понедельник, 25 марта 2019 г.

КИТОБХОНЛИК — ИНСОН МАЪНАВИЯТИ КЎЗГУСИ

Китоб мутолааси нафақат тафаккур оламингизни балки, сўз бойлигингизни ҳам бойитишга хизмат қилади. Бирон бир бадиий адабиётни ўқишингиз давомида асар қаҳрамонларининг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиб, идрок қилиш қобилиятингиз ортади. Меҳр-муҳаббат, садоқат, вафодорлик каби туйғуларни шаклланишида атроф-муҳит билан бирга асарларни ўқиш ҳам катта таъсир кўрсатади. Кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятига алоҳида урғу берилаётганлиги бежис эмас, албатта. Айниқса, ёшларда китоб мутолаасига меҳр уйғотиш мақсадида “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила” каби республика кўрик-танловлари ташкил этилиб, ғолибларга енгил автомашиналар совға қилинмоқда.  
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда Оқолтин туманидаги “Фарғона” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ташкил этилган адабий-бадиий кечада ҳам китобхонлик маданияти тарғиб қилинди.
Адабий-бадиий кечада элимиз ардоғидаги Ўзбекистон Халқ шоиралари — Зулфия, Ҳалима Худойбердиева ҳамда шоира Турсуной Содиқоваларнинг порлиқ хотиралар ёдга олиниб, уларнинг қаламига мансуб дилбар ижод намуналари ўқилди.
Тадбирда вилоят Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ўқув таъминлаш методик бўлими бошлиғи Ж.Мамаражапов, “Фарғона” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Х.Шаробитдинова, ГулДУ доценти, адабиётшунос олим Қ.Кубаевлар ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар хусусида тўхталишди.
— Китоб ўқиш кони фойдали, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Н.Қосимова. — Ёшларда бадиий адабиётга бўлган меҳрни ошириш билан бирга вилоятимиз ижодкорларнинг ижоди билан яқиндан таништириш лозим. Хусусан, Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева сингари халқ шоирлари вилоятимиздан етишиб чиққан. Сирдарёликман, деган ҳар бир ёш уларнинг ижодидан ёддан ўқимоги керак.

Кеча сўнгида тумандаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъати мактаби ўқувчилари томонидан тайёрлаган концерт дастури барчага байрамона кайфият улашди.
Ш.АБДУСАИДОВА 

Комментариев нет:

Отправить комментарий