четверг, 30 мая 2019 г.

КИТОБХОНЛАР БЕЛЛАШУВИ ҚАНДАЙ ЎТДИ?

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Ёш китобхон” кўрик-танлови ўзининг кенг қамровлилиги билан бошқа беллашувлардан ажралиб туради. Мазкур беллашув ўғил-қизларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш борасида уларнинг тафаккур олами кенгайишига хизмат қилмоқда. Бу йилги танловнинг илк саралаш босқичлари қай даражада ўтганлигини билиш мақсадида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши Маънавий-маърифий ва миллатлараро тотувлик масалалари бўлими мудири Жаҳонгир Шербоев билан суҳбатда бўлдик.

— Танловнинг бу йилги тарғиботи қандай ўтди?
— “Ёш китобхон” танлови бўйича вилоятдаги таълим муассасалари, корхона-ташкилотлар ва маҳаллаларда Иттифоқнинг бошланғич ташкилотлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Танлов бўйича тарғибот материаллари чоп этилиб, эълон берилди.
— Танловда иштирок этиш учун кўпчилик мурожаат қилдими?
— Бошланғич ташкилотларига танловда иштирок этиш истагини билдирган 3 та ёш тоифаси бўйича (10-14, 15-19, 20-30 ёшлилар) жами 61 747 та аризалар келиб тушган.
— Қайси ҳудудларда умумий иштирокчилар кўпроқ ва қайсисида камроқ ариза топширилган?
— Ҳудуд жиҳатидан олиб қаралганда ёшлар қамрови қониқарли даражада бўлди.
— Саралаш босқичи мезонлари ҳақида тўхталсангиз.
— Дастлабки босқичда иштирокчилар тест синови асосида сараланишди. Синовлар ҳар бир туман (шаҳар)даги ёшлар қатновига қулай бўлган 1 тадан 3 тагача таълим муассасаси (мактаб, коллеж, академик лицей, ОТМ биноси)да махсус ташкил этилган аудиторияларда ўтказилди. Аудиториялар электрон тест олиш учун камида 50 та компьютер ҳамда кузатув камералари билан жиҳозланди. Электрон тест саволлари шу куннинг ўзида штабларга бириктирилган масъуллар томонидан етказиб берилди. Бу эса танловнинг янада шаффоф ўтишини таъминлади. Тест синовида ёшлар ўзбек ва жаҳон адабиётига, буюк адибларимиз ҳаёти ва ижодига оид 50 тадан саволларга белгиланган вақт давомида жавоб беришди. Иштирокчилар ҳар бир тўғри жавоблари учун 2 баллдан қўлга киритишди. Тест натижаларига кўра 86 ва ундан юқори балл тўплаган 15 нафар иштирокчи кейинги (иккинчи) босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
— Иштирокчилар орасида имконияти чекланган, норгиронлиги бўлган ёшлар ҳам мавжуд эди. Уларга қандай шароитлар яратиб берилди?
— Танловнинг Боёвут туман саралаш босқичида 9-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Севинч Ғайбуллаева иштирок этди. Севинч кўзи ожиз бўлишига қарамай онасининг кўмаги билан жуда кўп китобларни мутолаа қилган. Унинг саралаш босқичида яхши натижани қўлга киритгани алоҳида эътирофга лойиқ.
— Навбатдаги босқичда иштирокчиларни қандай синовлар кутмоқда?
Иккинчи босқич маҳаллий бўлиб, июнь ойида барча туман, шаҳарлар миқёсида саралаш босқичида 86 ва ундан юқори баллни қўлга киритган иштирокчилар ўртасида ўтказилади. Улар  “Ўзбек адабиёти билимдони” ҳамда “Жаҳон адабиёти билимдони” каби шартлар бўйича ўз билимларини синовдан ўтказишади. Мазкур шартлар юзасидан синовлар 100 балли тизим асосида баҳоланади. Ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар (жами 3 нафар) ҳудудий босқичга йўлланмани қўлга киритишади.

Суҳбатдош: Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий