понедельник, 24 июня 2019 г.

МЕДАЛЛАР ТОПШИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 февралдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейлар битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори билан умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчилари учун олтин ва кумуш медаллари таъсис этилган эди. Айни кунларда битирувчиларга олтин ва кумуш медалларини тантанали топшириш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Хусусан, Гулистон 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган тантанада вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синфини тамомлаган 25 нафар битирувчига олтин ва кумуш медаллар топширилди.
Вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчи ва ўқувчилари учун ўқув йили хайрли якунланди. Сабаби мактабнинг 11-синф битирувчиси Мадина Суннатова республика фан олимпиадасида француз тили бўйича ғолибликни қўлга киритди. Мазкур даргоҳнинг Мадина сингари яна 4 нафар битирувчиси олтин медаль соҳиблари бўлишди. Шунингдек, Сайхунобод туманидаги 35-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 4 нафар битирувчиси ҳам олтин медалга сазовор бўлишгани таҳсинга лойиқ.
Битирувчиларнинг кўксига Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган махсус медалларни тақиш маросимида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Абдуғаниев, умумий ўрта таълим мактабларнинг директорлари ҳамда собиқ ўқувчиларнинг ота-оналари жам бўлишди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосарининг сўзлаган нутқи битирувчиларни ҳайратлантирди.
— Бундан 28 йил аввал мен ҳам сизлар каби ҳаяжонланиб турган эдим, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Абдуғаниев. — Мактабни битираётганимда мен ҳам олтин медаль билан рағбатлантирилганман. Қаранг, орадан шунча вақт ўтиб, олтин ва кумуш медаллар таъсис этилиб, шу маросимда иштирок этиб турибман. Вилоятимизда оз сонли ўқувчиларимиз медалларга лойиқ топилди. Бу бошланиши, деб умид қиламиз. Медалчиларимиз озчиликни ташкил этиши фарзандларимиз ўқишмаяпти, дегани эмас. Уларда баҳоларни “аъло” қилишга қизиқиш бўлмаган. Энди уларда мақсад бор, интилиш бор. Вилоятимиз битирувчилари республика фан олимпиадасида умумжамоа ҳисобида 3-ўринга лойиқ топилиши, сирдарёлик ёшларнинг ўқишга, илм олишга бўлган қизиқишидан далолат беради.     
Шундан сўнг олтин ва кумуш медаль соҳибларининг номлари ўқилиб, саҳнага таклиф қилинди. Улар ўқишдаги муваффақияти ва намунали хулқи учун муносиб тақдирланишди.   Маросимда 18 нафар олтин ва 7 нафар кумуш медал эгаларининг ота-оналари ҳам беэътибор қолишмади. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ота-оналарга ташаккурномалар берилди. Шунингдек, вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Одил Мингжигитов ҳам ўқувчисининг фан олимпиадасида қўлга киритган ютуғи учун ташаккурнома ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.
— Бугунги тадбир қаҳрамонларига ўзимнинг ҳам ҳавасим келаяпти, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов. — Чунки улар бизнинг кўз олдимизда ота-онасининг дуосини, устозларининг таълим-тарбиясини олган ёшлар турибди. Мана шундай фарзадларни тарбиялаган ота-оналарга яна бир бор раҳмат айтаман. Ўзим ҳам буларга қараб, ёшлигим эсимга тушиб кетди. Мактабни олтин медаль билан тамомлаганман. Шундан сўнг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини имтиёзли диплом билан битирганман. Ўқиш туфайли кўп нарсаларга эришдим. Сизларга маслаҳатим, ўқишдан, изланишдан бир кун ҳам тўхтаманглар. Агар бир кун тўхтасангиз, ёнингиздаги тенгдошингиз сиздан ўзиб кетади. Келажакда сизларнинг орангиздан академиклар, фан докторлари, вазирлар, сенаторлар, тадбиркорлар чиқишига ишонаман.
Байрам байрамга уланиб кетди. Шу куни Гулистон 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабини турли йўналишлар бўйича муваффақиятли тамомлаган 59 нафар битирувчига диплом топширилди. Битирувчилар иштирокидаги концерт дастури кечага ўзгача файз бағишлади.
— Сирдарёнинг фаол ёшлари қаторида мен ҳам олтин медални қўлга киритдим, - дейди вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат битирувчиси Лайло Алижонова. — Бу албатта, йиллар давомида ота-онамнинг, устозларимнинг менга берган меҳрлари, таълим ва тарбияларнинг самараси ҳисобланади. Ўз келажагим йўлини танладим. Ўзбекистон миллий университетнинг она тили ва адабиёт йўналиши бўйича ҳужжатларимни топшираман. Бу борада биз абитуриентларга яратилган қулайликларни айтмайсизми? Ўз шаҳримдан чиқмаган ҳолда ҳужжатларимни ҳамда имтиҳонни топширишим мумкинлиги мени янада хурсанд қилмоқда.
— Ҳиссиётларимни таърифлаб беролмайман, - дейди Сирдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Даврон Каттабеков. — Мен учун бу кун тарихий воқеа бўлиб қолади. Сабаби мактабни олтин медалга тамомладим. Айниқса, қувончли кунимда синдошим Умид Бекназаров кумуш медалга сазовор бўлганидан ғоятда мамнунман. Бизга ҳамма ҳавас қилганини кўриб, янада руҳландик. Келажакда укаларимиз, сингилларимиз ҳам мана шундай натижага эришишларига тилакдошман. Ўқишни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг халқаро иқтисодиёт йўналишида давом эттиришни ният қилдим. Имтиҳонларга пухта тайёргарлик кўраяпман.    

Шаҳло АБДУСАИДОВА.
Суратларда: олтин ва кумуш медалларнинг соҳиблари.

Фурқат ТОШМАТОВ олган суратлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий