понедельник, 25 марта 2019 г.

ТАБАРРУК ТУҲФА (ҳикоя)

Эрталабдан буён Гулдонанинг кўнглим ғаш, нимадандир безовта, аммо сабабини тополмай ҳалак. Баъзида кимнидир хафа қилиб қўйса ёки дилини оғритса, мана шунақа ҳолатга тушади. Ўша инсондан кечирим сўрамагунича виждони қийналаверади. Ҳозир эса хаёлан яқин кунлар ичида бўлиб ўтган ҳар бир воқеани эслашга уриниб кўрди. Йўқ, бирон-бир кўнгилсиз воқеани эслолмади. Чунки у бу вақт оралиғида ҳеч ким билан аразлашмаганди. Шундай бўлса-да, шивирлаб ўзидан ўзи кечирим сўради. Кўнгил хиралиги тарқалмади. Шу зайлда кунни ўтказди.

Гулдона бошини ёстиққа қўйиб, кўзларини юмди. Хонада сокинлик ҳукмронлик қилар, фақат унинг нафаси эшитиларди. Бир зум юмуқ турган кўзлари қайта очилди. У виждони азобланаётгани боисини англаганди. Шу топда унга меҳр керак эканлигини ҳис қилади. Айнан болалигида беғубор қалбидан юлиб олинган ўша меҳрни қўмсаётганди. Ҳа, айнан шунисини, бошқасини эмас.
... Ўша кезларда Гулдона 4-синфда ўқирди. Янги йил байрами нишонланиш арафасида эди. Синфдошлар қизлари бозордан сотиб олган янги кўйлакларини таърифлашиб, адоғига етишолмасди. Партанинг бир чеккасида ўтирган Гулдона синфдошларини кузатганча ич-ичидан уларга ҳаваси келди. Йўл-йўлакай уйга қайтгунича унга ҳам мана шундай кўйлак олиб беришларини жуда хоҳласа-да, бу ҳақида уйдагиларига чурқ этмади. Хонасига кириб, кийимларини  алшмаштирди. Кўйлак ҳақидаги хаёли бироз нари кетди. Бир маҳал:
Тезда кийин, аканг билан сени бозорга олиб бораман, – деди дадаси тўсатдан.
Оҳ, бу сўзларни ростдан ҳам қулоқлари эшитдими? Чини билан дадаси бозорга олиб борадими? У чойини охиригача ичмасдан ўрнидан сакраб турди. Эшик олдида ҳаммадан биринчи тайёр бўлиб, даҳлизда акаси билан дадасини кутиб турди. Акаси имилламасдан тезроқ бўлса-чи! Гулдона этиги билан полга депсина бошлади. Ва ниҳоят, ота-бола ҳам ҳозир бўлишиб, учовлашиб йўлга тушишди. Акаси ҳам хурсанд. Бир-бирларининг қўлларини маҳкам тутганча ака-сингил гоҳ юриб, гоҳ чопиб-чопиб йўлда кетишди.
Бозор расталарида бир-биридан чиройли либосларни кўриб, ака-сингилнинг кўзлари қамашди. Айниқса, Гулдона синфдошлари таърифини келтирган кўйлакларни кўрганида “у Мадинаники, бу Лобарники, буниси Шаҳзоданики...” дея нома-ном айтиб юрди. Ўзи эса қайси кўйлак менга лойиқ экан, деган ўй билан кўйлакларга разм солди. Бир дўкон растасининг баланд пештоғида осиғлиқ турган кўйлакни кўрдию оёқлари ўзига бўйсунмай шу ерда туриб қолди. Гулдона бунақа чиройли кўйлакни биринчи марта кўриши эди. Уни кузатиб турган дадаси:
Шуни кийиб кўр-чи! – деди.
Сотувчи узун тутқичи билан кўйлакни олиб бергунича Гулдонанинг юраги ҳаприқиб кетди. Мовий рангда, бичими худди маликаларникига ўхшайдиган кўйлакни ичкарида эгнига илганида кўзгу қаршисида ўзини таний олмай қолди.
Оламиз! – дея дадаси ҳамёнидан пул чиқариб, санаб, сотувчига узатди.
Гулдона кўйлакни маҳкам бағрига босганида севинчи ичига сиғмай кетди. Бозордан уйга қайтгунча дадасига миннатдорчилик билдирди.
Ниҳоят, у кутган тонг отди. Сочларини ўзи ёқтирганидек чиройли қилиб ўриб олди. Энди навбат кўйлакка келганди. Кўйлагини авайлабгина кийди. Дарвоқе, кеча дадаси унинг либосига мослаб бежирим этикча ҳам сотиб олиб берганди. Бошдан оёқ сийланган Гулдона байрам кечасида синфдошлари орасида энг чиройлиси эди, гўё. 
Қиз ҳар гал кўча-кўйга шу кўйлагини кийиб чиққанида аёллар йўлда тўхтатиб: Кўйлагинг бунча чиройли? Ким олиб берган? деб сўрашарди. Бу гапларни эшитганида у шу кўйлагини янада авайлаб кийишга ҳаракат қиларди. Холаваччалари, қўни-қўшнилар кўйлагини бир кунга қизлари кийиб туриши учун сўраганларида ҳам бермасди. Улғайганида кўйлакни авайлаб онасининг сандиғига беркитиб қўйди.
... Гулдонанинг ёдига кўйлаги тушди-ю ўрнидан сапчиб туриб, сандиқни очди. Ранги ҳам униқмаган, яп-янгидек, худди хотиралари каби. Кўйлакни бағрига босганича юм-юм йиғлади. Чунки бу дадасининг ягона ва сўнгги совғаси эди...
Айни дамда ўзининг бахти тўкис эмаслигидан эзилди. Ҳар доим кўнглининг бир қатида  жим турган “нимадир” бугун жойидан қўзғалганди. Бу болалигидан қолган, йиллар ўтса ҳам сира тарк этмаган соғинч ҳисси эди.
Нега дунё шундай бевафо? Гулдона ҳам тенгдошлари каби меҳр оғушида улғайишга ҳақли эмасмиди? Қиш ортидан баҳор келганида дарахтлар ниш ураётган паллани кузатиб, ҳаваси келади. Уларда умид бор янги кунга, янги ҳаётга. Унда-чи? Ҳаммасига сабаб болаликда ололмаган меҳр, меҳр ва яна меҳрда деб билди
— Сизни соғиндим, жуда-жуда ҳам! Гарчи мени эркаламаган бўлсангиз ҳам, бир бора “қизим” дея чақирмаган бўлсангиз ҳам сизни соғиндим. Сиздан ололмаган меҳрни соғиндим, дадажон! – дея ўзича пичирлаб жойига ётди.
Гулдона ўйлаб, ўйига етолмай бошини ёстиққа қўйганича узоқ хўрсинди. Тунни ёритаётган ойга мафтун бўлиб, кўзлари уйқуга кетди. Яна тонг отди. Отаётган тонгни  хотиржамлик билан қаршилади. Кўзгуга боқиб, ўз аксига қаради. Тўрт мучаси соғлигига шукрона келтириб, қизғин ҳаёт тарзига шўнғиб кетди.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий