пятница, 28 июня 2019 г.

Мадина СУННАТОВА: “ҒОЛИБ БЎЛИШИМ ШАРТ ЭДИ!”

БОЛАЛИК ОРЗУСИ МАҚСАДИМГА АЙЛАНДИ
Бошланғич таълимни Гулистон шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактабида олганман. 5-синф остонасида турганимда ота-онам ўқишимни вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда давом эттиришимни хоҳлашди. Кириш  имтиҳонларидан муваффақятли ўтиб, ўқувчилар сафига қабул қилиндим. Онам қайси тилга ихтисослаштирилган синфда ўқишимни сўраганида “француз тили”, дея жавоб берганимни эслайман. “Болам, ҳамма инглиз тилни танлаяпти”, деганди ўшанда онам. Истак эмас, тақдирга битилгани бўлар экан.
Баъзи сабабларга кўра ўқишни бир ҳафтадан кейин бошладим. Унга қадар синфдошларим француз тили алифбосини ўрганишни бошлаб юборишган экан. Француз тили фани ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси Одил ака Мингжигитов тенгқурларимга етиб олишим учун ҳаракат қилдилар. Бир куни менга француз тили хонасида илиб қўйилган республика фан олимпиадаси совриндорлари суратларини кўрсатиб, “Сен ҳам уларнинг сафида бўлишни истайсанми?” деб сўраб қолдилар. Болаликдаги соддалик билан, “ҳа”, дея жавоб қайтаргандим ўшанда. Мен гарчи суратдаги ака-опаларимни танимасам-да, ич-ичимдан уларга ҳавас қилиб, улғайдим. Энг олий мақсадим устозимнинг орзусини амалга ошириш бўлган. Устозим шогирдларининг суратларига қараб, “шулар қаторида мутлақ  ғолиблар  бўлсайди”, дердилар. Бу сўзлар йиллар давомида қалбимда чўғ мисолида ёнди. Ўтаётган ҳар бир кунда француз тилининг оҳанрабосига мафтун бўлиб, унга ипсиз боғландим...
БЕЛЛАШУВЛАРДА ЧАРХЛАНДИМ
Француз тилини ўрганиш асносида турли кўрик-танловларда иштирок эта бошладим. 2014 йили “Билимлар беллашуви” танловининг француз тили фани бўйича Республика босқичида иштирок этиб, фахрли 2-ўринни эгалладим. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг II даражали дипломи ҳамда кумуш медали билан тақдирландим. Бу менинг илк муваффақиятим эди. 2015 йилда эса танловнинг республика босқичида 4-ўрин билан кифояландим. Орадан бир йил ўтиб, мазкур танловда 3-ўринни қўлга киритиб, Халқ таълими вазирлигининг III даражали дипломи ҳамда бронза медали билан тақдирландим. Гарчи икки марота нуфузли беллашувда совриндор бўлсам-да, ўз натижамдан қониқмасдим. Чунки мен ҳали мақсадимга эришмагандим.
БИТИРУВ ОСТОНАСИДА
Бу йил қадрдон мактаб-интернатимнинг остонасидан учирма бўлаяпман. Янги ҳаётга, янги орзулар бағрига. 11-синфни тугатаётганим боис республика фан олимпиадаси мен учун нақадар аҳамиятли эканлигини билардим. Шу сабабдан ўқув йилининг бошидан бошлаб, устозим билан фан олимпиадасига масъулият билан тайёргарлик кўрдик. Чунки бу галги олимпиада аввалгиларига қараганда янада мураккаброқ бўлишини билардик. Сабаби олимпиада академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган бўлди. Коллеж ёки лицей битирувчилари биздан 1 йил кўп ўқишган. Бу дегани улар биздан 1 йил кўпроқ таълим олишган.
5-синфдан буён “аъло” баҳоларга ўқийман. Мактабни олтин медаль билан тамомлаётган вилоят ёшларидан бири эканлигимдан хурсандман.
СЎНГИ ҚАДАМНИ ТАШЛАДИМ
Ва ниҳоят, ҳаяжонли кунлар етиб келди. Гулистон шаҳридан бир гуруҳ республика олимпиадасининг вилоят босқичи ғолиблари билан биргаликда пойтахтга йўл олдик.  Олимпиаданинг IV босқичи Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтди.
Беллашув икки босқичида ўтказилди. Биринчи босқичда француз тилида “Импорт маҳсулотлари позитив эффект олиб келадими? Бунга қаршимиз ёки розимисиз?” деган мавзуда эссе ёзиш тушди. Умуман хаёлимизга келмаган мавзу тушди. Мен каби 51 нафар рақибларим ҳам буни кутишмаганлиги сезилиб турарди. Шундай бўлса-да, ҳаракат қилиб, ўзимнинг фикрларимни баён этдим. Эссе 30 балли тизим асосида баҳоланди ва мен 25 баллни жамғармамга ёзиб қўйдим. Иккинчи босқичда тест синови ўтказилди. Тўғрисини айтсам, тест мураккаб бўлиб, CEFR даражасида эди.  40 та саволнинг 8 тасини аудио тарзида эшитиб, тестни бажардик. Тест синовлари натижаси кетма-кетликда эълон қилина бошлади. Исми-шарифим ўқилганида сергак тортдим. 33 та саволга тўғри жавоб бериб, 57,75 балл тўплабман. Аудиторияда ўтирган рақибларим ҳаммаси мени табриклай бошлашди. Мен эса ҳаяжондан қотиб қолдим. Ташқарига чиқишим билан йиғлаб юбордим. Кимдир қўлимга уяли телефон тутқазиб, уйдагиларимга, устозимга хабар беришим кераклигини айтди. Биринчи бўлиб дадамга қўнғироқ қилиб, хушхабарни етказдим. Кейин устозимга қўнғироқ қилдим. У киши ҳам йиғлаб юбордилар. Онамга сим қоққанимда, аллақачон дадамдан бу хабарни эшитиб, кўзлари ёшга тўлиб бўлган экан. Атрофимдаги таниш-нотанишлар — ҳамма бағрига босиб табриклади. “Сирдарё” деб вилоятдошларим роса шовқин-солиб, байрамни бошлаб юборишди.
Эртасини куни, яъни 11 июнь куни Турин политехника университетида ушбу республика фан олимпиадасининг ёпилиш маросими ва ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Тадбир ўтадиган жойга келсак, ота-онам, мактаб-интернатимиз директори ва ўринбосарлари мени қучоқ-қучоқ гуллар билан кутиб туришган экан. Энди мен республика фан олимпиадаси ғолибасиман! Ўша болалигимда ҳавас ҳиссини уйғотган совринларнинг сувратлари ёнида меники ҳам турадиган бўлди...
Тақдирлаш маросимида олий таълим муассасаларига тест синовларисиз кириш гувоҳномаси,  I даражали диплом ҳамда 1 500 000 сўм пул мукофоти берилди. Афсуски, 2-3-ўринлар ҳеч кимга насиб қилмади. Чунки рақибларим жамғариш керак бўлган керакли баллни тўплай олишмади.
Уйга қайтиб, тўғри устозимнинг ҳузурига йўл олдик. 70 ёшни қаршилаётган Одил ака Мингжигитов мени боболарча бағрига босиб, “Менга яна куч-қувват бағишладинг, яна, ёшардим”, дея такрор-такрор айтдилар. Бу натижа устозимнинг натижасидир.
КЕЛАЖАКДАГИ РЕЖАЛАР
Берилаётган имтиёздан фойдаланиб, Тошкент халқаро Весминстер университетида таҳсил олишни режалаштираяпман. Болалигимдан элчи бўлиш орзуим бор. 1-курсни тугатганимдан сўнг ҳар йили анъанавий тарзда Францияда бўлиб ўтадиган “Франкофония” фестивалида иштирок учун ариза ёзиб, 1 ой давомида турли давлатлардан келган француз тилида сўзловчилар билан мулоқотда бўлишни ният қилаяпман.
Талабалик давримда илмий ишимни давом эттираман. Бу борада илк қадамни ташлаганман. Устозим Одил ака раҳбарлигида 2018-2019 йиллларда «Француз тилини ўрганмоқчимисиз, марҳамат!» номли (1-2-қисмлар) китобларни чоп эттирганмиз. Университетни тугатганимдан сўнг магистратура босқичини Францияда давом эттиришни мақсад қилдим.
Суҳбатни Шаҳло АБДУСАИДОВА ёзиб олди.

Муҳаммад КАРИМ олган сурат.

Комментариев нет:

Отправить комментарий