учун топширилган эди. Шохобчаларнинг бирида Адҳам Жўраев китоб савдосини йўлга қўйган бўлса, иккинчисида Ойбек Насриддинов пойабзал таъмирлаш устахонасини юргиза бошлаганди. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, ҳар иккала дўкон ҳам бўшаб қолди. Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Сарвар Султонов билан суҳбатда бўлдик.
— Лойиҳамиз доирасида имконияти чекланган ва кам таъминланган оила фарзандларини касбга йўналтириш ва уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ўтган йилда вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида жами 34 та мана шундай кўчма акфа шохобчаларини ўрнатгандик, - дейди Сарвар Султонов. — Шохобчалар 1,5х2,5 ҳажмли бўлиб, китоб дўкони, сартарошхона, телефон тузатиш ва пойабзал таъмирлаш устахоналарига мўлжалланган. Мазкур шохобчалардан фойдаланиш мутлақо бепул бўлиб, фақатгина сарфлаган электр энергияси учун тўлов қилади. Гулистон шаҳридаги акфа буткани бўш турганлик сабаби Адҳам Жўраев ўтган йили Гулистон давлат университетига ўқишга кирди. Унга янада қулайлик яратиш мақсадида университетнинг киравериш жойида янги акфа шохобча ўрнатдик ва у ерда дарсдан бўш вақтларида китоб савдоси билан шуғулланмоқда. “Марказий банк” биноси ёнидаги дўконни эса Даврон Шербоевга топширдик, аммо у ҳам Тошкентдаги олий ўқув юртларининг бирига ўқишга кирди. Ҳозирда бу шохобча эгасизлигича қолмоқда. Ойбек Насриддинов фойдаланган иккинчи шохобча масаласига келсак, бошида электр энергиясини улаш масаласида бироз муаммо бўлди, аммо Ёшлар иттифоқи томонидан бу муаммо тезда бартараф этилди. Ойбек ўз ҳисобидан электр ҳисоблагич ўрнатди ва шаҳобчани топшираётганида ҳисоблагичини олиб кетди. У мизожлари камлги сабабли шохобчадан фойдланишни истамади. Ҳозирда унинг ўрнига шохобча Ёшлар иттифоқи кафолот хати асосида суд залидан озод қилинган Илҳом Кенжаевга фойдаланишга берилди. Бироқ телефон тузатиш устахонасини юргазиши учун кредит маблағларига эҳтиёжи катта. Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши унга банкдан кредит олиш масаласига ёрдам бериш чораларини кўрмоқда.
“Ижтимоий кўмак” лойиҳасининг Низомига кўра, акфа шохобчалардан фойдаланмоқчи бўлган ёш имконияти чекланган ё кам таъминланган оила фарзанди бўлиши лозим.  Сарвар Султоновнинг таъкидлашича, юқоридаги мезонларга тўғри келадиган ёш бўлса, Ёшлар иттифоқ вилоят Кенгашида косибчиликка зарур бўлган иш қуроллари тахт турибди. Демак, масала ёшларнинг ўзида қолмоқда. Ҳаётда ҳунарим билан ўз ўрнимни топаман, деган ёшлар вилоят Ёшлар иттифоқига бу масалада бемалол мурожаат қилишлари мумкин.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий