… Бир ҳафтадан бери шифтга жонсиз турмулиб
ётган Акбарнинг тобора сарғайиб бораётган ранг-рўйига ҳайрон. Шифохонага
ётқизамиз дейишса, расмий ҳужжатлари йўқ. Шу сабабли ижарадаги уйга доктор олиб
келишди. У бошини сарак-сарак қилиб йигитнинг аҳволи оғирлигини айтди. Иш
берган жиккаккина рус йигити роса асабийлашди. Йигитлардан икки-учтаси тил
билгани учун унинг сўкинишларини тушунди, холос.
- Бошга бало ортирдиларинг, ўлиб қолса, менга
яна ташвиш, - деди у докторнинг гапидан кейин ўқрайиб. – Ота-онасига хабар
беринглар, олиб кетсин.
Ҳеч ким чурқ этмади. Кечқурун ўн-ўн беш чоғли
бирга ишлашга келган юртдошлар маслаҳатлашишди.
- Ҳаммамиз пул ташлайлик, уни уйига тирик
қайтарсак бўлгани, - деди ёши каттароқ Ҳамид ака. – Шу дарди бор экан, нимга
келади-я, бечора йигит.
- Авваллариям даволаниб юрарди, тузалиб кетган
дердик, - гапга аралашди бир йигитча ташвишланиб. – Ишқилиб жўражоним яхши
ниятда келганди, бу ерларга, соғ кетсин-да…
Шу кечаси йигитлар йиққан-терганларини ўртага
ташлашди ва саҳарда бирови самолётга билет оладиган бўлди. Тонг саҳарда Акбар
безовталана бошлади. Унинг оғзидан лахта-лахта қон келарди. Йигитлар саросимага
тушиб қолишди, аммо вақт ўтганди. Эндигина 27 баҳорни кўрган йигит мусофир
юртида жон таслим қилди. Бегона жойда бор овозда фарёд сололмасанг, кимгадир
югургилаб дардингга дармон тополмасанг, оғир экан. Тиригидан ўлиги қиммат, деб
шунга айтишса керак-да, Акбарнинг мурдасини самолётга олиб чиқишнинг ўзи
бўлмади. Қанчадан-қанча ҳужжат, идораларнинг рухсати, темир тобут масаласи…
Нима бўлганидаям уни она тупроққа жўнатишга уринган йигитлар бор будларини
тикишди. Бинойдек устачилик қилиб кун кўриб юрган раҳматлини бу ерларга кўп пул
топасан, деб судраклаб келган катта ёшдаги кишининг боши эгилиб, ер чизиб
ўтирарди. Ҳамманинг хаёлида олис қишлоқдаги ваҳимали гаплар, Акбарнинг бемаврид
ўлими тафсилотлари ғужғон ўйнарди.
Бундай воқеаларни кўп эшитамиз, пешонага
битилгани деб лоқайдгина қўл силкиймиз. Бироқ ана шу фожианинг асл сабачиси
ўзимиз эканлигини биламизми? Ҳеч ким бировни босиб-ячиб ўзга юртга олиб
кетмайди. Ихтиёрий равишда хорижга кетадиган одамларнинг ягона илинжи пул топиш
бўлади. Бироқ, ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бордир тошу тарози. Бегона юртда
бойликни кўчага ташлаб қўймангандир. Минг афсуски, бировларнинг алдовларига
ишониб кўпчилик сарсон-саргардон бўлаётир. Айниқса, ўзга юртга боргандан кейин
тайинли турар-жой тополмаган, тил билмайдиган ёшлар қай аҳволга тушиши бир
тасаввур этинг-да. Муҳтожлик, очлик ва хору зорлик кишини ҳамма нарсага
етаклаши мумкин. Бегона жойларда паноҳ тополмагач айрим ғаламис кимсаларнинг
йўлига тушишига мажбур бўлишади баъзан. Шунинг таъсирида ёт ғоялар билан
заҳарланади балки.
Хорижга ишга кетаётганлар тегишли идоралар
орқали қонун доирасида чиқса хўп-хўп, йўқса борми… Ўзбошимчалик билан
кўр-кўрона бировларга эргашиб борганларнинг кўпчилиги дардга чалинаётгани,
вафот этаётгани сир эмас. Нега энди айрим ота-оналар ҳали ўн саккизга тўлмаган
ўғил-қизини ишониб четга ишлашга юбораяпти? Ахир ҳали улар ўсмир-ку. Бегона
юртдаги турли қарашлар, оқимлар таъсирига кириб кетишдан чўчимайдими? Эртага
уларни қайдай тақдир кутаябти? Айни билим оладиган, ҳунар эгаллайдиган пайтида
кимнингдир эшигида мардикорлик қилиб юрса яхшими? Ақлли инсон четга бориб пул
топиш осонмаслигини яхши билади. Тўғри, кимлардир бойлик орттириб келар, аммо
соғлигининг йўқолгани ҳисобига, ниманидир бой бериш ҳисобига. Топган
олтинларнинг саломатлигинг бўлмаса, ҳаётдан лаззатланиб яшамасанг, сариқ чақага
тенг эмасми? Бир бурда нонни ҳам тинчгина оиланг бағрида, она юртингда бемалол
хотиржам ейишга нима етсин?
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий