вторник, 25 июня 2019 г.

“СИР ВА МУСАВВИР”

Вилоятимизда ташкил этилган Буюк ипак йўлидаги “Сир ва мусаввир” деб номланган Халқаро пленэр ўз якунига этди. Республикамизнинг кўплаб вилоятларидан ҳамда Қозоғистон давлатидан келган рассомлар Сирдарёнинг бор фусункорлигини ўз асарларга жо қилишди. Бир ҳафта давом этган пленэр 280 нафар устоз ва шогирдлар учун яна бир бор маҳорат дарсини ўтади.

 Президентимизнинг ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳага оид илгари сурган бешта ташаббуснинг биринчиси, ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган. Ёшларни тасвирий санъатга бўлган қизиқишларини янада ошириш, устоз ва шогирд анъаналарини онгига сингдириш, ижодларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини ошириш мақсадида вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси ташаббуси билан мазкур пленэр ўтказилди.

Пленэрнинг тантанати ёпилиш маросими вилоят маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. Бинонинг кўргазмалар залида рассомларнинг асарлари намойиш қилинди. Кўргазмада миллий маданият марказлари вакиллари ҳам фаол иштирок этишди.

— Пленэр доирасида иштирокчилар Сирдарё дарё бўйларида, қадимий иншоотларимиздан бири ёғочли Сардобани ўз кўзлари билан кўришиб, ўша ернинг ўзида асарлар яратишди, - дейди вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари Анорқул Бойбеков. —  Бир сўз билан айтганда улар гўё табиат билан мулоқот қилишди. Айнан академик, халқ рассомлари, Давлат мукофоти соҳиблари томонидан ўтилган маҳорат дарслари ёшларимизнинг руҳиятига катта туртки бўлди. Уларнинг ўзларига бўлган қизиқишлари янада ортди. Рассомларнинг чизган асарларидан шуни англасак бўладики, улар вилоятимизни тарғиб қилишга ўз ҳиссаларини баҳоли қудрат қўшишди.

— Халқаро пленэр деб эълон қилишган эди, аммо айрим сабабларга кўра кутилган давлатлардан иштирокчилар келиша олишмабди, - дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Ибрагим Валиходжаев. — Шундай бўлса-да, республика миқёсида ўтказилган мана шундай пленэр катта воқега эга. Рассомларимиз ижод қилишди. Айниқса, талабаларнинг кўзларида қувончни кўрдим. Чирчиқдан кўплаб талабалар келишибди. Маҳорат дарслари ёшларга катта нарсаларни беради ҳамда уларнинг иштиёқини уйғотади. Пленэрга танқидий томондан қарайдиган бўлсам, дастурга тадбирлар кўп киритилган. Кўпроқ маданий тадбирга айланиб  қолган. Пленэрда рассомларимиз фақат табиат қўйнида ишлашлари керак эди. Ўша ишлари якунида эса кўргазма ташкиллаштиришлари мақсадга мувофиқ бўларди. 

— Чирчиқ давлат педагогика институтининг 1-2-курс талабалари амалиёт ўташлари мақсадида пленэрда иштирок этдик, - дейди институтининг амалий санъат ўқитувчиси Иззат Мамарасулова. — Бу ерда турли вилоятлардан келган ёшлар ўзларининг ижодларини бошқалар билан алмашиш мақсадида келишган. Таниқли рассомлар билан кечган учрашувлар талабаларимизнинг ҳаётида унутилмас воқеа бўлиб қолади. Уларнинг ёшларга қандай қилиб расм чизиш кераклиги бўйича кўрсатган маҳорат дарсларидан кўп нарсани ўрганишди. Сирдаёрнинг табиати талабаларимизга жуда ҳам манзур бўлди. Эндиликда улар вилоятингизга яна ташриф буюришни режалаштиришмоқда.    

Пленэр сўнгида иштирокчилар Ўзбекистон Бадиий идодкорлар уюшмаси томонидан диплом, сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ш.АБДУСИДОВА.


Суратларда: пленэрдан лавҳалар.  

Комментариев нет:

Отправить комментарий