четверг, 2 мая 2019 г.

БУ — ЯХШИ

Бир замонлар Африкада кичикроқ бир қабила бўлган экан. Қабила бошлиғи кучли, эҳтиёткор одам бўлиб, унинг жуда доно, узоқни кўра оладиган дўсти бор экан. Қабила сардори энг яқин маҳрам ва ақлли маслаҳатчи сифатида дўстини ҳамиша ўзининг ёнида олиб юрар экан. Дўстининг бир одати бўлиб, яхши воқеа содир бўлса ҳам ёки кўнгилсизлик юз берса ҳам доимо бу яхши деб қўяр экан. Шу одати билан ҳар қандай ёмон ҳодисаларнинг ҳам бирор яхши томони борлигига умид қилиб, сардорнинг кўнглини кўтарар экан. Шу сабабли ҳам сардор уни яхши кўрар экан.
Бир куни сардор овга чиқибди. Дўсти ҳам ёнида экан. Шикор вақтида сардор ўлжани кўриб шошиб қолибди ва қўлидаги милтиқ тепкисини ўнглай олмай босиб юборибди, натижада нотўғри отилган ўқ ўзининг бош бармоғини учириб кетибди. Оғриқдан инграб ётган қабила бошлиғи дўстининг: бу яхши”, деганини эшитиб, фиғони фалакка чиқибди.
Бунинг нимаси яхши?! Ахир мен бармоғимдан айрилдим-ку! – дебди-да, дўстини қамаб қўйишни буюрибди.
Вақт ўтиб, сардор яна овга чиқибди. Аммо бу сафар ҳам фалокат юз бериб, у чангалзор ичкарисида яшайдиган одамхўр ёввойилар қўлига тушиб қолибди. Аммо ёввойилар уни бир неча кун қўл-оёғи боғлиқ ҳолда сақлаганларидан сўнг бош бармоғи йўқ эканлигини кўриб, озод қилиб юборишибди. Сабаби шундаки, бу қабилада қатъий бир удум мавжуд бўлиб, ногирон, яъни танасининг бирор қисми бут бўлмаган одамни ейиш мумкин бўлмаган экан. Қабила бошлиғи ўлим чангалидан омон қолганига гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай, ўз қароргоҳига етиб келибди. Қамаб қўйилган содиқ дўстини озод қилиб, уни чексиз миннатдорлик билан қучоқлаб, ўз узрини айтибди.
Мени кечир, дўстим, сенинг доно фикрларингга, узоқни кўзлаб чиқарилган хулосаларингга заррача эътибор бермай, ғафлатда қолибман. Қайтага, ғазаб устида сенинг бошингга шунча қийноқларни солиб, зиндонга ташлатибман, - дея кўзларига ёш олибди сардор.
— Бу – яхши! – дебди дўсти кутилмаганда яна ўз одатича пинагини ҳам бузмай.
Бунинг нимаси яхши?! Ахир сени шунча вақт қамаб қўйдим-ку! – дебди сардор ҳеч нарсага тушунмай ҳайрон бўлиб.
 Азиз муштарийлар! Қани, айтинг-чи, сардорнинг дўсти нимани ҳисобга олган ҳолда унга бу яхши деган?
Тўйчи  АБДУРАҲМОНОВ,
Боёвут  тумани

Комментариев нет:

Отправить комментарий