пятница, 24 марта 2017 г.

МЕҲР МИЛЛАТ ТАНЛАМАЙДИ

Инсон табиати жуда қизиқ. Гоҳида ёнма-ён яшаб юрган кишиларимизнинг кечмиши, ҳаётдаги мавқеи ҳақида билгимиз келмайди ёки истамаймизми. Мана масалан, ниҳоятда сертакаллуф, самимий ва дилкаш инсон Александр ота Михайловични рус миллатига мансублигини билгач роса ажабланганман. Тавба, кўпинча баъзи ўзбекларнинг ҳам кўзлари кўкиш, ранглари сариқ бўлади, шунгами, сира бошқа миллат вакили эканини билмаган эканман.


Александр ота Иккинчи жаҳон уруши йилларида очарчилик маҳали Ўзбекистонга келиб қолганини эслайди. Ўша пайтлари онаси билан Мирзачўл, ҳозирги Сирдарё вилоятининг “Уч Қаҳрамон” хўжалигига бориб қолишади. У маҳалда бугунгидек яшиллик, шарт-шароитлар, ободонлик қаёқда денг? Чўл шамоли қутургандан қутирар, чивинларни айтмайсизми? Ичимлик суви муаммоси ҳаммасидан ошиб тушарди. Йиллар одамларни ўзгартирдими, одамлар йилларними ота ҳалигача бирор жўяли фикрга келмайдию замон яхшиланганига шукроналар айтади. Шу қишлоқда улғайди, билим олди, институтда  таҳсил  олиб, олий маълумотли бўлди. Кейин шу қишлоғидаги 2-мактабда биология фани муаллими сифатида иш бошлади. Қанчадан қанча устозларни кўрмади, қанчадан қанча шогирдларни камолга етказмади у узоқ йиллар давомида.  Ота мактабда деярли бутун умрини ўтказди десак, адашмаймиз. Болаларда она табиатга, борлиққа,  ҳайвонот оламию табобат дунёсига меҳр уйғотган. Ўзининг феъли ҳам ипак каби мулойим, бировга  баланд овозда гапирмаган. 
Александр отанинг ёлғизгина боласи жуда ёшлигида оламдан ўтиб кетган, кампири билан  бир чиройлигина, аҳил ва иноқ тарзда  яшаб юрарди. Иккалови тиним билмасдан  катта боғда меҳнат қилишар, уларнинг дов-дарахтларига ҳамма ҳавас қиларди. Кўклам кезлари ўрикларнинг гуллашига, шафтолилар чиройига суқланиб қарашарди. Мевалари пишганида эса чолу кампир  бутун маҳаллага челаклаб тарқатгани тарқатганди. Кампири  ҳам дунёдан ўтгач ота анча ёлғизланиб қолганини эшитдик. Отахон мактабдан нафақага чиққани билан бўш ўтирмади. Янги дарахт ниҳолларини экиб, парваришлади. Шу  қишлоқда  яшайдиган камхарж оиланинг бир ўғлини оиласи билан уйига олиб келди.
-   Шу ерда умрим, ёшлигим ўтди. Бу тупроқда онам, хотиним ва ўғлим ётибди, уларни ташлаб ҳеч қаерга кетмайман. Менинг она юртим шу ер. Уй-жойларим мендан кейин сизларга  буюрсин, болаларим,- деди у ёшгина эру хотинга.
Орадан анча йиллар ўтган бўлишига қарамасдан отахон ҳали тетик ва бардам. “Келиним билан ўғлим яхши парвариш қилади, набираларим меҳрибон, шунинг учун  тетикман” деб мақтаниб қўяди.
Ҳа, меҳр, оқибат миллат танламас экан. Буни Александр отанинг  тимсолида аниқ ва тиниқ кўриб ҳавас қиламиз. Ўз навбатида отанинг кўнглига қараган, ҳурматини ўрнига қўйиб иззатлаган инсонларга ҳам таъзим қилгимиз келади. Ахир бу оламда меҳрдан, яхши номдан бошқа нима қолади?



Шаҳло АБДУСАИДОВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий