понедельник, 25 марта 2019 г.

СИРДАРЁДА МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ЮКСАЛАДИ

Жорий йилнинг 19 февралдаги Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида ёшларни, айниқса, банд бўлмаган йигит-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш, турли йўналишдаги бадиий ҳаваскорлик тўгаракларида ҳамда маънавий-маърифий тадбирларга иштирок этишлари учун зарурий шароитлар яратиш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан алоҳида концепция ишлаб чиқилди. Ана шу концепциянинг илк дебочаси сифатида “Сирдарёда маданият ва санъат куни” лойиҳаси доирасида бир қатор маънавий-тарбиявий тадбирлар бўлиб ўтди.

Тарихни билиш ва ўрганиш ўзликни англашдан бошланади. Лойиҳа Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти музейидан бежизга бошланмади. “Ҳаракатлар стратегияси ва маънавий юксалиш” мавзусида намойиш этилган кўргазмада Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Юлдашев, Ўзбекистон халқ рассоми, санъат арбоби Ортиқали Қозоқов, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латипов, мутассади ташкилот вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Лойиҳа доирасида Гулистон шаҳридаги 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон халқ артисти Аваз Ражабов санъатга ихлосманд йигит-қизлар учун маҳорат дарси ўтди. Шунингдек, “Дўстлик” маданият марказида “Рақснинг сирли олами” мавзусида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг малакали ўқитувчилари томонидан “Камалак”, “Севинч”, “Санам”  каби рақс ансамблларига ўз маҳорат сабоқларни беришди. Маҳорат дарсларидан сўнг иштирокчилар учун қўғирчоқ театри томонидан спектакль намойиш этилди.

Куннинг иккинчи яримида Сирдарё туманидаги 12-сонли болалар мусиқа ва санъати мактабида “Мақом санъати — миллат хазинаси” мавзусида маҳорат дарси бўлиб ўтди. Тумандаги “Истиқлол” маданият марказида эса таниқли эстрада хонандалари иштирокида “Қалбимда Ватан мадҳи” деб номланган концерт намойиши билан лойиҳанинг кунлик дастури якунланди. Бироқ концепцияга асосан “Сирдарёда маданият ва санъат куни” лойиҳаси ҳар ойнинг иккинчи ўн кунлигида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.
Ш.АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий