пятница, 10 мая 2019 г.

ЖУРНАЛ ИЖОДКОРЛАРИ СИРДАРЁДА

Қўрқ воҳамиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар республика оммавий ахборот воситаларининг диққатини ўзига тортгани рост. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси хотин-қизларининг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий безакли нашри ҳисобланган “Саодат” журналининг ижодий жамоаси навбатдаги 5-сонини вилоятимизнинг ижтимоий ҳаётига бағишлашни мақсад қилишди. Шу сабабдан ҳам журналнинг ижодий жамоаси махсус сонни тайёрлаш учун вилоятимизга ташриф буюришди.
  Дастлаб, Сирдарё шаҳрида жойлашган “Peng sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг мажлислар залида “Саодат” журнали ижодкорлари билан ижодий  учрашув бўлиб ўтди. “Саодатли кунлар” деб номланган адабий-бадиий кечада журнал мухлислари, турли соҳада меҳнат қилаётган тадбиркор ва ишбилармон аёллар, вилоят ижодкорлари иштирок этишди.
Тадбирда “Саодат” журнали бош муҳаррири, “Шуҳрат” медали соҳибаси, шоира Мунаввара Усмонова жамоанинг ижодий фаолияти билан иштирокчиларга яқиндан таништирди.
— “Саодат” журнали мен учун муқаддас жой, - дейди журнал муҳаррири Мунаввара Усмонова. — Бу даргоҳда устозларимиз Зулфияхоним, Ҳ.Худойбердиева, О.Ҳожиева муҳаррирлик қилишган ва ўзларига хос мактаб яратишган. Уларнинг ишини биз давом эттираяпмиз. 1925 йилдан бери нашр этиб келинаётган журналда не-не ижодкорлар ном қозонмаган дейсиз? Бугун биз саодатли кунларимизни, чиройли турмуш тарзимизни, ижтимоий ҳаётда фаол хотин-қизларимизни кенг ёритмоқдамиз. Бир сўз билан айтганимизда журнал  ўзбек аёлларининг юзи, десак, арзийди.
Шундан сўнг шоира ўз қаламига мансуб Ватан, она ҳақидаги дилбар шеърларини ўқиб берди.
— “Саодат” журналида улуғ ижодкорлар меҳнат қилган, - дейди журналнинг Ижтимоий-сиёсий бўлим мудири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Қутлибекова Раҳимбоева. — Биз Зулфия опанинг, Сирдарё фарзанди Ҳалима Худойбердиеванинг дуосини, таълимидан баҳраманд бўлганмиз. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева билан ишлаб, у кишидан нафақат ижод сирларини, балки аёл сифатида ипакдек майинликни ўрганганмиз. Журналда кўплаб истеъдодлар “оқ йўл” олиб, катта ижодга қадам қўйишган.  Бугунги ёш ижодкорлар бизга ҳавас қилиши табиий. Негаки, биз ўзбек адабиётининг дарғалари билан ёнма-ён яшадик, ҳаёти билан яқиндан танишдик. Улардан ўрганганларимизни бугун сизларга ўргатгимиз келади. Улардан олган сабоқларни сизга айтгимиз бор.
Кечада шунингдек, журналнинг бош муҳаррир ўринбосари Махмуда Саъдуллаева, масъул котиб, истеъдодли шоира Мухтасар Тожимаматова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Ҳаётхон Ортиқбоева, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Баҳор Холбекова, Норинисо Қосимовалар сўз олиб, журнал борасидаги ўзларининг самимий фикрларини билдиришди. Ижодкор аёллар томонидан ўқилган шеърлар мушоирага уланиб кетди.
Шу куни “Саодат” журнали ижодкорлари Сирдарё педагогика коллежига ҳам ташриф буюриб, ўқувчи-қизларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди. Ёш қаламкашлар ўзларининг ижод намуналаридан ҳамда севимли устоз-шоиралари — М.Усмонова, Қ.Раҳимбоеваларнинг қаламига мансуб шеърлардан ёддан ўқишди.
Тадбир сўнгида ноодатий савол соҳибаларига журналнинг янги сони ҳамда китоблар туҳфа қилинди.

 Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий