понедельник, 25 марта 2019 г.

МИЛЛИЙ УСЛУБНИНГ ЗАМОНАВИЙ ТАЛҚИНИ

Вилоятмизда санъат ва маданият соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, куртак ёзаётган иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни рағбатлантириш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Хусусан, Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти музейининг кўргазмалар залида Мирзаобод туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Асила Турсунбоеванинг “Камалакдай сержило сеҳрли қўллар” деб номланган илк ижодий кўргазмасининг ташкил этилиши шулар жумласидандир.

Вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган кўзгазмадан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги  Фармони ижросини таъминлашдир.
Эндигина ўнинчи баҳорини қаршилаган қизалоқ туманидаги 6-сонли болалар ва мусиқа мактабида амалий санъат йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Устози Мавлуда Мамадиёрова ёш қизалоққа квилллинг сирларини қунт билан ўргатаётир. Кўргазмада Асиланинг ўз қўллари билан яратган асарлари намойиш этилди.
Санъат квиллинг тури XIV-XV асрларда Европада ташкил топган бўлиб, узун ва ингичка қоғоз тасмаларидан спираллар ўраб, композиция ҳосил қилинган. Ҳаттоки ўз даврида ушбу санъат турига Буюк Британия маликаси Елизавета катта иштиёқ билан қизиқиб қолган. Унинг яратган кўплаб асарлари Лондондаги Виктория ва Альберта музейларида сақланмоқда.
— Қизимиз ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган тасвирий ва амалий санъат фестивалида иштироки давомида квиллинг усулидаги ижод намуналарини кўрганидан сўнг унга қизиқиши уйғонди, - дейди Асиланинг онаси Дилдора Холиқова. — Бир йилдан буён шу йўналиш билан шуғулланмоқда. Унга қадар у тўқувчилик билан машғул бўлиб, турли танлов ва кўргазмаларда иштирок этган. Бундан ташқари қўшиқ айтади, чиройли рақсга ҳам тушади. Биз қизимизнинг иқтидорини ривожлантириш учун ҳамиша зарур шарт-шароитларни яратиб беришга шаймиз.
Асила ўтган йили февраль ойида бўлиб ўтган “Кашталарда Ватан жилоси” кўргазмасида қатнашиб, фахрли 1-ўринни эгаллагади. У Ўзбекистон бадиий академияси ҳамда вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан ташкил этилган фестиваллардаги фаол иштироки учун махсус дипломлар билан тақдирланган. Яқинда эса у Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган Сирдарё кунлари муносабати билан ташкил этилган кўргазмада қатнашиб, сертификат ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Кўргазмага келган томошабинлар истеъдодли қиз томонидан яратилган жониворлар, турли гуллар, табиат манзаралари, дўстлик каби мавзуларида акс эттирилган миллий тусдаги асарларини кўришлари мумкин.
Ш. АБДУСАИДОВА.
Тасвирчи: Муҳаммад КАРИМ

Комментариев нет:

Отправить комментарий