понедельник, 24 июня 2019 г.

ВИЛОЯТ ТЕАТРИ ИЖОДКОРЛАРИ — СОВРИНДОР

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Нукус шаҳрида “Сени куйлаймиз, замондош” V Республика театрларининг кўрик-фестивали ўтказилди. Мазкур фестивалда вилоят мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодий жамоаси Максим Каримов қаламига мансуб “Инсонликка номзод” (публицистик драма) спектакли билан иштирок этди.
Фестивалнинг тантанали очилиш маросими Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида бўлиб ўтди.
Сирдарё театри жамоаси вақтдан унумли фойдаланган ҳолда Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейига саёҳат уюштиришди. Музейни айланган ижодкорлар олам-олам таассурот олиб, сирли бир дунёни кашф қилишгандай бўлдилар. Шунингдек, театр жамоаси Бердақ мақбарасини зиёрат қилиб, Ўзбекистон ва Қорақалпоқ халқ шоири Ибройим Юсупов уй-музейида ҳам бўлишди.
Маданият вазирлигининг ташаббуси билан фестивалда иштирок этаётган 11 та жамоа ижодкорлари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларининг Маданият марказларида аҳоли учун спектакллар намойиш қилинди. Вилоятимиз театри ижодий жамоаси Чимбой тумани Маданият марказида Нурулло Аббосхоннинг “Инсон ўзинг...” номли асарини томошабинлар эътиборига ҳавола этди.
“Сени куйлаймиз, замондош” кўрик-фестивали “Саҳнада замон қаҳрамони образи” мавзуидаги драматургларнинг семинари билан янада қизғин кечди. Семинарда санъатшунослик фанлари доктори, профессор Дилфуза Раҳматуллаеванинг “Замонавий ўзбек драматургиясида замон қаҳрамони: муаммо ва ечимлар”, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Жўра Маҳмудовнинг “Замон қаҳрамонини яратишда режиссёрлик талқини”, Санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Омонулла Ризаевнинг “Актёр ижросида замондош қиёфаси”,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби профессор Шуҳрат Абдумаликовнинг “Замонавий спектаклларда сценографик ечим” номли маърузалари тингланиб, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.
Фестиваль сўнгида ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб ва совриндорлар номлари эълон қилинди. Натижага кўра 1-ўринга Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри лойиқ деб топилди. 2-ўрин Ўзбекистон давлат драма театрига ҳамда 3-ўрин Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ва Ўзбекистон давлат академик рус драма театри жамоаларига насиб этди.
— Мана, ушбу кўрик-фестиваль талабларига, унинг барча мезонига мос келадиган чин маънодаги ҳақиқий замондошларни саҳнага олиб чиқа олган спектакль! Республикамиздаги ҳар бир театр фестиваль руҳига ҳамоҳанг бўлган мана шундай асарлар билан иштирок этса, театр санъатимиз репертуари юки бор, юқори савияли асарларга бой бўлади. Бу эса бизнинг кўзлаган мақсадимиз сари олға силжишда ишончли тиргак бўлиб қолади. Сирдарё театри доим мўлжални тўғри олиб, нишонни қоқ марказига урган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, деб ишонч билдирамиз, – деди Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов вилоятимиз намойиш қилган спектакль ҳақида ўз фикрини билдириб.
Сирдарё театри ижодкорлари қорақалпоқ заминидан умрбод эсдан чиқмайдиган таассуротларга бой тарзда қайтишди. Ҳа, ҳали олдинда уларни яна қанча фестиваллар, танлов ҳамда ижодий сафарлар кутмоқда...
Бекмурод БАРДОШ,
театр адабий бўлими мудири

Комментариев нет:

Отправить комментарий