четверг, 21 февраля 2019 г.

КЕЛАЖАККА УМИД УЧҚИНИ

Ҳар гал Ринатни кўчада кўрганимда мен билан қўлини кўксига қўйиб, ҳол-аҳвол сўрашишни канда қилмайди. Хайрлашаётганда эса оила аъзоларимга, албатта, саломини етказишимни тайинлайди. Орадан вақт ўтаётганини унинг чўзилаётган бўй-бастига, ташқи кўринишига қараб сезаман. Ундан узоқлашгач, ўспирин йигитнинг тақдири мутлақо бошқача бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйга толаман. Тақдир уни сийлаяпти, аммо у сингари бошқа болаларни-чи, деган саволга жавоб қидираман...

Бундан 3-4 йил аввал уйимизга акам бир болани етаклаб келди. Қиш кунлари юпун кийинга болага устига қалин либослар берди. Меҳмон бола уйимизда 10 кундан ортиқ вақт қолди. Маълум бўлишича, унинг отаси ташлаб кетган, онаси бошқа турмушга чиққан экан. Бола бувисининг қармоғида қолган.
— Тоғам бор, - дейди суҳбатимизда у. — Фақат кўп ичади-да, кун бўйи уйда ётади. Ҳеч қаерда ишламайди. Гоҳида оч қолиб кетганимиздан кўчага чиқиб қўлимдан келадиган ишни бажарман. Бозорда одамларнинг юкларини кўтаришаман. Бунинг учун қўлимга чой-чақа беришади. Шаҳар ичида қатнайдиган автобусларда чиптачи бўламан. Оч қолсам ҳам ўғрилик қилмайман, гуноҳ бўлади... Тоғамни ароқ ичишга пули қолмаса, мендан пул талаб қилади. Уйимизда эса сотиладиган ҳеч нарса қолмаган...
— Бувинг-чи, бувинг сизлар билан турмайдими? - дея сўроқлайман мен.
— Бувим анча кексайиб қолган. Тоғамнинг кўп ичиши ва жанжалларидан қочиб, бошқа ўғли билан ҳовлили уйда яшайди. 
— Нега улар бирга яшамайсан?
— Бориб тураман. Оилада иккита фарзандмиз. Мендан катта опам бор. У бувим билан бирга туради, мактабда ўқийди. Мен ҳам борсам бу ерда тоғамни ўзи ёлғиз қолиб кетади. Уйимиздан хавотирланаман, ичгани ёқвормасин, дейман. Катта бўлиб, кўп пул топсам, опам ва бувим билан бирга яшаймиз...
Гапиришда нуқсони бор бу болани анчагача савол-жавоб қилдик. Айниқса, унинг қайси мактабда ўқишига қизиқдик. Шаҳардаги бир қанча мактабларда ўқиганини санаб ўтди. 
— Дарсларни кўп қолдирганим ва фанларни яхши ўзлаштиролмаганлигим учун ҳужжатларимни бошқа мактабга ўтказиб юборишади. Ўқитувчиларим менга қараб: “тартибсиз оилани боласи” дейишади. Хафа бўлмайман, бунақа гапларни эшитавериб ўрганиб кетганман. Мактаб рейтингини бузар эканман... Мен ҳам ўқишни хоҳлайман, аммо қорнимни тўйғизишим ҳам керак.
Унинг сўзларини тинглагач, бошимда шу саволлар ғужғон бўлди. Ўқувчини тинимисиз ўқиш жойни ўзгартириш тўғримикан? Муҳитни ўзгартиравериш бола руҳиятига қандай таъсир қилади? Ахир ниҳол ҳам бир ерда туриб томир ортади, гуллаб, аста-секин мевага киради-ку. Оддийгина бегона жойга меҳмонга борсангиз, ўзингизни “игнани устида ўтирган”дек ҳис қиласиз. Бола-чи? Айниқса, ўспирин ва балоғот ёши психологияси бу борада нима дейди? Ринат ҳозир тўғри йўлда, аммо уни тақдири бутунлай ўзгариб кетиши мумкин. Баъзида ота-онаси қаровида бўла туриб ҳам жиноят йўлига кираётган йигит-қизлар бор. Ҳар нимани иссиғида олдини олган яхши. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий