понедельник, 24 июня 2019 г.

БАРЧАСИ КЕЛАЖАГИМИЗ УЧУН

Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг сайёр қабули бўлиб ўтди.

Дастлаб, Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов Гулистон шаҳридаги “Болалар шаҳарчаси”га ташриф буюриб, у ерда бир гуруҳ иқтидорли тарбияланувчилар билан учрашди ва уларни эсдалик совғалари билан сийлади. Шунингдек, вазирлик томонидан муассасага турли номдаги бадиий китоблар, инновацион ўйинлар ҳамда ўзида 88 мингдан ортиқ электрон китобларни жамлаган  Q-Box мосламаси компьютерга ўрнатиб берилди. Эндиликда тарбияланувчилар кенг қамровли электрон кутубхонага эга бўлиш билан бирга аудио ва видео дарсликларидан фойдаланишлари мумкин.

Шундан сўнг вазир бошчилигидаги делегация Гулистон давлат университети фойесида иқтидорли талабалар томонидан ташкил этилган инновацион ишланмалар кўргазмаси билан яқиндан танишди. Талабалар ўзларининг яратган кашфиётлари, олиб бораётган илмий изланишлари натижалари, муаммо ва камчиликлари хусусида ўз тақдимотлари давомида айтиб ўтишди. Қувонарлиси, вазир энг истиқболли ишланмаларни такомиллаштириш учун вазирлик ҳузуридаги инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази билан ҳамкорлик қилиш, айрим тадқиқот натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш мақсадида уларни стартап лойиҳалар танловида иштирок этишга таклиф қилди.

Кўзгазмадан сўнг катта мажлислар залида вазирнинг сайёр қабули ўтказилди. Унда  вилоятимизда фаолият юритаётган олимлар,  профессор-ўқитувчилар, тадбиркорлар, илмий изланиш олиб бораётган талабалар иштирок этишди.

Сайёр қабулда вазир вазирликнинг мақсад ва вазифалари, тузлилмаси билан иштирокчиларни таништириб ўтди. Шунингдек, вазирлик қошидаги нашриёти ва “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” илмий журнали ҳақида маълумотлар берди.  

— Бугунги кунда “инновация” деган сўз кундалик ҳаётимизга кириб келди, - деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. —  Ҳаётимизнинг ҳар бир қадамида биз янгиликка интиламиз. Президентимиз ғоялари билан мазкур вазирлик ташкил этилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳамдўстлик давлатлари орасида биринчи бўлиб бизнинг мамлакатимизда Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилган. Асосий вазифамиз ғояларни, илмларни яратган ишланмаларни пулга айлантириш ҳисобланади. 

Вилоятимизда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан бир қатор ишлар жумладан, “Бизнес акселератор” ўқув-амалий марказини ташкил этилиши режалаштирилган. Унга кўра вилоят ёшларини бизнесга ўргатиш мақсадида уч ойлик курсларда ўқитиш белгилаб қўйилган.

Сайёр қабул давомида ўз муаммоларига ечим қидираётган фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳал этиш масалалари бўйича атрофлича маълумотлар берилди.  

 

Ш.АБДУСАИДОВА.

Суратларда: сайёр қабулдан лавҳалар.


М.КАРИМ олган тасвирлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий