вторник, 25 июня 2019 г.

ЯНГИЕРЛИК ЁШЛАР — ФАОЛ

Хабарингиз бор, жорий йилнинг февраль ойида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан “Мушоира” деб номланган янги лойиҳага старт берилган эди. Мазкур танлов жамоавий бўлиб, унда барча туман ва шаҳар ёшлари миллати, тили ва эътиқодидан қатъий назар иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Июнь ойига қадар жамоалар ўртасида саралаш боқичлари ўтказилди.
Мушоиранинг финал босқичи Янгиер шаҳрининг сўлим боғида бўлиб ўтди. Рамзий китоблар билан безатилган боғ танлов иштирокчиларига ўзгача руҳ бағишлади. Бу ерга жам бўлган янгиерлик ва оқолтинлик ёшлар мутлақ ғолиблик учун бор имкониятлари ва салоҳиятларини ишга солишди.
Беллашув шартига мувофиқ жамоалар шеърий мисранинг сўнгги ҳарфига мослаб ўзбек ва жаҳон адабиёти шоирларининг қаламига мансуб ижод намуналари билан давом эттиришди. Боғ узра шоирларнинг шеърларидан тортиб ғазалу рубоийлар, туюқлар янгради. Йигит-қизлар ифодали ўқиш билан бирга ўзларининг зукколикларини ҳам кўрсатишди.
— Ёшлар ўртасида шеърхонлик, ғазалхонлик ва энг асосийси, китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида мазкур танловни жорий қилдик, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси ўринбосари, маънавий-маърифий масалалар, спорт ва ёш оилалар билан ишлаш комплекси раҳбари Мурод Ҳайитов. — Мазкур танлов анъанавий тарзда давом эттиришни режалаштирганмиз. Танлов орқали ёшларни “оммавий маданият” каби заррали таъсирлардан муҳофаза қилиш, миллий ғурур ва ўзликни англаш, қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришни илгари сурмоқдамиз.
Қизғин кечган баҳри байтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоиралар  — Баҳор Холбекова, Умида Абдуазимова иштирок этиб, ўзларининг холис баҳоларини бериб боришди. Танловнинг якуний босқичи ғолиблиги мезмон жамоага насиб этди.
— Севимли машғулотим китоб мутолаа қилиш, - дейди Янгиер шаҳри жамоаси аъзоси, педагогика коллежи ўқувчиси Анора Мансурова. — Ижодга қизиққанлиги боис ҳам кўплаб шоирларимизнинг шеърларини ёд оламан. Танлов ҳақида эшитганим заҳоти қувониб кетдим. Ўзимнинг хотирамни синовдан ўтказишни ўтказиб юборишим мумкин эмасди. Танловнинг бошидан биз — жамоамиз билан биргаликда ғолиб бўлиш учун астойдил ҳаракат қилдик. Яхши ниятимизга этганимизга шукур. Энди бизнинг шаҳримизда замонавий ёшлар кутубхонаси бўлади.
“Мушоира” танловнинг ўзига хос яна бир жиҳати шундаки, финал босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоа 30 июнь — Ёшлар куни муносабати муносиб тақдирланади. Унга кўра янгиерлик ёшлар вилоят ҳокимининг Янгиер шаҳрида кутубхона қуриб бериши тўғрисида ҳамда Ёшлар иттифоқи томонидан нурхонага 3000 дона китоб туҳфа қилиши бўйича сертификатга эга бўлишади.
Адабиётга меҳр қўйган ёшлар нафақат ўзлари, балки тенгдошлари ҳам бундан баҳра олишларини исташади. Буни янгиерлик ёшлар мисолида кўришимиз мумкин. Тез орада уларга қад ростлаяжак кутубхона ва китоблар фонди муборак бўлсин, дейиш бизга насиб этсин.
Ш.АБДУСАИДОВА.
А.ТЎЙЧИЕВ олган суратлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий