вторник, 29 января 2019 г.

КАМЧИЛИКЛАР ҲАМ, ЮТУҚЛАР ҲАМ ЎЗИМИЗНИКИ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг 2018 йил якунларига бағишланган Кенгаш йиғилиши таҳлилий-танқидий руҳда ўтди. Йиғилишда Ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, Кенгаш аъзолари иштирок этишди.
Бугунги кунда вилоятимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 488 100 нафардан ортиқ бўлиб, ҳудуд аҳолисининг 59 фоизини ташкил этади. Ёшлар иттифоқи томонидан ўтган йили мобайнида 1 569 маротаба турли лойиҳалар ва тадбирлар ўтказилган бўлиб, уларга 383 397 нафар ёшлар жалб этилганлиги қайд этилди. Сарҳисобларга назар ташлаган ҳолда вилоят ёшлари ҳаётида қандай муҳим воқеа-ҳодисалар содир бўлганини билиб оламиз.
Сарвар Султонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари:
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг барча туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан “Ижтимоий кўмак” лойиҳаси доирасида имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 34 нафар ёшларга акфа буткалар қуриб берилиб, уларга ўз китоб дўконлари, сартарошхоналари ва пойабзал таъмирлаш устохонларини очишларига кўмак берилди.  Шунингдек, 17 нафар имконияти чекланган ёшларга ҳасса ва қўлтиқ таёқлар, 28 нафарига ногиронлик аравачаси, қулоқ эшитиш мосламаси, 1 106 нафарига эса кийим-кечак, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўтган давр мобайнида иқтидорли, ташаббускор, фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида 160 та хонадон калитилари ўз эгаларига топширилди.
 Вилоятда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқубузарликларни олдини олишга қаратилган 1 445 та тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, 89 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Ҳарбий хизматни ўтаган, банд бўлмаган 70 нафар ёшлар “Жасорат” клубига бириктирилиб, улар томонидан 540 маротаба рейдлар ўтказилди. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 24 нафар ёшлар қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган ҳолда суд залидан озод қилинди ва уларнинг бандлиги таъминланди. Ҳудудда жиноят содир этишга мойил ва ИИБ органлари профилактик ҳисобида турган 460 нафар вояга етмаганларнинг 242 нафари профилактик ҳисобдан чиқаришга мувоффақ бўлинди.
“Ёшлар — келажагимиз” Давлат дастури ижроси доирасида 175 нафар йигит-қизларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун жами 9 млрд 677 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Бунинг натижасида 296 та янги иш ўринлари яратилди.
Ёшларни спортда жалб қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган 207 та спорт мусобақларида 16 мингдан ортиқ йигит-қизлар иштирок этишди. Бундай ишларнинг амалий натижаси сифатида туман ва шаҳарларда 60 та “Воркаут” спорт майдончалари фойдаланишга топширилди.
Ютуқларимиз каби йўл қўйган хато ва камчиликларимиз ҳам бор. Хусусан, узоқ муддатга хорижга ишлаш ва бошқа мақсадларда чиқиб кетган ёшларимизни юртимизга қайтариш ёки қайтиб келганларини касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш борасида аниқ механизм ишлаб чиқмаганмизў. Бу масала борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги сабаб бўлмоқда. Ёшлар иттифоқининг корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари сони 378 тани ташкил этади. Афсуски, бошланғич ташкилотларининг олиб борилаётган ишларии қониқарли даражада эмас. Вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ҳамда ўз қизиқишлари бўйича тўгаракларни жамлаган “Ёшлар маркази” бинолари йўқлиги ҳам соҳамиздаги камчиликдир.
Мурод Ҳаитов, Ўзбекистон ёшлар итифоқи вилоят Кенгаши раиси ўринбосари:
— Ҳудудларда ёшлар ўртасида 780 та маънавий-маърифий йўналишдаги тадбир ва лойиҳаларда 155 минг нафар ёшлар фаол иштирок этишди. Кенг қамровли тадбирлар сирасига ўтган йили “Ёшлар — келажак бунёдкори!” шиори остида ўтказилган “Ёшлар фетиваллари”, “Обод кўнгил” тарғибот лойиҳаси, 30 июнь — “Ёшлар куни” санаси доирасида бўлиб ўтган кўплаб лойиҳаларни киритишимиз мумкин.
Ёш оилалар ўртасида ажримларни олдини олиш бўйича 416 маротаба тарғибот тадбирлари ташкил этилган бўлиб, унинг натижасида 148 та ажрим ёқасида турган ёш оилалар яраштирилди, 271 тасига эса ярашишшга муҳлат берилди. Нигоҳ қураётган ёш келин-куёвларнинг оила ҳақидаги тушунчалари саёзлиги туфайли оилалар муаммоларга дуч келмоқда. Мазкур йилда бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришимиз лозим.
Вилоятимизда китобхонлик маданиятини оширишга ҳам сезиларли натижаларга эришилмоқда. Биргина “Ёш китобхон” республика кўрик-танловида ўз билим ва маҳоратини намойиш этиш мақсадида 30 мингдан ортиқ ёшлар аризаси билан мурожаат қилишди.
Умиджон Муҳаммедов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши Бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири:
— 2018 йил давомида вилоятимиз бўйича 46 нафар бошланғич ташкилот етакчилари юқори лавозимларга кўтарилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, ёшлар билан иш олиб боришда янги замонавий тарғибот усулларидан фойдаланиш бўйича кўникмаларини ошириш мақсадида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ташкил этилган бир ойлик ўқувларда 13 нафар бошланғич ташкилот етакчилари малакаларини оширишди. Ўтган йили вилоят ёшларининг 2 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофотига, 2 нафари “Мард ўғлон” Давлат мукофотига, 1 нафари “Келажак бунёдкори” медалига, 2 нафари “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонига ҳамда 3 нафари номдор стипендияларига муносиб топилди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тавсиянома асосида Гулистон давлат университетига тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган 151 нафарига ҳамда ўзлаштириш кўрсатгичлари 86 фоиз ва ундан юқори бўлган 40 нафар талабаларга моддий ёрдам тариқасида контракат тўловининг 35 фоизи тўлаб берилди. Шунингдек, тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган чин етим, ногиронлиги бўлган, ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва Меҳрибонлик уйида тарбияланган 5 нафар талабаларга Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгашлар томонидан контракт тўловининг 50 фоизи ёрдам тариқасида тўлаб берилди.
Кенгаш йиғилишида ҳисоботлар тинглангач, аъзолар томонидан фикр-мулоҳалар тингланди. Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг 2019 йилга мўлжалланган иш режаси юзасидан таклифлар тингланди ҳамда тасдиқланди. Ўртага ташланган камчилик ва муаммолар мазкур йилда ўз ечимини топишига умид билдирилди.

Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий