пятница, 28 июня 2019 г.

КИТОБХОН ОИЛА “SPARK”КА САЗОВОР БЎЛДИ

Июнь ойи сирдарёлик ёшлар учун ҳаяжонларга бой тарзда якунламоқда. Ҳар куни танловлар, фестиваллар, семинарлар ташкил этилмоқда. Улар орасида Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган “Энг яхши китобхон оила” танлови алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 19 февралида вилоятимизга ташрифи чоғида Сирдарё тажрибасини илгари суриш бўйича ўз таклифларини билдирган эди. Белгилаб берилган устувор вазифалардан бири айнан ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган бўлиб, мазкур танловнинг финал босқичида ғолиб бўлган оилага “Spark” автомобили туҳфа қилиниши айтилганди.

1-15 май кунлари вилоятдаги 222 та маҳаллалардан жами 12 540 та ёш оила танловда иштирок этиш истагини билдириб, ўз аризаларини топширгандилар. Вилоятимизда 62 804 та ёш оилалар бўлиб, танловда қатнашувчилар ушбу кўрсаткичнинг 20 фоизини ташкил этди.
Гулистон шаҳридаги Президентимиз ташаббуси билан қисқа муддатда қад ростлаган “O`qituvchi” китоб дўконида танловнинг финал босқичи бўлиб ўтди. Якуний босқичда 10 та туман ва шаҳарлардан келган ёш оилалар иштирок этиб, “Ўзбек адабиёти билимдони”, “Жаҳон адабиёти билимдони” ҳамда “Ижодкорлар, мутафаккирлар ҳаёти ва ижоди” каби шартларни кетма-кетликда бажаришди. Оилалар ҳар бир шарт давомида ўз ҳисобларига балларни жамғариб боришди.
Биринчи ва учинчи шарт иштирокчилар учун қийинлик туғдирмади. Бироқ иккинчи шарт ёш оилалар учун мураккаблик қилганлиги яққол кўзга ташланганиб, бош соврин учун асосий даъвогорлар сараланиб қолди.
Танлов натижасига кўра, 193,2 балл жамғарган сайхунободлик Қаршиевлар оиласи 1-ўринни қўлга киритиб, Президент совғаси — “Spark” автомобилига сазовор бўлди. 2-ўринни 145 балл тўплаган Гулистон шаҳридан Раҳмоновлар оиласи ҳамда 3-ўринни 136,6 балл билан сардобалик Дўстбековлар оиласи эгаллади. Шунингдек, турли номинациялар бўйича қолган оилалар тақдирланишди.

— Танлов ҳақидаги хабарни эшитишимиз биланоқ оиламиз билан тайёргарлик кўришни бошлаб юбордик, - дейди танлов ғолиби Шоҳсанам Қаршиева. — Китобларнинг сеҳрли оламига кириб борар эканмиз, маънавий бойликка эга бўлганимизни ҳис қилдик. Биз яна бир бор китобларнинг инсон камолоти учун нақадар аҳамияти эканлигига амин бўлдик. Ўқиган, изланган одам доимо юксак чўққиларни забт этишига гувоҳмиз. Президентимизнинг туҳфаси оиламиз учун катта совға бўлди. Тадбирдан олган тассуротларимиз бир умрга татийдиган. Биз ҳеч қачон илм, маънавият эшикларидан ортга қайтмаймиз.
 Шаҳло АБДУСАИДОВА.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Анвар ТЎЙЧИЕВ олган суратлар.  

Комментариев нет:

Отправить комментарий