Ёшларга мамлакатимизда имкониятлар
кўлами кенг. Гоҳида билиб-билмай жиноят йўлига адашиб кириб қолган
йигит-қизларга ҳам ғамхўрлик кўрсатилиб, уларни тўғри йўлга бошламоқда.
Хусусан, 2017 йил 5 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон
ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ёшлар масалалари соҳасида ўзаро
ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Меморандумга асосан озодликдан маҳрум қилиш
билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланмоқда. Ёшлар иттифоқи томонидан
берилган кафолат хатига таяниб, кўплаб ёшлар суд залидан озод қилинмоқда. Бугунги суҳбатимизда кафолат хати берилиши
бўйича бўлиб, саволларимизга Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши Ёш ҳуқуқшунослар
кенгаши бўлими юристконсульти Шерали Худаяров жавоб берди.
— Ёшлар иттифоқи қандай мезонлар асосида кафолат хатини беради?
— Кафолат хатининг белгиланган
талабаларидан биринчиси, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш бўлиши керак. Иккинчидан,
биринчи марта жиноят содир қилганлиги ва айбланувчининг бу хатти-ҳаракатидан
чин дилдан пушаймонлиги инобатга олинади. Мурожаат қилган ёшнинг оилали ё
оилали эмаслиги, ёлғиз фарзандлилиги, чин етим, ярим етим, боқувчисини йўқотган
ёинки меҳрибонлик уйларида катта бўлганлигига аҳамият қаратилади. Тузилган
махсус комиссия томонидан уларнинг оилавий шароити, ўқиш ёки иш жойи, яшаётган
ҳудуди ҳамда қўни-қўшниси томонидан берилган тавсияномалар ўрганиб чиқилади.
Ёшнинг ижтимоий фаоллиги, маълум бир йўналишда қўлга киритган ютуқлари ҳам
инобатга олинади. Ижобий тавсияномлар берилган ёшга Ёшлар иттифоқи томонидан
кафолат хати берилишига асос бўлади.
— Ўтган йили бу масалада қанча айбланувчи мурожаат этди ва уларга қай
даражада ёрдам кўрсатилди?
— Ўтган йили вилоятимизда
истиқомат қилувчи 36 нафар ёшлардан аризалар келиб тушган бўлиб, шулардан 24
нафарига кафолат хати берилган. Мурожаат қилганлар орасида бир нафарини қиз
бола ҳам бўлиб, кафолат хатига асосан, суд залидан озод қилинган.
— Айбланувчилар томонидан қандай турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик
ишлари содир этилган?
— Ўзбекистон Республикаси Жиноят
Кодексининг 164-моддаси босқинчилик, 166-моддаси талончилик, 169-моддаси
ўғрилик, 273-моддаси гиёҳвандлик воситалари, уларнинг
аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф
равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни
қонунга хилоф равишда ўтказиш ҳамда 244-модданинг қисмларида назарда
тутилган жиноятларни содир этишган.
— Ёшларнинг бундай йўлга кириб қолишларига сабабчи омиллар нималардан
иборат?
— Биринчи галда ота-оналарнинг
фарзандларига нисбатан эътиборсизлиги ва оиладаги муҳит сабаб бўлмоқда. Ота ёки
онанинг ичликбозликка ружу қўйиши, оиладаги етишмовчиликлар ҳам ёшларга салбий
таъсир кўрсатмоқда. Ёшларнинг банд бўлмаганлиги, бекорчилиги ҳам асосий
омиллардан бири. Лекин булар орасида тўқчиликка шўхлик, қабилида иш
тутаётганлари ҳам йўқ эмас.
— Ҳозирда суд залидан озод қилинган ёшларнинг ҳаётларида қандай
ўзгаришлар бўлмоқда?
— Кафолат хатини олган ёшлар ўша
ондан бошлаб Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларидан бири бўлишлари ва
ўтказиладиган барча тадбирларда иштирок этишлари керак. Кафолат хатининг
иловасида ҳар бири учун индивидуал режа ишлаб чиқилган ва улар шунга асосан иш
тутишади. Айни пайтда 17 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган, шундан 2 нафари
Ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритмоқда. Шунингдек, 5 нафари ўқишини қайта
тиклаб, давом эттираётган бўлса, 2 нафари эса жазоси енгиллаштирган жазони
ўтамоқда.
— Айтайлик, улар қўйилган талабларни бажаришмаса ёки қайтадан бу йўлга
кириб қолишса, қандай чора кўрилади?
— Индивидуал режага кўрсатилган
Ёшлар иттифоқи тадбирларига сабабсиз келмаса, иштирок этмаса, кўрсатилган
талабларни бузадиган бўлса, Меморандумга асосан Ёшлар иттифоқи вилоят Судига хат
билан чиқиб, уларнинг ишини қайта кўриб чиқиш масаласини сўрайди. Қайта жиноят
содир этилган тақдирда Ёшлар иттифоқи берган кафолат хатини бекор қилади.
— Кафолат хати берилиши бўйича сони жиҳатидан чекловлар қўйилганми?
— Ёшлар иттифоқининг кафолат хатини
берилиши бўйича сон жиҳатидан чегараланмаганлиги ёшларга берилаётган яна бир
имконятдир.
— Ёшлар иттифоқига кафолат хатини олиш учун мурожаат қилиш тартиби
ҳақида тушунтириб берсангиз.
— Айбланувчининг ота-онаси ёки
яқин қариндошлари томонидан яшаб турган ҳудудларидаги Ёшлар иттифоқи туман ёки
шаҳар Кенгашларига ёзма ариза билан мурожаат қилишади. Шунингдек, Судлар
томонидан Меморандумга асосан суди бўлаётган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар
тўғрисида Ёшлар иттифоқига маълумот юборилади. Фақат берилган ариза билан
чекланиб қолмай, балки юқорида таъкидлаганимдек, зарурий тавсияномалар
жамланади ва уларга таянган ҳолда Ёшлар иттифоқи вакили судда иштирок этади.
— Берган маълумотларингиз учун ташаккур.
Суҳбатдош: Шаҳло АБДУСАИДОВА,
“Сирдарё ҳақиқати” мухбири
Комментариев нет:
Отправить комментарий