четверг, 21 февраля 2019 г.

СОВҒА (шингил ҳикоя)

Аудиторияга бирин-кетин кириб келган талабалар хонанинг чиройли  безатилганлигини кўриб, ҳайрон қолишди. Чунки бугун ҳеч қандай байрам ёки бирор сана эмас, балки одатдагидек кун эди. Хона шифтига осилган турфа рангдаги пуфаклар, хаттахтага ана шундай пуфаклар билан “Happy birthday” деб ёзилган ёзувни ўқишиб, “Кимнинг туғилган куни экан?” деб ўйланиб қолишди. Шу пайт хонага эртак қаҳрамонларини эслатувчи либосларни кийган йигитлар қўлларида атиргуллар билан кириб келишди. Қизлар уларни кўриб баттар таажжубланишди. Дарсга қўнғироқ чалиниши билан ҳамма ўз жойларини эгаллади. Фақатгина учинчи партада ўтирадиган Жамиланинг жойи бўш қолди. Шунда ҳамма англадики, бугун унинг туғилган куни. Курсдошлари бундан бехабар эканликларидан уялишди.
Жамила ўзи шаддот ва шўх қиз. Доим ўзи кутилмаган янгиликлар қилиб, ҳаммани лол қолдиргиси келади. Ҳеч кимникига ўхшамайдиган либослар кийишни, антиқа тақинчоқлар тақишни ёқтиради. Ўзига тўқ хонадоннинг фарзанди эканлиги унинг юриш-туришидан маълум. Курсдош қизлар орасида ўзининг мана шу томонлари билан ажралиб туради. Ўқишга унчалик ҳам қизиқавермайди. Фанлардан олаётган  паст баҳоларига  парво ҳам қилмай, кунларни ўйин-кулги билан ўтказиш билан овора эди.
Дарс бошланганидан бироз вақт ўтиб Жамила аудиторияга кириб келди. У “жонли эртак қаҳрамонлари”ни кўриб, роса севинди. Қучоғи атиргулларга тўлди. Курсдошлари ҳаммаси жўр бўлиб табриклашиб, самимий тилаклар билдиришди.
— Вой, роса хурсанд қилдиларинг, - деди Жамила курсдошларига қараб. — Очиғини айтсам, кутмагандим. Бунақа “сюрприз”ларни ёқтиришимни билганларингдан хурсандман.
Курсдошлари кеча ташкилотчилари улар эмасликларини айтишди. Шу пайт Жамиланинг уяли телефони жиринглаб қолди. Гўшакни қўйгач, уни ёқтирган бир йигитнинг табриги бўлиб чиқди. Бир ҳафта ўқиш давомида асосий мавзу ўша “қаҳрамон” - йигит ҳақида бўлди. Курсдошларининг айримлари унга ҳавас қилишса, айримлари кап-катта қизга шунақа совға ярашадими, дейишди. Бу воқеа вақт ўтгач, дами чиққан пуфакларга ўхшаб унут бўлди.   
Жамиланинг курсдоши Лобар унинг мутлақо акси: оғир-босиқ, самимий ва фақат аъло баҳоларга ўқийдиган қиз. Лобар ҳар кунги юмушларини режалаштиришга одатланган. Сумкасида доим бадиий китоб олиб юрар ва имкон бўлди дегунча, мутолаага қиришарди. Бугун унинг туғилган куни. Лекин талабалар хонага кирганларида аудитория худди Жамиланинг туғилган кунига ўхшаб байрома безатилмаганди. Курсдошлари унинг туғилган куни эканлигини эшик тагида совға олаётганида билишди. Жамилага ўхшаб унга бир даста гул эмас, балки китоблар тўплами совға қилишганди. Лобар хонага қайтиши билан курсдошлари китобларни кўришга талашиб кетишди. Ким қайси китобни биринчи  бўлиб ўқишлари ҳақида узоқ баҳслашишди. Бир чеккада уларни кузатиб турган Жамиланинг бу ҳолатдан ғаши келди. Чунки Лобарнинг совғалари бебаҳо ва оқилона танлов эди...
Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий