понедельник, 25 марта 2019 г.

“БОКСЧИ ҚИЗГА ҲАВАСДАМАН”

Рио-2016 Олимпиадасида спортчиларимизнинг эришган муваффақиятлари ҳали-ҳануз фахр билан тилга олинмоқда. Айниқса, боксчиларимизнинг қўлга киритган медаллар шодаси мазкур спорт турига қизиқувчи ёшларнинг сони ошишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатимиз хотин-қизлари орасида тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида биринчи марта бокс бўйича иштирок этган Ёдгорой Мирзаевага ҳавасманд қизларимиз ҳам бор. Гулистон шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Севинч Раҳимқулова ҳам шулар жумласидандир.

Севинч Ёдгоройнинг Олимпиадада чиқишини телевизор қаршисида ҳаяжонланиб кузатди. Ўзида шу спортга бўлган қандайдир қизиқиш уйғонганини сезди. Тез орада янги ўқув йили бошланди. Севинч дарслардан сўнг мактаб қошида фаолият юритаётган бокс тўгарагига келди. Бир неча йилдан бери шуғулланаётган синфдошлари Жаҳонгир Йўлдошев ва Фаррух Аҳмаджоновни ҳам шу ерда учратди. Бир чеккада ўтириб, мураббийнинг олиб бораётган машғулотларини кузатди. Қатъий бир қарорга келишдан олдин қайта-қайта машғулот залига келди.
Кечки овқатдан сўнг дадаси (раҳматли)га ўзининг қизиқиши билдирди. Аввалига Рустам ака қизига розилик билдирмади. Қизининг шижоати сусаймаётганини кўриб,  мураббийнинг кимлигини сўраб, суриштирди. Буни қарангки, мураббий таниш бўлиб чиқди. Севинч Равшан Хушқадамов мураббийлиги остида машғулотларга киришди. У ўйлагандан ҳам кўпроқ машғулотлар мураккаброқ бўлиб чиқди. Лекин ўзига бўлган ишончи, иродаси туфайли бироз бўлса ҳам ортга чекинмади.
Яқинда Жиззах шаҳрида бокс бўйича хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Унда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилишга 4 нафар қиз отланди. Уларнинг орасида Севинч Раҳимқулова ҳам бор эди. У 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди. Қолган қизларимиз эса ортга медалсиз қайтишди.  
— Бу ютуғимни дадам раҳматли кўрганида мен билан фахрланган бўлар эди, - дейди Севинч суҳбатимиз давомида. — Илк бора мусобақада иштирок этишим эмасми, рингда дастлаб ҳаяжон босди. Шундай бўлса-да, фарғоналик рақибимни енгдим. Кейинги рақибим бухоролик қиз бўлди. Унинг менга йўллаган зарбаларига қарши чиқолмай, кичик нокдаутга учрадим. Шунда дадам раҳматли хаёлимдан ўтди ва мен тезда ўзимга келиб, қайтадан жангни давом эттирдим. Шунинг учун бу медалимни дадам иккимизники, деб ҳисоблайман.  
Севинчнинг бокс бўйича илк медалини мактаб маъмурияти катта тантана билан нишонлади. Аммо бу ўқувчи қизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқларининг биринчиси эмас. У боксдан ташқари волейбол билан ҳам шуғулланади. Мактаб жамоаси турли мусобақаларда шаҳар биринчилигини қўлдан бермай келаяпти.
Қизининг ютуғидан онаси Санобар опа суюниб, кўзларида ёш қалқди. Жанглари туширилган видеотасвирни кўриб, қизининг иродасига тан берди. Севинчни тўрт мучаси соғ-саломат ҳолда уйга қайтганини ўзи учун ҳар қандай медалдан устун эканлигини алоҳида таъкидлади. Аслида бу оилада яна бошқа спортчи ҳам камолга етмоқда. Укаси Фаёзбек Раҳимқулов спортнинг шотокан каратэ-до тури бўйича бир неча йилдан буён мунтазам равишда шуғулланмоқда. У Ўзбекистон чемпионати ва кубоги совриндори. Оиланинг кенжаси Ҳусниябону эса опаси ва акасидан фарқли ўлароқ, спортни эмас, балки математика ва рус тили фанларини ўзлаштиришга иштиёқи баланд.  
Севинч мактабдаги баҳоларига алоҳида эътибор қаратади. Барча фанлардан аъло баҳоларга ўзлаштирмоқда.
— Бу йил мактабни тамомлайман, - дейди Севинч. — Олдимга аниқ мақсадни қўйдим. Гулистон давлат университети Жисмоний маданият факультетининг хотин-қизлар спорти йўналишига ўқишга кириш учун ҳужжатларимни топшираман. Насиб этса, амалий имтиҳонларни топшириб, талаба бўламан ва бокс билан шуғулланишни давом эттираман. Ҳозирда яна бир нуфузли мусобақа — Ўзбекистон кубогига тайёргарлик кўрмоқдамиз. Келажакда Ёдгорой Мирзаева сингари номдор боксчи бўлишга интиламан.

Шаҳло АБДУСАИДОВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий