вторник, 25 июня 2019 г.

АДАБИЙ КЎПРИК МУТАҲКАМЛАНДИ

Тошкент вилоятида жойлашган “Бўстонлиқ” оромгоҳида анъанавий тарзда ташкил этилиб келинаётган ёш ижодкорларнинг Зомин семинарига ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Сирдарё вилоятидан 10 нафар наср, назм, публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти каби йўналишларидан танлаб олинган ёшлар Тошкент вилояти ижодкорлари билан учрашиб, ўзаро беллашишди.
Даставвал, семинар иштирокчиларини Тошкент вилояти ҳокими вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, раис ўринбосари, шоир Нодир Жонузоқ ва бошқа устозлар кутиб олишди. Сўнгра ижодкорлар Тўйтепа марказидаги мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйишди.
Тошкентлик Муниса Абдуллаева, Хонзадабегим Жамолова, Бону Эрматова, Бобуржон Иброҳимов сингари ижодкорларнинг шеърлари барчада катта таассурот қолдирди. Шунингдек, cирдарёлик ижодкорлар Мақсуда Мирзаева, Рашид Хўжамов, Орзимурод Нурматов, Салима Райимқуловаларнинг ижод намунлари устозларнинг эътирофига лойиқ бўлди.
Устоз-ижодкорлар энг истеъдодли ва иқтидорли ижодкорларни бешта йўналиш бўйича саралаб олишди. Ғолиблар эндиликда июль ойида ўтказиладиган ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида иштирок этишади.
— Бу йил Гулистон академик лицейини битираяпман, - дейди семинар иштирокчиси, сирдарёлик Зуфарбек Эркинов. — Яқинда “Муҳаббат қўшиғи” номли китобим нашрдан чиқиди. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникацилар университетининг журналистика йўналишига ўқишга ҳужжат топшираман. “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ижодимга қизиқиб, керакли тавсияларни берди. Бундан мени кўнглим тоғдек кўтарилди. Ўзимиз севиб ўқийдиган устоз-ижодкоралар бир кунларини бизга ажратганликларидан беҳад қувондик.
Семинар сўнгида мезбонлар сирдарёлик ижодкорларга қимматбаҳо совғалар ҳамда китоблар туҳфа қилишди. Уюшманинг Тошкент вилоят бўлими томонидан янги нашр этилаётган “Адабиёт нури” номли газетасининг семинарга бағишланган махсус сони тарқатилди. Унда бир гуруҳ сирдарёлик ижодкорларнинг сара ижодлари ўрин олган.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилги саралаш босқичига Сирдарё вилояти мезмонлик қилган эди. Гулистон шаҳрида жойлашган “Билимдонлар маскани”да ўтказилган адабий учрашув ҳамда мушоира ҳанузгача ижодкор-ёшларнинг тилидан тушганича йўқ. Зомин семинари асносида Тошкент ва Сирдарё вилоятининг адабий кўприги мустаҳкамланмоқда.
Ш.АБДУСАИДОВА.

Суратда: семинардан лавҳалар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий