четверг, 2 мая 2019 г.

КЎНГИЛ БИТИКЛАРИ

ЎЗИНГИЗ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙСИЗМИ?
Ота кўчадан кириб келаётган ўғлини тергаб, ўшқирди:
— Кечгача тўп тепгунча, қўлингга китоб олиб, дарсингни тайёрласанг бўлмайдими?! Қўшнини қара! Бир эмас, икки ўғли универститетга кирди, сенлар эса … Бўлди! Эртадан бошлаб кўчага чиқмайсан, телевизор кўрмайсан. Фақат дарс қиласан!
Яхшиямки, ўғил отасининг ёшлиги қандай ўтганидан бехабар. Акс ҳолда: Ота, ўзингиз қандай китобларни ўқигансиз?– деб сўраб қолса нима бўлади? На ўқувчилигида, на ҳозирги ҳаётида қўлига китоб олиб, бирор асарни ўқиб чиқмаган бўлса …
КИТОБ  ЎҒРИСИ
Мана бу китобни қаранг, жуда зўр, камёб! Талабалигимда ўқув залига кирсам, курсдош қизларимиз мутолаага қаттиқ берилиб, китоб ўқиб ўтиришган экан. Стол устида бўш турган китобларни олсам ҳам пайқашмади, шунинг учун қайтармай қўя қолган эдим. Китоб ўғирлаш ўғриликка кирмайди, дейишади-ку!
Ўйланиб қолдим: китоб ўғирлаш гуноҳ эмас, деб ким айтган? Ёки қаерга ёзиб қўйилган? Ахир китоб ўғирлаш – маънавиятни ўғирлаш эмасми?!
ҚУШ УЯСИДА КЎРГАНИНИ ҚИЛАДИ
Ўғлимни ҳеч китоб ўқишга одатлантира олмадим-да! – ёзғирди ёшгина она. – Бўлмаса қанча китоблар олиб келиб бердим: чиройли, расмли. Беш-ўн дақиқа варақлаб ўқиган, расмларини кўрган бўлади-да, тоқати етмай яна ўйнаб кетиб қолади.
Бу аёлга шундай ҳайқиргим келади: Барака топкур, уйда сен ўзинг ёки хўжайининг китоб ўқийсизларми? Қанча вақт тоқат билан китоб мутолаа қиласизлар? Ахир бола ота-онасининг нима қилаётганидан андоза олиб, шунга ўрганиб боради. Қуш ҳам уясида кўрганини қилади-ку!
Машҳура  ЖАББОРҚУЛОВА,

Гулистон  шаҳри.

Комментариев нет:

Отправить комментарий