Баҳорнинг ташрифи нафақат табиатга
балки инсон кўнглига ҳам ўзгача таъсир этади. Айниқса, қалбларга эгзулик
уруғини сочадиган Наврўз байрамининг ўрни ўзгача. Байрам баҳонасида болалик
хотира дафтаримни хаёлан варақладим.
... Зомин томонларда баҳорнинг
ташрифи тез кўзга ташланади. Қир-адирларда, далаларда бойчечак, чучмомо,
қоқигуллар очилиши, майсаларнинг ям-яшил бўлиб сабза уриши, ўрик дарахтларнинг
қийғос гуллаши, қушларнинг чуғур-чуғури дилларда ажиб ҳисларни уйғотади.
Бир гал Наврўз байрамини қаршилаш
учун қишлоққа бобо-бувимларникига
боргандик. Қишлоқда байрамни кутиш гашти бўлакча. 12-15 чоғли неваралар уйқудан
тургунимизча бувим эрта тонгдан уйғониб, бизга байрам дастурхонини ёзиб
қўйганди. Саҳарда соғилган сигир сутини
сепаратга солиб қаймоқ чиқариб, тандирга “буррак” сомисаларни, жиззали
патирларни атайлаб биз учун ёпгандилар. Қаноқ тандир сомисани қаймоққа ботириб қорин
тўқлаганимиздан сўнг бобом ҳаммамизни ёнларига чақириб, байрамлик бердилар.
-
Мактаб
ортидаги катта далада Наврўз сайли бўлаябди, - дедилар бобом. – Бориб томоша
қилинглар, шаҳарникидан бошқача бўлади. Мана бу пулга ширинликлар олиб,
ўйнаб-кулиб келинглар.
Ўшанда сайлга биринчи марта
чиқишим эди. Кенг дала қишлоқ одамлари билан гавжум эди. Бизга ўхшаган ёш
болаларнинг сони ҳам оз эмасди. Қўчқорлар ва хўрозлар жангини телевизорда
кўрганману ҳаётда кўрмагандим. Шу сабабли узоқ кузатдим. Дарвозлар дор устида,
полвонлар бир-биридан оғир тошларни у қўлидан бу қўлига енгилгина отиб ушлаб
оларди. Энг кўп томошабинлар ота-боболаримиздан қолган курашни кўришарди.
Дошқозонда пиширилган сумалаклардан биз ҳам тотиб кўрганимиз. Эсдалик учун
ҳаммамиз йиғилиб бир дона расмга тушгандик. Бобом айтганидек, ўйнаб-кулиб,
толиққанча уйга қайтгандик.
Саксонни қоралаган бувим тимсолида
ўзбек аёлини кўраман. Пазанда, сарамжон-саришта. Келинлари бўлса ҳам келган
меҳмонларга ўз қўллари билан таом таёрлашни хуш кўрадилар. Байрам сайлидан
қайтганимизда бувим ялпиз чучвара, холватар пишириб қўйибдилар.
-
Мазза
қилиб айландиларингми?- бувим қизиқиб сўрайди. – Сайл сизларга ёқдими?
Қорниларинг очиққандир? Тез қўлларингни ювиб, дастурхонга ўтиринглар.
Бувимнинг меҳр билан тайёрлаган
таомлар таъмини йиллар ўтса ҳам унутганим йўқ. Ўша куни кичгина тоғам машинасига
бизни миндириб, гул тергани адирларга олиб кетдилар. Чучмомоларни дасталаб териб,
завқландик. Қайтганимизда қўлимиздаги баҳорий гулларни ким биринчи бувимга
бериш ўйнаб, югургилаб боргандик. Бувим қўлимиздаги гулларни оларкан, кўзларига
суртганча “эсон-омон кўкламга етказгани шукр” дея севингандилар.
Мана, йиллар ўтса ҳам болаликдан қолган завқли онлар хотирадан ўчмади.
Ҳозир бобожоним бу ёруғ оламда йўқ, аммо уларнинг кўрсатган меҳр-муҳаббати
қалбимизда абадиий яшаши шубҳасиз.
Шаҳло АБДУСАИДОВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий