пятница, 28 июня 2019 г.

СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИ АМАЛДА

Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида мамлакатимизда олиб борилаётган солиқ ислоҳотларини кенг ёритиш, тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва шаффоф мулоқотни ўрнатиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида давлат солиқ қўмитаси томонидан амалий семинар ташкил этилди.

Семинарда ДСҚ даромадларга солиқ солиш бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Комил Саидов, қўмита ҳузуридаги малака ошириш маркази катта ўқитувчиси Содиқ Боймуротов ҳамда Расулбек Саъдуллаев вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, инвесторлар, ишбилармонлар, кенг жамоатчилик вакилларига солиқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
Дастлаб сўзга чиққан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Абдуҳаким Мавлонов солиққа оид янгиликлар ва унинг тадбиркорлар учун афзаллик томонлари хусусида фикр билдирди. Шунингдек, семинарда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни ҳамда ҳафтанинг ҳар чоршанбаси куни “Инвестиция куни” сифатида белгиланиб, бунда давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари томонидан инвестиция лойиҳалари ва инвесторлар билан боғлиқ муаммоларни тезкорликда ҳал этишнинг механизмлари борасида сўз юритилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги  “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, давлат солиқ хизмати органларида коррупция ҳолатларининг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида давлат солиқ хизмати органларида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи шарт-шароитлар бартараф этилишини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотларга ҳам эга бўлишди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан “Тадбиркорлик субъектлари учун улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича” ишлаб чиқилган режа график асосида ишларнинг ташкил этилганлиги ўзининг самарасини бераётганлиги таъкидланди.
Тадбир сўнгида “Солиқ плюс” газетасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбиркорларга газетанинг улар учун фойдали томонлари ҳақида таҳририяти ходимлари маълумот беришди. Шунингдек, обуна бўлганлар учун таҳририят томонидан яратилган қўшимча қулайликлар билан таништирилди. 
Учрашувда иштирокчиларнинг савол ва таклифлари ўртага ташланди.

Ш.АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий